Меню

Қашқадарё

16.03.2021 170

У ШЕЪР ЎҚИРДИ ЯНА ВА ЯНА...

Ёш шоир шеър ўқирди. Шеърлар ҳеч қачон тугамаса дердик. Бошга дўппи кийган навқирон шоирни ҳеч қўйиб юборгимиз келмасди. Қарсаклар, гуллар шоирни кўмиб юборарди. У эса ўқийверарди.

1960-йилларнинг иккинчи ярми, шоир уфқдан кўтарилаётган қуёшдек юксалиб келаётган дамлар... Қарсакларни шоирнинг устози Озод Шарафиддиновнинг "Абдуллажон чарчади, бироз дам олсин" деган овози тўхтатди бир сонияга, шоир яна ўқийверди.

Беш асрким назмий саройни,

Титратади занжирбанд бир шер.

Темур тиғи етмаган жойни,

Қалам билан олди Алишер.

Шунчалик гўзал ёзиш мумкинми?

Шунчалик ҳам чиройли шеърлар бўладими?

Муҳаббат ҳақида шеърлар тўлиб ётибди...

Шоир адабиётга устозлар таъбири билан айтганда, ловуллаб ёниб кириб келди. Дастлабки шеърларининг ўзиёқ унга шон-шуҳрат келтирди.

Шукур Холмирзаев Абдулла Орипов ҳақидаги эссесида ёзишича, адабиётшунос олим Тўхтасин Жалилов ҳаваскор шоирнинг шеърларини ўқиб, "Мен янги шоир кашф қилдим", деб ўша заҳотиёқ "Гулхан" журналининг тайёр сонидаги саҳифалардан бирини олдириб, ёш шоир шеърларини қўйдирган экан.

...Шоир ҳамон шеър ўқирди...

...Дилдаги оҳим менинг биринчи муҳаббатим,

Ёлғиз Оллоҳим менинг биринчи муҳаббатим.

Аслида ҳам севги таънасиз, беғараз, юксак бўлиши керак эмасми? Шоир куйлаётган муҳаббат ана шундай муҳаббатдир.

...Шоир шеър ўқирди.

...Юртим, сени фақат бойликларинг-чун,

Севган фарзанд бўлса кечирма асло...

Чапаклар, талабалар шоирни ўраб олишди. Гуллар қучоққа сиғмай кетди. Шоир яна минбарда...

...Она кетса юлдуз-ку юлдуз,

Қулаб тушса арзийди, осмон...

Бир қиз ҳўнграб йиғлаб юборди. Қарсаклар тиниб, ҳамма жон қулоғи билан тинглаяпти оналар ҳақидаги шеърни, анчагина бошлар эгилиб ҳам кетди:

Сени онам дедим,

Кўзим ўнгида

Мушфиқ у қиёфанг бўлди намоён.

Парча эт қошида бедор бир дийда,

Садоқати чексиз, меҳри бепоён.

...Шоир ҳамон шеър ўқирди, овози хиралашиб қолган бўлса-да, барибир ўқирди, чунки одамлар тўймасди  унинг шеърларига қанча эшитса ҳам. Чунки у шеърларда ҳақиқат ва муҳаббат ловуллаб ёнаётган юракнинг тафти, инсонларга меҳри, она Ватанга садоқати бор эди. Шунинг учун ҳам унга интилишар эди.

...Шоир шеър ўқирди. Оддий, содда бир қиёфада, ҳамон ўқимоқда ва яна ўқийверади. Унинг овози ҳеч қачон тинмайди. Шеърсевар ҳар бир қалбда бу овоз акс-садо бериб, доимо жаранглаб туради.

Шоирни ардоқлаган, севган она халқи, жонажон Ватани бу дилбар шеъриятни, унинг ижодкорини ҳамиша бошда кўтаради. Устози Озод Шарафиддинов айтганидек "Абдулла абадият шоири"дир. Абадиятга дахлдор инсонлар эса ҳамиша барҳаётдир.

Бўстон РАҲМОНОВА,

Ўзбекистон халқ ўқитувчиси

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!