Меню

Қашқадарё

18.09.2020 298

ВИСОЛ АВЖИ БИЙИК, ЭЙ КЎНГУЛ ҚУШИ СЕН ПАСТ...

Сараланган сатрлар

"Олти ёшидаёқ ўзи ёзган асарларни ижро этиб, концертлар бериб, инсониятни ҳайратга солган Амадей Моцарт ҳақида кўплаб асарлар ёзилган. Шопен, Бетховен ва Европанинг бошқа номдор композиторларининг ҳаёти олам аҳлига ипидан игнасигача маълум. Уларнинг ижоди, ҳар бир босган қадами, умрининг ҳар дақиқаси тўғрисида юзлаб китоблар бор, улуғвор ҳайкаллар ўрнатилган. Кинофильмлар яратилган... Шуларни ўйлаб нидо қиламан: эҳ, бечора Абдураҳмонбек! Қани сенинг ҳайкалинг? Нафақат китоб, балки кичик бир ҳикоя ҳам ёзилмаган сен тўғрингда, ваҳоланки инсон тафаккурининг дурдонаси бўлган Шашмақом сен яратган куйлар билан янада сарафроз бўлди..."

Ушбу парча таниқли ёзувчи Неъмат Арслон қаламига мансуб "Савти Сарвиноз" асаридан олинган.

Чиндан ҳам, XIX асрда Шаҳрисабзда яшаб фаолият олиб борган, "Шашмақом" таркибидан ўрин олган Бузрук мақомининг наср бўлимига кирувчи Савти Сарвиноз шўъбаси асосида яратилган "Абдураҳмонбеги" ашулалар туркуми муаллифи Абдураҳмонбек ҳақида ниҳоятда кам маълумот сақланиб қолган. Ўзбекистон миллий энциклопедиясида ҳам ярим қаричгина ахборотга дуч келасиз. Ваҳоланки сарахбор, соқийнома, уфор усуллари билан ижро этиладиган мақомлар айнан шу санъаткор номи билан боғлиқ. Ҳожи Абдулазиз Расулов, Юнус Ражабий "Абдураҳмонбеги" йўлларини мукаммал ўзлаштириб, мазкур услуб йўналишида куйлар яратишган.

Хабарингиз бор, 2018 йил биринчи марта Шаҳрисабзда Халқаро мақом фестивали тантанали равишда ўтказилди. Кўҳна Кеш заминида дунёнинг турли тарафларидан асл санъат ишқибозлари жам бўлишди.

Анжуман арафасида эса мақом санъати тарихига оид биринчи роман ҳам дунё юзини кўрди. Бу - юқорида келтирганимиз, шаҳрисабзлик ижодкор Неъмат Арслоннинг "Савти Сарвиноз" асари эди.

Китобга сўзбоши ёзган Ўзбекистон халқ артисти Муножот Йўлчиева "Романни қизиқиш билан ўқиб чиқдим. Унда Шаҳрисабз беклигининг нуфузли шахсларидан бири мумтоз бастакор Абдураҳмонбекнинг (ХIX аср) ҳаёт йўли ва санъатимиз ривожига қўшган муносиб ҳиссаси бадиий, тарихий ва публицистик-мушоҳадавий талқин қилиб берилган", дея фикр билдиради.

Дарҳақиқат, адиб ўз романини полифоник асосга қурган. Муаллифнинг мусиқага оид шахсий қарашлари публицистикага тортса, Абдураҳмонбек ижоди ва фаолиятига оид қисмлар бадиий кўринишда гўзал тарзда ифода этилган. Боя шаҳрисабзлик бастакор ҳақида маълумот жуда кам демадикми, ана шу бўшлиқни тўлдириш мақсадида ёзувчи ўз хаёлоти маҳсули бўлган "Ал-жабарут" номли китобни келтиради. Ундаги гоҳ фалсафий, гоҳ афсонавий воқеалар ўқувчи қизиқишини оширади.

