Меню

Қашқадарё

11.05.2021 819

ЎТАМАЙЛИДА ҚОВУН ПИШДИ

Ҳеч кимга сир эмас, кейинги йилларда чироқчилик деҳқонлар бозорга эртачи қовун-тарвуз чиқаришнинг ҳадисини олишди. Улар лалми майдонларда қўшимча ерларни ўзлаштириб, суғориш учун артезиан қудуқлардан фойдаланишмоқда. Бунинг натижаси ўлароқ, йўғон чўзилиб, ингичка узиладиган паллада халқимиз дастурхонига сархил полиз маҳсулотлари етиб бораётир.

Бу йил туманда қовун майнинг бошида пишиб етилди. Айни кунда таъми тилёрар ва харидоргир қовунлар Ўтамайли ҳудуди далаларида етиштирилаяпти. Пишиб меъёрига келганлари пешма-пеш истеъмолчиларга етказилмоқда.

- Томорқага эртапишар қовуннинг "Дакара" навини экканмиз, ҳосил бир неча кун аввал тайёр бўлди, - дейди Руфат Бўриев.  - Аввалги каби даромад бу йил ҳам яхши бўлишидан умид қилиб турибмиз.

Деҳқонларнинг айтишича, ҳудудда жорий йилнинг февраль ойидан бошлаб қовун парваришига киришилган. Бунда асосан "Жиян", "Торпедо", "Аэропорт" каби экспорт талабига жавоб берадиган навлар танланган. Аввалига уруғлар махсус идишларга экилиб, иссиқхона шароитида ўстириб олинади. Бўйи меъёрига етган кўчатлар кенг майдонга плёнка остига экиб чиқилади. Кунлар исиши билан палаклар     баравж ривожланиши учун ниҳоллар усти очилади. Бу усулни қўллаш орқали эртачи ҳосил олиш имконияти ошади.

Вилоят божхона бошқармаси масъул ходимлари тумандаги тарвуз-қовун етиштирувчи фермер ва томорқа эгалари билан учрашиб, юртимизда тадбиркорларга яратилган қулайлик ва имкониятлар, қишлоқ хўжалиги ва полиз маҳсулотларини экспортга расмийлаштиришда тизимда яратилган қулайликлар тўғрисида тушунтиришлар бермоқда. Яратилган имкониятлардан ўз вақтида ва самарали фойдаланиш нафақат тадбиркорнинг ўзига фойда, балки давлатимиз иқтисодиётини янада ривожлантириш, экспорт ҳажмини оширишда аҳамиятли.

Н.ХЎЖАЕВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!