Меню

Қашқадарё

26.01.2021 388

ОРЗУИМИЗ - БИЗ ҲАМ КИТОБ МУТОЛААСИДА УЛАРГА ИЗДОШЛИК ҚИЛСАК

Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигига

Жомий мажлислари, суҳбатлари ҳамда китобхонлик кечалари Алишер Навоий дунёқараши ва тафаккур олами шаклланишига ҳамда ижодий камолотига кучли таъсир қилган.

Султон Ҳусайн Бойқаро (1438-1506) даврида буюк мутафаккир Абдураҳмон Жомий (1414-1492) хонадонида ҳам тез-тез мушоиралар, суҳбатлар, китобхонлик кечалари ташкил этилган. Ушбу йиғинларда Хуросон саййидлари, уламолари, олимлари,    шоирлари, зиёлилари қаторида Навоий ҳам иштирок этган.

"Маънавият юлдузлари" китобида баён қилинганидек, "Темурийлар давридаги адабий ҳаётнинг ўзига хос хусусиятларидан бири адабий жараённинг ягоналиги, унда туркий тилда ижод қилувчиларнинг ҳам, форсийда қалам тебратувчиларнинг ҳам баробар ва фаол қатнаша олгани эди. Буни биз Алишер Навоийнинг "Мажолис ун-нафоис" тазкирасида яққол кўрамиз. Унда ижодкорлар тил хусусиятларига қараб бир-биридан ажратилмаган. Ҳусайн Бойқаро ҳукмдорлиги давридаги адабий ҳаётга тўхталар экан, Заҳириддин Муҳаммад Бобур "Бобурнома"да: "Шуародин бу жамънинг   саромад ва сардафтари Мавлоно Абдураҳмон  Жомий эди", деб ёзади. Бинобарин, фақат форсий адабиётнинг эмас, шу даврдаги ўзбек адабиётининг гуллаб-яшнашида ҳам Абдураҳмон Жомийнинг роли жуда катта бўлган".

Жомийнинг қизғин баҳс-мунозараларга бой адабий йиғинлари ҳақида Алишер Навоий шундай ёзган: "Бир кун ул ҳазрат (Жомий) хизматлари (мажлислари)да асҳоб ҳозир эрдилар ва ҳар навъ сўз ўтадур эрди. Бурунроқ фақир (Навоий) алар (Жомий)нинг шайба қасидалариғаким, матлаи будур:

Сафед шуд чу дарахти шукуфадор сарам,

Ва з-ин шукуфа ҳамин меваи ғам аст барам.

(Таржимаси: Бошим худди гуллаган дарахтдек оқарди, Бу гуллашдан келган ҳосил - менинг ғамим мевасидир).

Изҳори бу навъ ақида эрдиким, бу навъ ғариб маонийлиқ ва кўп чошнилиқ (маза-матрали) ва нозук хаёллиқ, салис (равон) иборатлиқ, латиф адолиқ шеър фақир кўрмайдурмен, бовужуди улким, қасидагўйларким муқаддамдурлар, қасойидларин кўп мутолаа қилибмен ва асҳобдин баъзи мусаллам тутса, баъзи мусаллам тутмоқға кориҳ кўринур эрдилар ва ул ҳазрат мажлисларида сўз қасойид услуби сори тортти, чун ҳар навъ ўтти, фақир шайбанинг васфин ораға солдим ва таърифида беихтиёр бўлдум, то сўз ҳамул ерга еттиким, арз қилдимким: "Фақир муқаддимин малик ул-каломлардин ҳеч қайсидин андоқ қасида эшитмайдурмен.

Ул ҳазрат табассум қилиб айттиларким: "Мутааххирлардин биз ҳам андоқ шеър эшитмайдурбиз.."

Навоийнинг ушбу ёзганларидан аён бўладики, Жомий мажлисларида мушоиралардан ташқари шеърият масалаларида ҳам суҳбатлар олиб борилган, йиғинлар устоз-шогирд (Жомий ва Навоий) ўртасидаги ижодий ҳамкорлик - тажриба алмашув мактаби вазифасини ўтаган.

Шунингдек, Жомий мажлисларида Усмонли турклар империяси, қорақуюнли ва оққуюнли туркманлар давлатлари ва Ҳиротнинг зиёлилари, давлат ва жамоат арбоблари, уламолар  жамулжам бўлган: "...Шаҳр (Ҳирот)нинг жамеъ уламо ва акобирию ашрофи алар (Жомий)ға мулозамат ва тараддуд бунёд қилдилар, то ул подшоҳи замон (Ҳусайн Бойқаро)нинг аркони давлат ва аёни ҳазрат ва олийшон умаро ва рафеъ макон судур ва  вузаро, балки аср подшоҳи (Ҳусайн Бойқаро)  алар(Жомий)нинг остониғаким, мақсуд Қибласи ва мурод Каъбаси эрди - ташриф келтурурлар эрди..." деб ёзади Навоий. 

