Меню

Қашқадарё

16.03.2021 195

СЎЗГА БЎЛГАН МЕҲР ТАФТИ

Қарши шаҳридаги Абдулла Орипов номидаги ихтисослаштирилган мактаб-интернатдаги музейни томоша қилган киши, қаҳрамон шоирнинг умр йўллари ҳақида кенг маълумотга эга бўлади. Анжомлар, осори атиқалар. Болаликка етакловчи хотиралар. Шоирни улғайтирган бешик ҳам бор. Китоблар, суратлар, шоир нафаси келиб турган овозли ёзувлар, мана... шоирнинг қўлёзмалари, унинг дастхати билан қораланган сон-саноқсиз саҳифалар... Шеърнинг туғилишига гувоҳ бўласиз. Биргина сўз ёки ҳарфни ўз ўрнида қўллаш учун амалга оширилган курашувчанлик, ўзни қийнашнинг ҳосиласи намоён бўлади. То пишиб, маромига етгунига қадар ақлу шуурни чархлаб, амалга оширилган меҳнат - СЎЗга бўлган ардоқни ифода этувчи далиллар. Сўзга бўлган қадр, уни авайлаш ишқи...

- Давлатимиз мадҳияси яратилишига шоҳид бўлганман, - деганди шоирнинг рафиқаси Ҳанифа ая ўшанда, - Бастакор Мутал Бурҳонов иккалалари туни билан ижод қилишди. Тонг саҳар тайёр бўлди, деб мени чақиришди. Эшитгин, деб ўқиб бердилар. "Оламни ўзига қаратган диёр" мисраси "Оламни маҳлиё айлаган диёр" бўлиши учун яна соатлар меҳнат қилинди. Абдулла ака шундай: жуда сўзга инжиқ эдилар ва юракка етиб бориши, маромига етиб қўлланиши учун ҳамиша изланарди. Қаерда бўлмасин, шу беоромлик у кишига ҳамроҳ бўлган ва ҳаммага манзур бўладиган шеърият учун хизмат қилган.

Абдулла Орипов шеърияти - унда сўздан яратилган ҳикмат мужассам. Оташ қалбнинг ҳарорати бор. Юрт, ватан ҳақида баралла куйлашнинг хосияти ўқувчига ҳам юқади. Юрак покланади, дил уйғонади. Ишонч кўприклари қурилади, қурилаверади... Ахир шоирнинг бахти ҳам шунда эмасми? Ўзи сезмай инсон қалбини маҳв этиш, унга ён- атрофда бўлаётган янгиланишлар, ўзгаришлар ҳақида дарак бериш ва шу орқали жамият ривожига ҳисса қўшиш...

Замондош адиблардан бири: "Унинг шеъриятида Ойбекка хос нозик поэтик ташбеҳ, Чўлпонга хос ҳиссиёт, Ҳамид Олимжонга хос жўшқинлик, Ғафур Ғуломга хос донишмандлик уйғунлашиб, ўзбек шеъриятини одам қалби билан баробарлашган поғонага кўтариб қўйди" деб ёзганида, албатта ҳақ эди.

Бу чапанилик, бу ҳақгўйликни У киши сўзга бўлган меҳр билан қориштириб, ўқувчига тортиқ этади ва миллат юкини енгил қилмоққа интилади. Уддасидан чиқади ҳам, сўзга бўлган меҳр тафтидан...

Зиёда АМИНОВА,

журналист

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!