Меню

Қашқадарё

25.05.2021 732

Танқиддан сўнг ҳокимлик расмий каналидаги хабар ва у бўйича жавоб дабдурустдан ғойиб бўлди...

Акс-садо

  Хабарингиз бор, "Qashqadaryo" газетасининг 2021 йил 21 май сонида "Котибга ёлчима(ёт)ган ҳокимлик"сарлавҳали мақола чоп этилган, унда Қарши тумани ҳокимлигининг расмий каналига жойлаштирилган "Энг китобхон мактаб" сарлавҳали кичиккина хабарда келтирилган "буйлаб", "ўзра", "фаҳр", "ифтиҳор", "Хўш келибсиз" каби имло хатолари, "Энг қимматбоҳо совға эса автомабил машинаси", "Дунёнинг ҳеч бир мамлакатида Китобхонга автомашина совға қилиниши..." сингари ғализ жумлалар ҳокимлик учун ярашмаслиги таъкидланган эди.

 Мақола чоп этилган куннинг ўзидаёқ ҳокимлик муносабат билдириб, техник сабаблар билан хато ўтиб кетгани ва у бартараф этилгани ҳақида ёзган, қолаверса, таҳририят номига "ижобий хабарларни ҳам шу тарзда тезкорлик билан ёритиб бориш"ни писанда этганди. Яна бир гап шуки, улар хатони тузатдик, дейишгани билан "фаҳр", "ифтиҳор", "автомабил машинаси" каби сўзлар аввал қандай бўлса, ўшандайлигича қолган, чамаси ҳокимлик ахборот хизмати бу жумла ва сўзларни тўғри ҳисоблаганди...

 Майли, ҳокимлик айтганича бўлса бўлақолсин, қани қандай ижобий янгиликлар юз бераяпти экан, дея каналга кўз югуртира туриб, танқидга сабаб бўлган "Энг китобхон мактаб" сарлавҳали хабар ва унга берилган жавоб негадир ғойиб бўлиб қолганига гувоҳ бўлдим. Эҳтимол хабарлар кўпайиб, биз назардан четда қолдирганмиз. Нима бўлганда ҳам кузатишларимизга кўра Қарши тумани ҳокимлигининг телеграмдаги каналида 18 майдан 22 майгача бўлган оралиқда ҳеч қандай хабар жойланмаган бўлиб чиқаяпти.

 Чамаси ҳокимлик масъуллари эътиборни ортиқча жалб этмасин деб хатолари бисёр хабар ва унга ёзилган жавобдан биратўла қутулишни афзал кўришган чоғи. Аммо ўша хабар у айланган бошқа гуруҳларда сақланиб қолганини назардан қочирмаслик даркор.

 Ҳайтовур бундан буёғи Қарши тумани ҳокимлигидагилар СЎЗга масъулият билан ёндашишларидан умидимиз йўқ эмас...

 УМАР

 

 

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!