Фахруддин Али Сафий "Рашаҳот"да машҳур олим Али Қушчи ҳам Жомий хонадонидаги  йиғинда иштирок этгани ҳақида шундай деган: "Бир кун Ҳиротда Мавлоно Али Қушчи туркларнинг расми ва ҳайъатида белига бир ажиб ҳамтони боғлаб олор (Жомий)нинг мажлиси шарифлариға дохил бўлдилар ва тақрибан неча бағоят мушкил шубҳаларни фанни ҳайъат дақойиқларидин илқо эттилар. Бадиҳатан ҳар борига (Мавлоно Жомий бирин-кетин) жавоби шофий бердилар. Ондоғким, Мавлоно Али Қушчи сукут этиб, мутаҳаййир бўлди".

Давлатшоҳ Самарқандий ҳам "Тазкират уш-шуаро"да юқоридаги фикрларни тасдиқлаб, "Теварак-атроф ҳукмдорлари Мавлоно (Жомий)нинг дуоси ва ҳимматидан нафланиб турадилар, (барча) иқлим фозиллари унинг олий мажлисини излайдилар. Унинг шарафли девони Рум фозиллари йиғинларига безакдир", дейди.

Нақл қилинишича,  кунлардан бир куни Абдураҳмон Жомий мажлисига ўзича шеър ёзиб, қораламаларини ҳар кимга ўқиб юрадиган Мавлоно Валий кириб келади. Жомий қошига келиб, менга маншурнома (бирор машҳур шоир томонидан бошқа  шоирга аталган ва унинг етуклиги тан олинганидан шаҳодат берувчи ёрлиқ) ёзиб беринг, азиз авлиёлар ҳаққи, сизни дуо қилиб, шеърни шуаро ва зурафо орасида фахр билан ўқиб юраман, деб оёғини тираб олади. Шунда мажлис орасида ўтган Жомий қоғоз ва давот олиб,  қуйидаги руқъани ёзиб беради:

Хизмати Мавлоно Вали, фақирро, ки

Ба суҳбати худ мушарраф сохт.

Ва бихонд ашъори диловез,

Дилписанд бар худ набохт.

Пояи шеъраш аз он баландтар аст.

Ки дар тагнойи вазн ғунжад.

Ё касе тавонад, ки онро

Ба мезони табъ санжад.

(Таржимаси: Бизга хизмат қилиб Мавлоно Вали, Сарфароз айлади суҳбатла, бали. Ўқиди дилрабо шеъриятини, Англаб бўлмайди ҳам ҳеч ниятини. Шеъри қолипсизу қолипи шеърсиз, Хуштабъ кишилар ҳам тушунмас, эссиз).

Фахриддин Али Сафийнинг "Латофатнома"сида ёзилган: "Бир кун Мавлоно Сайфуддин Аҳмад шайхул-исломи Ҳирот сойир асҳоби тажрислар билан Ҳазрати Махдумнинг суҳбатлариға келдилар ва олор (Жомий) зиёфат маросимининг тақдимидин сўнг созанда ва хонандаларға буюрдилар, то ул мажлисда ғазаллар ўқуб ва нақшлар тартиб бериб, созлар этдилар" жумлалари ҳам бундай шеърият кечалари Абдураҳмон Жомий хонадонида мунтазам ўтказилганидан дарак беради.

Баҳорнинг файзиёб кунларидан бирида Жомий ҳузурида йиғилган шоирлару алломалар, хонандаю созандалар даврасида ўтган буюк зотлар шеърияти ҳақида, жумладан, пайров хусусида баҳс борар экан, гап Низомий билан Хусрав (Деҳлавий)га тақалди. Иккала ижодкор асарларининг жаҳондаги шону шуҳрати, улар яратган "Хамса"ларнинг олам аҳлига манзурлиги ҳақида эътиборли фикрлар билдирилди. Айниқса, жами ўнта достон ичида дастлабки икки дурдонанинг ўзгача ўрни борлиги, уларнинг маънавий юксаклиги, бадиий баркамоллиги тўғрисида бир-биридан пурмазмун гаплар айтилди.

