Меню

Қашқадарё

02.02.2021 284

ТЎТИДЕК ТАКРОРЛАШ ЭМАС, МАЪНО-МОҲИЯТНИ АНГЛАШ МУҲИМ

Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигига

    Навоийдек "шеърият мулкининг султони" дея таъриф этиладиган даҳолар ҳамма миллатларда ҳам йўқ. Шундай экан, Мир Алишердек аждоди бор ўзбек халқи учун бу энг аввало катта бахт, туганмас фахрдир. Бироқ, тан олишимиз керак, Ҳазрат асарларини жуда кам мутолаа қиламиз. Аксар ҳолларда Навоийнинг мактабда ёд олган рубоий ва ғазалларидан парчаларни тўтидек такрорлаймиз, холос. Ваҳоланки, шоир асарлари маърифат ва маънавият манбаи, уларни ўқиш билан инсон маънан камолотга эришади.

Тўғри, Навоий асарларини ўқиган инсон улар қатига сингган маъно-мазмунни бир мартада тўла тушуниб, ҳазм қилиб кета олмайди. Уларни қайта-қайта мутолаа қилиб, асарлар тубидаги хазинага эга бўлиш мумкин.

Ўрта асрларда ҳам даҳолар китобларини ўқиш кишидан махсус тайёргарликни талаб этган. Бундай асарларни ўқишга ҳамманинг ҳам тиши ўтмаган. Ҳатто Навоийдек илм соҳиби Жомий қошида Фахриддин Ироқийнинг  "Ламаот" асаридан дарс олган. Шогирди ундаги ғояларни теран тушуниши учун устоз китобга махсус шарҳ ёзган. Навоий бу ҳақда шундай дейди: "...Ҳазрати шайх ул-машойих Фахр ул-миллати вад-дин Ироқийнинг "Ламаот"идурким, Ҳазрати Маҳдум (Жомий) ул китобни бу фақир (Навоий)ға сабақ айтурда айтур эрдиларким, "Бу китобни нодон ва беандом таврлиғ (қўпол хулқли) ва ноҳамвор (номувофиқ) равишлиқ элнинг кўпроқ машғуллуқ қилғони хавос аҳлида бадном қилғон эрмишким, баъзи ўқимас эрмишлар. Бу жиҳатдин бу китобнинг хўблиқлари яшурун қолғон эрмиш".

Олим Шаъроний таъбири  билан айтганда, "Умуман олганда, хос тавҳид китобларини ҳамда орифларнинг асарларини ўқиш комил олим ёки ўша қавмларнинг йўлини тутганларгагина ҳалолдир". Навоий эса нақшбандия сулуки аъзоси ҳамда комил инсон сифатида бунга тўла ҳақли эди.

Нажмиддин Комилов "Тасаввуф" китобида баён этганидек: "Энди сўфиёна адабиётнинг мураккаблиги ҳақида гап кетганда, шуни айтиш керакки, шоирлар бунга (диний-сўфиёна ғояларни шеърга солишга) мажбур эдилар. Зеро тасаввуфни шеър билан баён этиш - фалсафани, илоҳшуносликни шеърга солиш демак. Шу боис биз тасаввуфий адабиёт том маънодаги фалсафий адабиёт деймиз. Фаридуддин Аттор, Жалолиддин Румий, Ибнал Арабий, Жомий, Бедил Шарқнинг буюк файласуфлари, лекин уларнинг барча ирфоний асарлари шеър билан ёзилган. Ирфоний асарларни ҳам икки қисмга ажратиш мумкин: бир қисми тасаввуф таълимотини баён этган, сўфиёна истилоҳлар билан фикр юритадиган асарлар. Чунончи, Абулмажид Саноийнинг "Ҳақиқатул ҳақойиқ", Маҳмуд Шабустарийнинг "Гулшани роз", Жомийнинг "Шарҳу рубоиёт", Бедилнинг "Муҳити аъзам",  Сайид Қосимийнинг "Ҳақиқатнома", Сўфи Оллоёрнинг "Саботул ожизин", Бобожон Саноийнинг "Канзул маориф" асарлари бунга мисолдир. Бу асарларни тасаввуф дарсликлари сифатида қабул қилса бўлади. Чунки муаллифлар ушбу таълимотни назм орқали тушунтиришни мақсад қилиб олганлар.