Роман муаллифини биласиз - Неъмат Арслон 1941 йил туғилган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси. "Аёл сувратига чизгилар", "Олдинда яна бир тун бор", "Бигиз", "Қизил шиша синиқлари", "Маҳбуснинг иккинчи ҳаёти", "Адам водийси", "Мавҳумот" каби ҳикоялар, қисса ва романлардан иборат китоблари нашр этилган.

Ўйлаймизки, "Савти Сарвиноз" асари ҳам ўзига хос услуби билан сизни бефарқ қолдирмайди.

* * *

Агар қалбим тошга айланиб қолмасин десанг, "Бухоро ироғи"ни тингла!

* * *

 Ойлаб ва йиллаб ўз юртидан узоқларда яшаш қисмати тақдирига битилган айрим тижорат аҳли ўзлари билан бирга битта-иккита муғанний ва ҳофизни ҳам олиб юриши, юртини ва ёру биродарларини соғинганда, ўз юртининг куй-қўшиқларини тинглаб юрак чигилини ёзиши шаҳрисабзликларга азалдан аён. Фараҳбахш оқшомлар Эрон ё ҳинд, ё афғон мусиқаси ҳам қадимий Кобанинг доирасимон ҳовлисида ҳозир бўлганларни мафтун этганлиги тўғрисида кўплаб ҳикоятлар бор.

* * *

Куй дастлаб тасаввурда пайдо бўлади.

* * *

Фақат мумтоз қўшиқларимизни куйлаётгандагина биз бир-биримизни тушунамиз ва бир-биримизга бутун вужудимиз билан талпинамиз.

* * *

Гоҳида ажабтовур ҳолатни бошдан кечираман. "Бухоро ироғи"ни тинглаётганимда ёлғиз қолишни, кўзларимдан оқаётган ёшларни биров кўрмаслигини қанчалик истамай, кимдир ёнимда туриб: "Висол авжи бийик, эй кўнгул қуши сен паст" дея босиқ ва салобатли овоз билан менинг вужудимни қамраб олган оҳангларга жўр бўлаётганини аниқ эшитаман ва ёнимда ҳамфикру ҳамдард инсон борлигидан ва бу ҳамдард бошқа биров эмас, Абдураҳмонбекнинг ўзи эканлигидан тўлқинланиб кетаман.

* * *

"Бухоро ироғи"ни тинглайтуриб, унинг таъсир доирасидан чиқиб кетиш ва "Бузрук" мақоми йўналишига ўтиб, бутунлай бошқа оҳанглар тизимини, яъни улуғвор "Савти Сарвиноз" шўъбасини яратиш оғирлик қилмадими унга? "Савти Сарвиноз" тузилиши жиҳатидан энг мураккаб шўъба бўлса-да, оҳангларга бой, ажойиб ашула йўлидир, деб баҳо беради шу соҳанинг мутахассислари.

* * *

Рўё аслида бор нарса, мия қаватларида, бош миянинг шудгорланган кенг даладек қатламларида кезиб юради у. Уни руҳ моддаси дейиш мумкин. Рўёнинг ҳосил бўлиши инсон турмуш тарзига туташ ва у кўплаб кўзга кўринмас ришталар билан сизнинг машғулотингиз, руҳий ҳолатингиз, кайфиятингиз, дилингизда ҳосил бўлаётган турли ҳайқириқлар билан боғлиқ. Ҳайқириқлар эса ҳайратнинг ҳосиласи.

* * *

 Сирасини айтганда, қадимий қўлёзмалар бамисоли тилсим. Бахтингиз кулиб, ҳали ҳеч кимга маълум бўлмаган ва тадқиқотчиларнинг назари тушмаган тилсим калитини топа олсангиз, бор дунёни унутасиз, шу пайтгача инсоният билмаган ва тасаввур ҳам қилмаган янги бир олам яшириниб ётган бўлса-чи қўлингиздаги чарм муқова ичида!