Яратилган "Хамса"лар ҳақида сўз юритилган Жомийнинг ушбу мажлисидан сўнг шоирлар султони "Хамса" ёзишга астойдил киришади ва у бу ҳақда  "Хамсат ут-мутахаййирин"да: "...Алар (Жомий) мажлисида "Хамсатайн" сўзи мазкур бўлғоннинг кайфияти ва алар "Туҳфат ул-анвор"ни бунёд қилиб, ул тақриб била тугатгонлари, бу фақир (Навоий)ға элдин бурун кўргузгонларининг шарҳи ва фақир "Ҳайрат ул-аброр"нинг назм қилур тақриби бу достонда мазкур бўлубтур, ўқуғон маълум қилур", деган.  Яъни   Жомий ҳузуридаги мажлис "Ҳайрат ул-аброр"да қуйидагича баён қилинган: 

  Базмда бир кун юзидин нур эди,

  Ҳар соридин нодира мазкур эди.

  Тушти чу раҳрав била пайравға сўз,

  Етти Низомий билан Хусравга сўз.

  Ким не сифат олам аро солди шайн,

  Иккисининг хомасидан хамсатайн.

  Лек бу ўн турфаки, топмиш жамол,

  Икки бурунғисида бор ўзга ҳол.

  Гавҳари йўқ "Махзанул-асрор"дек,

  Ахтаре йўқ "Матлаул-анвор"дек.

  Ўзга санамлар ҳам эрур жилвасоз,

  Барчасининг ҳуснида зеби мажоз.

Жомий хонадонида ўтказилган китобхонлик кечаларида турли хил китоблар ҳам мутолаа қилинган. Навоийнинг ёзишича, "Яна "Хамса", балки "Ҳафт авранг"ларнинг кўпрагин муқобала (танишиш) дастури била алар ўқиғонда қулоқ тутулубтур, мадади учун алар (Жомий) мажлисида ўқулубтур". 

Бу фикрни Хондамир ҳам тасдиқлайди: "Ҳазрат (Навоий) ҳақиқатлар паноҳи бўлган жаноби олий Махдумий Нуран (Жомий) хизматида бўлиб, ҳар доим ул зотнинг ҳузурида дарвешларнинг китоблари ва тасаввуфга оид асарларни ўқишга машғул бўлдилар. Ул жаноби олий (Жомий)нинг бу борада ёзган рисолаларини ҳам ўша кишининг ҳузурида мутолаа қилдилар... (Айтиб ўтиш лозимки) ул жаноби олий (Жомий) ҳам ўзидан файз таратиб турган ўша асарларини ҳидоят нишонли ушбу Амир (Навоий)нинг қутлуғ номига бағишлаб ёзди".

Алишер Навоий  Жомий ҳузурида  тасаввуф, дин ва илму фанга оид қатор китобларни мутолаа қилган, унинг китобхонлик кечаларида иштирок этиб, ўқилган мўътабар китобларни тинглаган, шоирлар султони бирор рисола зарур бўлиб қолганда устозидан сўраб олиб, ўқиган. Ҳазрат Навоийнинг ушбу ёзганлари шундан гувоҳлик беради  - "Ул расоил ва кутуб теъдодиким, бу фақир (Навоий) алар (Жомий) хизматида таълим ва истифода юзидин ўқубмен:

Аввал алар битган "Қофия" рисоласидурким, анингдек мухтасар ва муфид рисола бу фанда ҳеч ким билмайдур.

Яна "Муаммо"нинг иккинчи рисоласидурким, "Ҳулият ул-ҳилал"дин сўнграроқ битибдур.

Яна ҳам аларнинг "Аруз" рисоласидур.

Яна "Лавоеҳ"дурким, сўфия машойих истилоҳида битилибдурким, андоқ рисола ҳеч роқимнинг қаламидин ва ҳеч қаламнинг рақамидин таҳрир топмайдур.

Яна "Лавомеъ"дур, ҳам бу истилоҳдаким, ҳар ламъасининг партави соликка ҳирмон қоронғу тунида ҳидоят шамъининг осоридур, балки иноят машъалининг анвори.

Яна "Шарҳи рубойёт"дур, ҳам бу истилоҳдаким, фано тариқида мосиваллоҳ азосиға тўрт такбир урмоқ анинг мутолаасидин муяссардур.

Яна ҳам бу истилоҳда "Ашиъа"дурким, барқининг талолойидин хира кўзларга очуғлиқ ва қуёшининг шаъшаасидин тийра кўнгулларға ёруғлуқ етишур.

Яна бири "Шавоҳид ун-нубувват" муқобала қилилибтурким, алфози иймон жўйбори ашжорин яқин анҳори била сероб ва маонийси ийқон ашжори асморин таҳқиқ саҳоби амтори билан шаҳди ноб этар.

Яна баъзи машойих (қуддиса асрораҳум) расоилидин: Хожа Муҳаммад Порсо (қуддиса сирруҳу)нинг "Қудсия"сидурким, ҳазрати қутбул-авлиё Баҳовуддин Нақшбанд раҳматуллоҳнинг фирдавсойин мажлисларида ул ҳазратнинг мўъжиз баён тиллариға ўтган ҳақойиқ ва маоний баъзи хулафоким, жамъ қилурлар эрмиш Хожа Муҳаммад мазкур анға маоний битибдурлар ва толиблар учун анинг диққатлари ийҳомин возиҳ этибдурлар.