Иккинчи қисм адабиёт тасаввуф ғоялари кечинма ва ҳаяжонлар, тимсол ва тамсиллар орқали тасвирланиб, талқин қилинади. Бу асарларни тасвирий талқин ёки бадиий тафсир (интерпретация) дейиш мумкин. Абулмажид Саноийнинг "Сайрул ибод", Фаридиддин Атторнинг "Илоҳийнома", "Булбулнома", "Уштурнома", Жалолиддин Румийнинг "Маснавий маънавий",  Хусрав Деҳлавийнинг "Матлаъ ул-анвор", Навоийнинг "Ҳайрат-ул-аброр" ва "Лисон ут-тайр" асарлари шу хилдаги асарлардир. Бу асарларда сўфиёна-фалсафий маънолар шеърий сатрлар, бадиий-ифодали тил билан талқин этилишдан ташқари, яна жуда кўп масал ва ҳикоятлар, рамзий ташбеҳлар келтирилиб, китобхонга шарҳлаб берилган".

Албатта, Навоий ва унинг салаф (устоз)лари асарларини тушуниш учун ўша даврни ҳис қилиш керак. У замонда бошқа илмлар қатори, тасаввуф илми ҳам ривожланган эди. Алишер Навоий ҳам нақшбандия тариқати соликларидан бўлган. Бинобарин, Навоийни (Навоий ўқиган китобларни ҳам) тушуниш учун исломий илмларни, жумладан, тасаввуф илмини ҳам билиш лозим. Барча илмлар қатори, тасаввуфнинг ҳам ўзига хос атамалари бўлиши табиий. Имом Бухорийнинг гапларини англаш учун ҳадис илми истилоҳларини, Ибн Синонинг сўзларини тушуниш учун табобат атамаларини, Форобийнинг фикрларини илғаш учун фалсафий ибораларни билиш лозим бўлганидек, Навоий қўллаган сўзларни тўғри англаш учун тасаввуф аҳли атамаларидан хабардорлик зарур.

Тасаввуф аҳли намояндаларидан бўлган Алишер Навоийнинг асарлари ҳам, табиийки, ўша истилоҳий маънолар асосида талқин қилиниши шарт. Акс ҳолда шундай улуғ шахсиятга тил теккизган, унинг омонатига ҳам, тарихга ҳам, илмга ҳам хиёнат қилган бўламиз.

Навоий қуйидаги таржиъбандда қўлида "синган сопол жом" билан "харобот"га "май ичиш" учун киргани, қачон, қаерда ва нима мақсадда бўлганини баён қилади ва ўз сўзларининг ҳақиқатан ҳам (юқорида таъкидлаганимиздек) тасаввуф истилоҳлари эканини жуда аниқ очиб беради:

      Тариқат сулукин касб этгали,

      Ҳамул кунки, бўлди ҳавое манга.

      Бурун зуҳди тақвони айлаб шиор,

      Дедимким, етишгай сафое манга.

      Бориб хонақаҳ ичра қилдим мақом,

      Бу маъни худ ўлди балое манга.

      Боқиб хилвату зикру сажжодани,

      Зуҳур этти ҳар дам риёе манга.

      Булардан ўзимни халос айладим,

      Ки то ҳосил ўлғай фаное манга.

      Харобот аро кирдим ошуфтаҳол,

      Май истарга илгимда синғон сафол.

Яъни, ўша куни мен тариқат сулуки, аниқроғи тасаввуф йўналишини ҳаётимга татбиқ қилишни истаган эдим. Авваллари қалб мусаффолигига етишай деб, зуҳди тақвога қаттиқ берилдим. Аммо иш мен ўйлагандек эмас экан: ихлоссиз, муҳаббатсиз ибодат наф бермас экан. Кейин тасаввуф пири (Абдураҳмон Жомий ҳам бўлиши мумкин) ҳузурига бориб, унинг таълимини олишга киришган эдим, билдимки, менинг қуруқ зоҳирий ибодатлар билан юксакликка эришиш ҳақидаги хаёлим бир бало экан. Ўзимни хилватга олиб, зикру намоз билан машғул бўлганимда ҳам менда риё иллати зоҳир бўлар эди. Энди мен бундай ибодатлардан, яъни одамлар кўзига ибодат кўринса-да, аслида шахсий манфаатларга қаратилган, ихлоси етарли бўлмаган зоҳирий ибодат қилишдан кечдим. Мақсадим - фано мақомини ҳосил қилиш: қалбда Аллоҳдан ўзгага жой қолмасин, Унга қиладиган ибодатларим, тақволаримда ҳам Аллоҳдан ўзганинг мулоҳазаси бўлмасин, Уни кўриб тургандек ибодат қилай, чин ихлос билан тоатда бўлишга эришай. Мана шу мақсадда муршид (Жомий) даргоҳига ошуфтаҳол кириб бордим. Қалбим ниҳоятда синиқ, шикаста, айни вақтда турли иллатлардан қутула олмай ҳалак эди. Истагим - Аллоҳнинг севгиси, илоҳий ишқ нашъу намоси эди.

