Меню

Қашқадарё

22.09.2020 292

САФАР ОЙИДА ТЎЙ ҚИЛИБ БЎЛМАЙДИМИ?

Дин ва давр

Ҳижрий-қамарий 1442 йилнинг муҳаррам (ашур) ойи тугаб, янги ойнинг биринчи ҳафтаси, яъни сафар ойи бошланди. Сафар ойи ҳижрий-қамарий йил ҳисобида 29 кундан иборат бўлиб, у  2020 йилнинг 19 сентябридан бошланади ва 17 октябргача давом этади. 

Баъзида сафар ойи ҳақида одамлар орасида турли хил фикрларни эшитиб қоламиз. Сафарга чиқмаслик, тўй қилмаслик, яна шу каби каттароқ бирор ишни режалаштириш бехосият бўлади, дейилади. Хўш, шулар ростми?

Бундай ҳолатларга "шумланиш" дея изоҳ берилади.   "Шумланиш" араб тилида "тияра", "татойюр" ёки "ташааум" дейилади. Бу ҳар бир нарсага ёмон кўз билан қараш, ҳадиксираш, ёмонлик кутиш маъноларини билдиради. Шумланувчи одам, дунё ёвузликка тўла, ҳар қадамда бир бало ва мусибат бор, деб ўйлайди. Аслида ислом дини бизни бундай нотўғри эътиқоддан қайтарган.

Аслида маълум бир ойни фазилатли ё хосиятсиз, дейиш учун динимизнинг мўътабар саналган манбаларидан далил керак бўлади. Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда сафар ойининг хосиятсиз экани тўғрисида маълумот учрамайди. Демак, ҳеч бир далилсиз шумланиш жоиз эмас. Ҳар бир кун Аллоҳ таолонинг кунидир. Унда яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам тақдир қилинган бўлиши мумкин. Банда ибодат, савоб ишлар билан банд бўлган кун ва ойлар фазилатли, гуноҳ ва разил ишлар билан шуғулланган кунлар унинг учун хосиятсиз вақтлардир.

Сафар ойининг хусусияти йилнинг бошқа ойлари билан бир хилдир. Бу паллада ҳам бошқа ойлардаги каби сафар қилиш, турли маросимларни ўтказиш мумкин. Агар "сафар қилинмайди" дейишга ой номининг маъноси асос қилиниши сабаб бўлса, бу ном сафар қилиш маъносини англатмайди. Чунки, сафар қилишни англатувчи сўз  "син" ҳарфи билан бошланади.

Ўзбек тилининг изоҳли луғати (Тошкент. 2007 й.) китобининг 461-бетида:  - "сафар - саёҳат, сайр; бирор жойга бориш" дейилиши далил келтирилган бўлса, йил ойининг номи бўлган сафар атамаси "сод" ҳарфи билан бошланади. Ва бу ўринда ойнинг сафар деб аталиши  "сариқ" ранг маъносида келади. Куз  фасли, ҳаммаёқ сап-сариқ бўлган пайтга тўғри келгани боис, "сариқ", яъни "сафар" деган ном берилади. Шу сабабли сафар ойида сафар қилинмайди, дейишлик нотўғри ва у  шумланишликдир. 

Пайғамбар (с.а.в.): "Касаллик юқиши йўқ, бойқуш йўқ, навъ йўқ ва сафар йўқ" дедилар" (Имом Муслим ва Абу Довуд ривояти).   Уламоларнинг фикрича, ҳадисдаги "сафар йўқ" дейилиши билан, жоҳилият давридаги сафар ойидан шумланишликлар рад этилади.    

Хулоса шуки, аслида, ой ҳам, кун ҳам ҳаммаси бир хил кун ва ойлардир. Уларда турли фазилатлар бор, аммо уларнинг ҳеч бирида ёмонлик йўқдир. Қизнинг бўйи етганида ёки йигит никоҳга қодир бўлганда бу ойда уларни унаштириш ёки тўйларини қилиш мумкин. Бу ойда бошқа хайрли ишларни бошлашдан қўрқмаслик керак, чунки муҳим ишларни эртага қолдириш жуда катта хатодир. Айниқса, тезкор замонда ҳар бир кун, соат, ҳатто дақиқа ва сония ҳам қадрли бўлиб бормоқда. Унутмайликки, чин мўмин банда шариатда қайтарилган ишлардангина тийилиши, рухсат берилган ишларни амалга ошириши лозим. Бу унинг дунёда ҳам, охиратда ҳам бахтли ҳаёт кечириши учун замин ҳозирлайди.

Руҳиддин АКБАРОВ,

Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг вилоятдаги вакиллиги ходими

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!