Яна Ҳазрати Хожа Убайдуллоҳ (тоба сарроҳу)нинг оталари ишорати била битилган  рисолаларидур, ҳам фақр ва фано тариқидаким, оз ўғулга бу давлат муяссар бўлуб эркинки, ота амри била бу навъ шойиста хизмат қилмиш бўлғай ва андоқ писандида амр бажо келтирмиш бўлғай.

Яна муқарраби Ҳазрати Борий Хожа Абдуллоҳ Ансорий (қуддиса сирруҳу)нинг "Илоҳийнома"сидирким, анинг васфида қалам тили ожизу лол ва қаламзан хомаси алкану шикаст мақолдур.

Яна дағи баъзи расоил бор, агарчи сабақ дастури била ё муқобала қонуни била алар хизматида ўқулмайдур, аммо мушкил маҳаллари алардин сўрулиб, таҳқиқ қилилибтур".

Алишер Навоийни етукликка йўллаган манба ҳам айнан китобхонлик кечаларида у мутолаа қилган китоб ва рисолалар эди. Буюк Шогирд ўзидан аввалги ва ўзи мансуб бўлган адабий муҳит ижодкорлари асарларини ўрганиш асносида иродасини   шакллантирди, тарбиялади. Шунинг учун ҳам Навоий салафлари Низомий Ганжавий, Хусрав Деҳлавий, Абдураҳмон Жомий ва бошқа шоирлар таърифига ўз асарларида алоҳида ўринлар ажратиб, уларни мадҳ этишдан ҳеч чарчамайди.

Фаррухбек Олим "Мутолаа мактаби" мақоласида ёзганидек, Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоий номи, аввало, китоб номи билан боғлангандир. Орзуимиз - биз ҳам китоб мутолаасида уларга издошлик қилсак.

Жомий ҳузуридаги мутолаа, яъни китобхонлик кечалари, мўътабар китоблар  ҳақида Иброҳим Ҳаққул шундай ёзган: "Хамсат ул-мутахаййирин" хотимасида Навоий устози Абдураҳмон Жомий хизматида (ҳузурида) "таълим ва истифода" юзидан ўқиган ўндан зиёд китоб рўйхатини келтирадики, уларнинг аксарияти тасаввуф ҳақида... Шунингдек, Навоий Ҳужвирий, Имом Қушайрий, Суҳравардий, Имом Ғаззолий, Ибн Арабий каби ислом алломаларининг асарларини ҳам пухта билган. Навоийнинг тасаввуф билан алоқасини белгилашда бундай фактларга жиддий қараш керак. Навоийшуносликда худди шу жиҳат етарли даражада инобатга олинганича йўқ".

Жомий ҳузуридаги адабий йиғинларда шоирлар буюк мутафаккир эътиборига янги шеърларини ҳам ҳавола қилишган. Жомий шеърият билимдони сифатида назм намуналарига ўз баҳосини бериб борган.  "Бобурнома"да ёзилишича, "Суҳайлий" тахаллус қилур учун Шайхим Суҳайлий дерлар эди. Бир тавр шеър айтур эди. Қўрққудик алфоз ва маоний дарж қилур эди. Анинг абётидин бир будур:

Шаби ғам гирд-боди оҳам аз жо бурд гардунро,

Фурў бурд аждарҳои сайли ашкам рубъи маскунро.

(Мазмуни: Ғамли кечаларда оҳимнинг қубни осмонни ўрнидан қўзғатди. Кўз ёшимнинг аждаҳоси ер юзини ютиб юборди).

  Машҳурдурким, бир қатла бу байтни Мавлоно Абдураҳмон Жомий хизмати (мажлиси)да ўқубтур. Мавлоно айтибтурким: "Мирзо, шеър айтасиз ё одам қўрқитасиз?" 

Фахруддин Али Сафийнинг "Рашаҳоту айнил-ҳаёт" асарида ёзилишича, Жомий ҳузурида диний-илмий суҳбат-мажлислар ҳам ўтказилган.

Навоийшунос олима Дилнавоз Юсупова "Ўзбек мумтоз ва миллий уйғониш адабиёти" китобида Жомий ҳузуридаги йиғинларни "Маънавий суҳбатлар" деб атаган.

Мухтасар айтганда, Жомий мажлислари, суҳбатлари ҳамда китобхонлик кечалари Алишер Навоий дунёқараши ва тафаккур олами шаклланишига ҳамда ижодий камолотига кучли таъсир қилган.

Шерхон ҚОРАЕВ,

тадқиқотчи

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!