Ҳа, Навоий демоқдаларки, "харобот" - муршиднинг даргоҳи, "синиқ сафол" - шикаста қалб, "май" - Аллоҳга чин муҳаббат ва бандаликдир...

Ҳазратнинг "Навоийдан чу топқайлар навое" китобида ёзилишича, Навоийни тушуниш учун Навоий билган ва фойдаланган билимларни, яъни Қуръон, суннат, шариат, тасаввуф ва бошқа илмларни ўрганиш керак бўлади. Ўрганганда ҳам асл манбалардан ўрганиш даркор. Бунинг учун, албатта, ўша давр ислом оламида илмий муомалада бўлган тилларни яхши ўзлаштириб, манбаларни бегоналарнинг таржима ёки тавсифлари асосида эмас, асл ҳолатида ўрганиш талаб қилинади. Бинобарин, навоийшунос бўлишни истаган киши аввало ислом олими, тасаввуф билимдони бўлиши, бу илмларни билибгина қолмай, уларни ўз ҳаётига татбиқ этиб, зикр қилинган даражаларни шахсан ўзи босиб ўтишга интилиши лозим. Шундагина у Навоийни тўла  тушуна олади, у кишининг шахсиятини тўғри англаб, сўзларини теран ҳис қила билади. Очиғини айтганда, бугунги навоийшуносликнинг олдида турган энг катта муаммолардан бири ҳам шу бўлса, ажаб эмас.

Албатта, бунинг учун Навоий ўқиган тасаввуф илмига оид китобларни ўқиш фойдадан холи бўлмайди. "Тасаввуфга оид назарий китоб ва қўлланмалардан Абунаср Саррож (вафоти 988 йил)нинг "Китобал лумаъ", Ал Калабозий (вафоти 990 йил)нинг "Китобат таъарруф", Абу Толиб Маккий (вафоти 998 йил)нинг "Қутал қулуб", Суламий (вафоти 1021 йил)нинг "Рисолатал маломатия", Қушайрий (вафоти 1072 йил)нинг "Рисола фит тасаввуф", Ал Ҳужвирий (вафоти 1076 йил)нинг "Кашфал маҳжуб", Абдуллоҳ Ансорийнинг "Манозил ас-соирин", Фаридуддин Аттор (1119-1222)нинг "Тазкират ул-авлиё" номли асарларини кўрсатиш мумкин. Булардан ташқари, Румий, Ҳофиз Шерозий, Шабустарий асарларига ёзилган шарҳлар ҳам сўфиёна ишора ва тамсилларни англашда муҳим роль ўйнаган", деб ёзганди Нажмиддин Комилов ўзининг "Тасаввуф" номли китобида.  Зеро, санаб ўтилган бундай ноёб асарлар шахс камолотига хизмат қилган.

Фикримизни адабиётшунос Иброҳим Ҳаққулнинг қуйидаги мулоҳазалари ҳам тасдиқлайди: "Имом Раббоний тасаввуфга доир китобларни ўқиш ҳеч вақт ҳеч кимга зиён етказмаслигини махсус таъкидлаган. Албатта, тариқат, маърифат, ҳақиқат ёки ишқ ва комиллик сирлари ёритилган китоблардан одамлар фойда кўрса кўрадики, зарар кўрмайди. Аммо ўша китоблар ғирт авом, жоҳил ва нодон ёки фикр-қарашлари тор, қайсар олимларнинг қўлига тушса-чи? Бу жуда ёмон, албатта. Чунки, уларда ифодаланган маъно ва ҳақиқатлар, биринчидан, жўн ва нотўғри тушунилади, иккинчидан, тасаввур этиб бўлмас даражада хато ҳукмлар чиқарилади, хилма-хил ёлғонлар тўқилади. Шунинг учун ўтмишда сайру сулук ҳолларини ўтай билган ёки тасаввуфнинг бош талабларига баҳоли қудрат амал қила олган (тасаввуф илми билимдони бўлмиш) кишиларгагина тасаввуф ҳақида сўзлаш ҳуқуқи берилган".

Хулоса қилиб айтганда, Навоийни тушуниш, асарларида талқин қилинган ғояларни муфассал англаш учун луғат билан ишлаш кифоя қилмайди. Луғат билан ишлаш орқали асарларнинг зоҳирий маъносини чақиш мумкин, холос. Алишер Навоий лирик меросида яширинган ботиний мазмунни тушуниш учун эса тасаввуф таълимотини билиш ҳамда буюк мутафаккир мутолаа қилган асарларни ҳам ўқиш лозим бўлади.

Шерхон ҚОРАЕВ,

тадқиқотчи

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!