Меню

Қашқадарё

08.06.2021 515

"ЯХШИ АСАР" БИЛАН "ЁМОН АСАР"НИНГ ФАРҚИГА БОРОЛМАЙ ҚОЛДИК

Сараланган сатрлар

"Ўзинг кўрган воқеаларни-ку бир амаллаб (енгил) ёзасан. Аммо кўрмаган воқеаларни кўрган (кўринган) ҳолига келтиргунча ўлиб бўласан", деган эди буюк адибларимиздан бири Шукур Холмирзаев. Шуниси аниқки, бу ижодкор қаламига мансуб қай мавзудаги воқеа бўлсин, худди кўз олдингизда рўй бераётгандай, сиз ҳам шу воқеалар аро юргандай туюлаверади. Бу - ёзувчи учун катта ҳодиса.

 Бугун кўп ёш қаламкашларга, хусусан, журналистлик даъво қилаётганларга етишмаётган жиҳат шу аслида: кўрган нарсасини ҳам кўнгилдагидай тасвирлаб беролмайди, сўзлар шу қадар кўп исроф этиладики, кераклисини ўзингиз ажратиб олмасангиз, муаллифдан айтарли умид йўқ: йўлда кўринган неки, кимки бор, мавзуга алоқадорми, йўқми, бетўхтов сўйлаб, вайсаб кетаверади, уларга қўшилиб муаллифнинг алжирашидан асл воқеа ҳам бир чеккада мунғайиб қолади...

 Зўр ёзишни хоҳлаган ижодкор, у ёзувчи, шоир ёхуд журналист бўладими, Шукур Холмирзаевни ўқиса, кўп нарса ютади, ўрганади, энг муҳими, услубга эга бўлиш ҳаракатини қилади. Бинобарин, қуйида бутун умрини адабиётга, ижодга бағишлаган ёзувчининг ижод ва ҳаёт ҳақидаги айрим мулоҳазаларини ҳукмингизга ҳавола этаяпмизки, улар катта ижодкор асарлари мутолааси сари рағбат бўлишидан умидимиз бор.

 * * *

 Ёзувчи кундалиги математикнинг формулалар дафтарига ўхшайди.

 * * *

 Адабиёт - ҳасратдан бошқа нарса эмас. Фақат ёзувчининг оддий одамдан фарқи - оддий одам ўз дардидан ҳасрат қилса, ёзувчи бировлар дардидан ҳасрат қилади.

 * * *

 Вақти келганда, ижодкорни бир оғиз илиқ сўз билан сийлаб қўйиш ҳам унинг ҳаётини ўзгартириб юбориши мумкин. Бироқ пишмаган мевани уриб туширадиган "мерган"дек мукофотга интилиш, ҳай-ҳай, уят! Тамагирликдан бошқа нарса эмас.

 * * *

 Худбин одамнию худбинликни кечирмаслик керак. Инсон қусурларининг жамиси шунда.

 * * *

 Ижодкорга моддий манфаат бўлмаса бекор. Мен сизга бир мисол айтаман. Бир куни нашриётдан Эркин Маликов телефон қилди. Янги авлод тарбияси учун миллий ўйинлар ҳам катта аҳамиятга эга. Сизнинг бир қатор ҳикояларингизда миллий ўйинларимиз моҳияти очиб берилган. Шуларни жамлаб берсангиз, биз шуни китоб қилиб чиқарамиз, деди. Бу гап менга маъқул бўлди. Мен бир тўплам қилиб, олиб бордим. Эркин қўлёзмамни кўриб чиқиб, машинкалатиб келсангиз, деди. Менда бундай имконият йўқ, агар ўзларингда машинисткалар бўлса, кўчириб беришсин, пулини бераман, дедим. "Хўп" деб қўлёзмамни кўтариб чиқиб кетди-да бироздан сўнг қайтиб келиб, тўққиз минг сўм бўларкан, деди. Энди тўғрисини айтинглар, китоб бўлиб чиқса, қанча гонорар берасизлар, дедим. Шартта калькуляторга солишди-да, саккиз минг сўм берамиз, деди...

