Меню

Қашқадарё

06.10.2020 332

ОЛДИН КИШИ ОЛДИДА ТИЗ ЧЎКАДИЛАР, КЕЙИН УНИНГ БОШИГА ЧИҚАДИЛАР...

Сараланган сатрлар

Ҳаётда шундайлар борки, ўзини жамиятдан айри тутади, одамларга кўп аралашмайди, бошқалар ҳайратланиб боқадиган нарсалар улар учун қизиқ эмас. Кимлардир умрини бағишлаган моддиятга улар лоақал қайрилиб ҳам қарашмайди. Хўш, нега?

Албатта, бунинг турли сабаблари бўлиши мумкин. Биров табиатан шундай яралган бўлса, бошқада ҳаёт ўнқир-чўнқирлари, кўплаб кўнгилсиз вазиятлар сабаб танҳо яшашга интилиш кучаяди. Ҳар қалбда не сир яширин, буни унинг эгасидан бошқа ҳеч ким билмайди, англолмайди.

Япон адиби Нацумэ Сосэки (1867-1916) қаламига мансуб "Қалб" ("Кокоро") романи қаҳрамони Устоз ҳам тарки дунё қилганлардан. Бунинг сабабларини баён қилиш асносида эса шогирд баробарида ўқувчилар ҳам ҳаётнинг шафқатсиз ҳақиқатлари билан рўбарў келади.

Дарвоқе, муаллиф ҳақида. Сосэки япон адабиётининг дунёга машҳур вакиллари Акутагава, Кобо Абэ ўзига устоз деб билган шахс ҳисобланади. Шунинг ўзиёқ "Қалб" романини албатта ўқиб чиқиш кераклигига сабаб бўла олади.

* * *

Инсонларни сева оладиган, муҳаббатсиз ҳаётини тасаввур қилолмайдиган, атрофидагиларни қучоқ очиб ўз бағрига қабул қила оладиган инсон - бу менинг устозим эди.

* * *

Устозим вафотидан сўнг менга бошиданоқ ёмон муносабатда бўлмаганини илк бор ҳис этдим. Унинг гоҳида мени хушламайгина кутиб олиши ва менга нисбатан ўзини бепарво тутиши мени ўзидан узоқлаштирмоқчи бўлганини англатмасди. Унга ўзини яқин тутмоқчи бўлган инсондан устозим гўёки ўзини тортиброқ туришни истарди. Бундай яқинлашувдан маъно чиқмаса, яхшиси ундан воз кечган маъқул. Инсонлар билан осонликча мулоқотга киришавермайдиган устозим кимнидир ҳимоя қилишдан аввал ўзи ҳимояга муҳтожлигини сезардим.

* * *

"Сенингча, умуман дунёда аҳмоқ одамлар камми? Бир қараганда ҳамма бип-бинойидек инсон, яхши одам. Агар бордию, бошларига нохуш иш тушгудек бўлса, ғирт аҳмоққа айланадилар. Мана шуниси ачинарли. Шунинг учун андиша-пандишангни йиғиштириб қўй".

* * *

Олижаноб киши қандай ҳолларда жиноятчига айланади, деб сўраган эдингиз. Мен сизга "пул туфайли" деб жавоб берганимда, афтидан, жавобимдан қониқмаган эдингиз. Мен пулни кўриб, жиноятчига айланган амакимни, дунёда ишонса бўладиган одамлар йўқлигини назарда тутган эдим. Эҳтимол, олдинга, ғоялар оламига интилувчи бўлган сизга бу эскиргандай бўлиб туюлгандир. Аммо мен учун ҳаёт-мамот масаласи эди.

* * *

Инсон танаси каби, руҳи ва барча қобилиятлари ташқи кучлар таъсирида ривожланади ва емирилади. Бундан   ташқари, кучлар тобора кўпайиб бориши зарур; аммо ўйламай қадам босилса, нотўғри йўлга кириб кетиш хавфи туғилади, буни нафақат одамнинг ўзи, балки бошқалар ҳам сезмай қолади. Шифокорлар, инсон меъдасидан ҳам ўликроқ нарса йўқ, дейдилар. Унга муттасил бўтқа бериб борилса, кейинчалик қаттиқроқ овқатни ҳазм қилиш қобилиятини йўқотади. Шунинг учун ҳам унга турли овқатлар бериб, машқ қилдириб туришни тавсия қиладилар. Аммо бу - меъда ҳар нарсага кўникади дегани эмас: ташқи таъсир кучи ортиб бориши билан озуқа таъсирига қаршилиги ҳам ортиб боради.

* * *

Дунёда шундай одамлар борки, ўзлари севган аёлларга эришганларидан қаноат ҳосил қиладилар; бу аёлнинг унда кўнгли борми, йўқми - унга барибир. Лекин булар ўзга давр одамлари ёки севги нималигини билмайдиган ношудлардир.

* * *

Агар киши ўзини кулфатларга кўниктирса, бора-бора уларни назар-писанд қилмай қолади, деб ишонарди. Ҳар доим изтироблар ичида юраверсанг охири улар безовта қилмай қўяди.

* * *

- Сиз қачон қабристонга борасиз? Мен ҳам сиз билан бирга борсам бўладими? Сиз билан сайр этиш мен учун жуда завқли.

- Мен қабристонга сайрга эмас, зиёрат қилгани бораман.

