Меню

Қашқадарё

25.05.2021 680

ОЛДИ. ЎРАДИ. ВА... ШУ ТУРИШДА ҚОЛДИ

Фотонигоҳ

 Эътибор бергандирсиз, кейинги вақтларда бирор майдон эгалланиб, озгина қурилиш қилиниб, сўнг ҳамма ишлар ўлда-жўлда қолиб кетган, йиллар давомида тунука билан ўралиб турадиган жойлар кўпайди.

 Ахир тадбиркор ерга эгалик қилаётганда, зиммасига фалон йилда қурилишни тугаллаб, фалон вақтда субъектни ишга тушираман, фалон кишини ишли қиламан, қабилидаги вазифаларни олган-ку. Нега ерни бергунча шу ваъдаларга ишонган масъуллар орадан вақт ўтаётганига қарамай бирор ўзгариш қилинмаётган бўлса-да, бунга лом-мим дейишмайди?

 Ҳа энди, тадбиркорнинг ишлари бироз орқага кетиб, қурилишни якунлашга имкони етмагандир, дейишингиз мумкин. Бордию шундай бўлган тақдирда, ерни уни ишлатишга қодир кишига берган ҳар жиҳатдан маъқул, тўғри эмасми?

 Боз устига ўраб қўйилган ҳудудларнинг қанийди бировга зарари тегмаса? Хабарингиз бор, шу йил бир неча марта қаттиқ шамол бўлди. Ўша шамоллар ана ўша тунукаларни чирпирак қилиб юборганига нима дейсиз? Сиз суратда кўраётган, Қарши шаҳрининг Геолог маҳалласидаги манзаралар эса ўша қаттиқ шамолдан кейин бир неча марта қайта тикланган тунукалар. Гувоҳи бўлаётганимиздек, уларнинг омонат туриши яқин-атрофдан ўтиб-қайтадиган кишиларга ҳали узоқ вақт хавф соладиганга ўхшаб турибди. Боиси, уч қават тикланиб, шунча вақт бекор ётган бино пештоқига яқинда "Сотилади" деган лавҳа ўрнатилгани фикримизга қанот беради.

 Гап тадбиркорнинг иши орқага кетганми, олдинга силжиганми, бу ҳақда эмас, инсон ҳаёти хавфсизлиги хусусида бораётган экан, қурилиш, шунга масъул инспекция ходимлари йиллар давомида ўраб қўйилган ҳудудларни ўрганиб, зарур чораларни кўришлари керак.

 Қачон тадбиркорнинг ишлари ўнгланиб кетар экан, деб омонат тунукалар ёнида (ўтиб-қайтишга бошқа йўллар бўлса-ку қанийди) юрак ҳовучлаб юриш токайгача?!

 НАСРИДДИН

 Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!