 * * *

 Хемингуэйнинг бир гапи бор: яхши одамдан яхши ёзувчи чиқади, дейди у. Демак, ёмон одамдан ҳеч қачон яхши ёзувчи чиқмайди. Шундайки, хаёли бўлинган ёзувчида ижобий қаҳрамон бўлмайди. Ким ўзгани ўзичалик тасаввур этади?! У ўзини, ўзлигини асарида акс эттиради. Ўзи, ўзлиги чатоқ бўлгандан кейин ижобий қаҳрамон қаердан пайдо бўлсин.

 * * *

 ...китоб ўқийдиган кимса - ёшми у, кексами у - қатъи назар, КИТОБ билан юзма-юз қолади. Ундаги - асардаги қаҳрамонлар билан ЎЗИЧА гаплашади. Орага биров тушмайди! Йўқ-йўқ. Китобхоннинг ўзи... ўзини тарбия қила бошлаганини сезмай ҳам қолади.

 * * *

 ...телевизорда - хато қилмасам, - Алишер деган укамиз "АДАБИЁТ" мавзуида давра суҳбати ўтказди. Ҳим, ўртада яна икки йигит: бири - шартли равишда қораловчи, бири - оқловчи. Уларнинг ортида - йигит-қизлар...

 Ўшанда пачоққина, сурроқ кулимсираб турган бир йигитча бошловчининг саволига жавобан - тахминан шундай деди: "Адабиёт менга керак эмас. Менинг мақсадим бор, компьютерни ўрганаман. Шу мақсадимга мос келадиган илмий қўлланмаларни ўқийман. Мақсадимга, албатта, етаман!"

 Мен ўшанда ўзимча шивирладим:

 - Мақсадингга етарсан-у, аттанг, барибир одам бўлолмас экансан-да, нодон. -Кейин жаҳлим чиқа бошлади. - Унинг ишшайиб туришини қара. Худди бир нарсани қойил қилиб қўйгандай... Оббо, қаердан чиқди ўзи бунақа гаплар-а: "Ҳар кимнинг ўз ФИКРИ бўлиши керак!" Ҳа-ҳа-ҳа, фикри бўлиши керак!

 Лекин оламда шундай ҳақиқатлар борки, жумладан, Яхшилигу Ёмонлик, Нодонлигу Жоҳиллик, Раҳм-шафқату буларнинг акси... Бу тамойилларга нисбатан ҳар хил эма-ас, БИР хил фикр, бир хил кўзқараш бўлиши керак-ку! Акс ҳолда...

 ...урғочиси ғажиётган сўнгакни тишлаб тортиб олган йиртқич сиртлондан нима фарқимиз қолади?

 Ҳа, бунақа - нигилист йигитчалар ўз МАҚСАДларига етиш йўлида сўнгакдан каттароқ ўлжаларниям ўмариб кетишлари мумкин... Раҳмдиллик? Нега   раҳмдил бўлишлари керак? "Мақсад" йўлида олға босаётган шоввознинг бировга меҳр-шафқат кўрсатиб ўтиришга вақти йўқ, ахир!

  * * *

Энди бозор иқтисоди шароитида ҳар хил қораламаларнинг китоб ҳолида чиқиб кетаётганига келсак, бундай муаллифларга эргашаётган айрим ёзувчиларни ҳам ана ўша "ҳаваскорлар" сафига қўшмоқ керак. Чунки уларнинг адабий савияси ҳам, ном чиқаришга ишқибозлик даражалари ҳам бир хил.

 Шу тобда раҳматли Асқад Мухторнинг бир мулоқотда айтган гаплари ёдимга тушиб кетди: айтмасам бўлмас..."Асқад ака, - деб сўраганман мен, - нимага бу одам чол-мўйсафид бўла туриб, бунчалар нодон-а?" Асқад ака жавоб берганлар: "Чунки, Шукуржон, улар ёшликларидаям нодон эдилар. Демак, нодон ёшлардан доно қариялар пайдо бўлмас экан". Зўр гап-а?