* * *

- Мен учун бу дунёда фақат биргина аёл бор. Хотинимдан бошқа ҳеч қайси аёлни аёл деб тан олмайман. Мен ҳам унинг учун шундайман. Бутун оламда фақат бир эркак - мен борман. Бундан келиб чиқадики, биз энг бахтли жуфтлик бўлишимиз керак.

* * *

Фақат шуни билгинки, севги - азоб-уқубат. Тушундингми? Уқубат бўлиш билан бирга - муқаддас нарса...

* * *

Устоз менинг кўзимга ҳақиқий донишманддек кўринарди. Унинг мардона хаёллари ҳаётий далилларга асосланарди. Бошқаларда эмас, ўзида ҳис қилган, унинг қонини қайнатган, юрагига бориб санчиладиган далиллар!

* * *

"Олдин киши олдида тиз чўкадилар, кейин унинг бошига чиқадилар..." Унинг бу сўзлари ҳар қандай одамга тааллуқли бўлиши мумкин. Фақат у ва хотини орасидаги муносабатларга эмас.

* * *

Пулни кўрган ҳар қандай бағрикенг инсон ҳам золимга айланади.

* * *

"Қай биримиз олдин ўлар эканмиз-а?.."

Бу саволни ўзимга бериб кўрдим. Шунга амин бўлдимки, бунга ҳеч ким тўлиқ ишонч билан жавоб бера олмайди. Бироқ агар иккисидан қай бири олдин ўлишини аниқ билса, устозим нима қилган бўлар эди? Унинг хотини-чи? Нима ҳам қиларди, қўлидан ҳеч нарса келмайди-ку. (Отамнинг ўлими яқинлигини билсам-да, менинг ҳам қўлимдан ҳеч нима келмаётгани каби). Мен одамзодга ачиндим. Ахир инсонлар ўз ҳаёти қандай бўлишини билмай туғилади-да...

* * *

Ўламан, ўламан деганлар аслида ўлмайди, бошқалардан кўпроқ яшайди! Кимки индамай юриб ўзини соғломдай тутса, ўшанинг иши оғирроқ.

* * *

Ота-онасидан қолган бойликка эга бўлган кишининг қобилияти, албатта,  заифлашади; қисқача қилиб айтганда, ташқи олам билан курашиш зарурати бўлмаса яхши эмас.

* * *

Ўйлайманки, ақл билан фаҳмланган нарсаларни сўзлашдан кўра, бошқа бир нарсаларни сўз билан ифода этиш ҳаётийроқдир. Танани қон ҳаракатга келтирганидек, сўзлар нафақат ҳавони, балки инсон вужудини ҳам жунбишга келтира олади.

* * *

Мен эркакка нисбатан аёл ҳиссиётларга бойроқ бўлади деб ўйлардим. Айнан шунинг оқибатида аёл эркак томонидан алданиши мумкин.

* * *

Бу нигоҳлар қанчалик олий нарсаларга қаратилган бўлмасин, қолган нарсалар бу билан мувофиқлашмаса, бамисоли қўл-оёқсиз одам бўлади-қолади. Муҳими уни комил инсон даражасига кўтариш керак, деб ҳисоблар эдим. Унинг мияси буюк инсонлар қиёфалари билан қанчалик тўлиб-тошиб кетган бўлмасин, ўзи уларга яқин бориш у ёқда турсин, бит ўлдириш ҳам қўлидан келмас эди.

* * *

Ўша вақтларда мен доим "инсонга ўхшаган бўлиш" деган сўзларни тилга кўп олардим. К. менга, бу сўзлар орқали ўз нуқсонларингни яширишга ҳаракат қилаяпсан, дерди. Кейинчалик ўйлаб кўрсам, К. ҳақ экан. Лекин ўша вақтда бундай деб ўйлашга фурсат ҳам йўқ эди, чунки мен бу сўзларни К.га ўз фикримни баён этиш учун тилга олардим, умуман мен унга мухолиф муносабатда эдим. Боз устига, мен ўз эътиқодимда қатъий туриб олгандим. Шунда К. мендан, ўзида "инсонга ўхшамайдиган" нимани кўраётганимни сўради. Мен унга:

- Сен ўзинг инсонга ўхшайсан; ҳатто ўта инсонийсан ҳам. Аммо тилингдан инсонга хос бўлмаган сўзлар чиқади; шунда ҳаракатларинг ҳам инсонникига ўхшамай қолади, - деб жавоб бердим.

* * *

...кимда олий маънавий камолотга интилиш бўлмаса - аҳмоқ.

* * *

Рўзномалардан генерал Ноги ўлими олдидан хат ёзиб қолдиргани ҳақида ўқидим. Бу хатда у жануби-ғарбий кампанияда душманлар ундан байроқни тортиб олганларидан бери ўзини ўлдириш фикри билан яшаб келгани ҳақида ёзганди. Буни ўқиб чиққач, мен беихтиёр, бундай қарор билан неча йил яшадийкан, деб санай бошладим. Жануби-ғарбий кампания  1877  йилдан  1912  йилгача давом этган, ўттиз беш йил ўтибди. Ноги ҳам шунча йилдан бери қулай фурсат пойлаб яшаган экан. Унинг учун энг уқубатлиси - шу ўттиз беш йил давомида яшашим керакми ёки ўзимга қилич уришим керакми, деган фикр бўлган. Ҳар ҳолда мен шундай ўйлардим.

Б.ЎКТАМ тайёрлади.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!