* * *

Энг соҳир куйларни неча асрлар давомида дарахт билан ҳамкорликда яратди инсон. Яхлит олиб қараганда "Шашмақом"дек бетакрор мўъжизанинг юзага келишида дарахтларнинг ҳам ҳиссаси бор десам сира ажабланманг. Страдиварининг скрипкаларидан таралган садолар таъсирида ёғочнинг, яъниким дарахтнинг қалбини англади дунё. Унинг кейинги авлодларга қолдирган скрипкалари (улар 13 дона эди) олтиндан, кумушдан ёки чумчуқнинг кўзидек келадиган донаси пода-пода ҳўкизлар галасига тенг бўлган бриллиантдан эмас, балки оддий ёғочдан ясалган эди.

* * *

Мусиқадан бошқа ҳеч бир восита йўқки, инсон ўз    дардлари ва изтиробларини бутун борлиққа етказса. Фақат "Тановор"гина бунга қодир. Оркестрнинг қудратли садоси табиат кучлари ва аёл қалби, унинг ноласи билан омихта ҳолатда руҳингизни ғалаёнга солади. "Тановор"нинг ўзи эса қайта ишланмаган ҳолатда бутунлай ўзга олам. Ақл ҳам, қалам ҳам ожиз унинг таърифига.

* * *

...дилингизда бирор куйни, тўғрироғи, энг севган куйингизни хиргойи қила туриб дарахтларга қарасангиз, жуда қизиқ ҳолатни кашф этасиз. Муштараклик! Инсон қалби билан дарахт ўртасидаги ҳамдардлик. Шохлар, новдалар ва япроқлар ўша сиз куйлаётган мусиқага монанд тебранади. Ҳатто қилт этган шабада йўқ паллада ҳам инсон бу муштаракликни илғаши мумкин.

* * *

Аёл зотини нега бундоқ қилиб яратди экан? Кўз    олдингизда бир лаҳза намоён бўлиши билан бир дунё муаммони, минглаб нукталарни ҳавола этишга улгуради.

* * *

Бедил фалсафасини тушуниш, ҳамма шодликлар асосида ғам ётишини англаш... Буни ҳатто бизнинг айрим домлаларимиз ҳам юзакигина талқин қилиш билан чекланадилар. Ҳаётнинг тубида ғам ётмайдими? Инсон туғилиши билан босган ҳар қадами, ҳаётнинг ҳар лаҳзаси ўлим томон олиб бормайдими? Шундай экан, Бедил айтганидек, бу шодликларнинг ҳаммаси ғамдан яралмай нимадан яралсин!

* * *

Ҳайрат - болаликнинг доимий ҳамроҳи. Ёши улғайган сари кўп нарсаларга қодир бу туйғудан узоқлаша боради инсон. Аммо баъзи кишилар ҳатто кексайганда ҳам ҳаётда рўй берадиган воқеаларга бефарқ қарамайдилар.

* * *

Инсон ишқи билан анжир гули ўртасида муштараклик бор. Муҳаббат инсон қалбида гуллаб ҳосил берганидек, анжир гули ҳам меванинг оддий пўсти ичида гуллайди, шу ерда чангланади ва тариқ донидан ҳам, седана уруғидан ҳам неча баробар кичик уруғчалар ҳосил қилади ва буларнинг барчаси инсон кўзидан панада рўй беради ва сирлилигача қолади.

* * *

Ҳашаматли саройлар, олтин суви югуртирилган курсилар, зар-зеварга беланган кўрпачалару қалин патли эроний гиламлар унутилади майса устида ётиб осмонга қарашингиз билан.

* * *

Ўз ҳузур-ҳаловатини, ҳарамидаги сон-саноқсиз хотинларини ўйлайдиган, кеча-кундуз маишат ва бузуқчиликдан бош кўтармайдиган ҳукмдорлар учун фақат солиқлар манбаи бўлиб кўринади бечора халқ.

Б.ЎКТАМ тайёрлади.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!