 * * *

 Остап Бендер ролини кинода ўйнаган машҳур актёр, ҳозирда режиссёр (исми нимайди? Руревми, Гуревми - шу-да!) телевизорда мухбирга интервью берар экан, "Нима учун бемаза саҳна асарлариям кўпайиб кетди?" деган саволга анча ўйланиб қолиб, афтидан не-не андишалар билан шундай жавоб берган эди: "Бизда цензура йўқотилди. Бу, бу - жуда яхши иш бўлди. Аммо лекин бадиий асарни ўқиб чиқиб, мулоҳаза билдирадиган, керак бўлса - уни таҳлил қиладиган, керак бўлмаса - қайтариб юборадиган зукко муҳаррирлар ҳам ғойиб бўлишди. Ёзганингни чиқаравер - қўлингдан келса, демократия замони бу!" дейилди, демак. Ана шунинг учун "Яхши асар" билан "Ёмон асар"нинг фарқига боролмай қолдик. Бу соҳада "замона - зўр графаманники ё пулдорники бўлиб кетди".

 * * *

 Бир куни Антон Павлович шогирди Бунин билан Қора денгиз соҳилида сайр қилиб юриб, иттифоқо тўхтаб қолишади. Толстой... Лев Толстой сув ёқасидаги бир қояда қоядек бўлиб ўтирганмиш. Оппоқ соқоли елпиниб, елкаларига учармиш. Чехов ўзига хос назокат ва дўхтирларга хос хотиржамлик билан дебди: "Иван, Толстой қариди. Яқинда ўлади. Биласанми, унинг ўлими мени унчалик ҳаяжонга солмайди. Бошқа нарса ҳаяжонга солади: адабиётимизда қаланғи-қасанғи ёзувчи, хом-хатала асарлар бодраб кетади. Диднинг бузилиши бошланади. Демак, одамга зиён етади... Толстойнинг авторитети адабиётимизни ана ўша лойқа оқимлар  босқинидан асраб турибди ҳозир…"

 * * *

 ...бир фақир оилани кўз олдингизга келтиринг. Уйига меҳмон келди. Уй хўжасию бекаси нима қилади? Шошиб, ҳаяжонга тушиб, дастурхон тузаш тараддудини бошлайди. Уйида бир кафт уни йўғу, қўшнидан бир жуфт бўлса-да зоғора нон олиб чиқиб, дастурхонга қўяди. Агар бир ёвғон пиёва пишираётган бўлса, ўлганнинг кунидан қозонга ярим чойдиш обжуш қуйиб юборади. Ва меҳмон беражак одатдаги саволларга: "Яхши, жуда яхши…" деб жавоб беради. Ўзининг камбағаллигини билдирмайди, аниқроғи, йўқсиллигини яширади... "Вой, бу қандай оила бўлди?" деб ҳайрон қоласан киши. Нима, бир замонлар бу оила - бағоят бой, дастурхони ашир-нашир эдию, энди фақирликка тушиб қолибди ҳамки, отсиз чавандоздек эгардан тушмас эканми? Бу ерда уят ҳисси ҳам бор: илло, камбағаллигини... уят қилиб кетмасликларини истайди. Во, ажаб!

 Яна шундай меҳмондўстлик ҳам бор: меҳмоннинг келиши маълум бўлса, бир ҳафта бурун ҳозирлик кўра бошланади: қарз-ҳавола қилиб, барча ноз-неъматлар муҳайё қилинади. Келган тансиқ меҳмон бу хонадонга... қойил қолиб кетиши мумкин (айниқса, у хорижлик бўлса). Мезбонлар хурсанд бўлиб, уларни кузатиб қолишади. Кейин, кейин эса, ойлаб қарз-ҳавола тўланади. Ўша кезлар хонадонда қозон ҳам қайнамайди: қозон сувга ташлаб қўйилади.

 Вей, нега бундай қилар экан-а?

 * * *

 Бир улуғ (масалан) одамнинг фавқулодда (масалан) қазосидан ҳайратга тушамиз. Аммо дўппини олиб қўйиб: "Не бўлиб шундай ўлим топди?" деб ўйлай бошласак ва ошиқмасдан унинг ҳаёт йўлига назар ташласак, шундай "нуқта"ларни кўрамизки, ўшаларга назаран шу одам айни шундай ўлиши лозим эканига ақлимиз етади.

 * * *

 Қўлингдаги асарни қиёмига етказ. "Яхши асарим олдинда" дейвериб умринг ҳалигидай асарлар ёзиш билан ўтганини билмай қолишинг мумкин.

 НАСРИДДИН тайёрлади.

 

 

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!