Меню

Қашқадарё

09.02.2021 371

НАВОИЙ КИМЛАРДАН ДУО ОЛГАН?

Буюк шоир таваллудининг 580 йиллигига

Халқимиз бежиз дуони олтиндан устун кўрмайди. Чунки ота-онадан, устоздан, эл тан олган дуогўйлардан дуо олиб юриш ҳар қандай инсоннинг ҳаёт йўлида руҳий далда бўлади. 

Педагогика фанлари доктори Улфат Маҳкамов "Дуо - бу тангридан ўз истак ва орзуларининг амалга ошишини сўраш демакдир. Дуо банда билан тангри ўртасидаги руҳий алоқа бўлиб, инсон истак ва талабларини раво этилишини илтижо билан сўрайди", дея таъриф ёзган ўзининг "Ахлоқ-одоб сабоқлари" китобида. Шу нуқтаи назар Ҳазрат Навоий бир умр улуғ инсонлар, буюк устозлар ва тариқат пирлари ҳамда фозилу фузалоларнинг дуосини олиб яшагани, машойихлар, саййидлар, улуғ зотлар ҳузурида фотиҳа беришларини сўрагани моҳиятини англатади бизга.

"Фотиҳа бир бўлур"

Шеърият мулкининг султони "Хамса" ёзишга қўл урар экан, энг аввало устози, буюк мутафаккир Абдураҳмон Жомийдан оқ фотиҳа олган. Шунингдек, одатига кўра, Навоий қаерга бормасин, ўша ҳудуднинг улуғлари суҳбатига ва дуосига мушарраф бўлган.

Хусусан, у Самарқандда таҳсил олганда авлиё Хожа Аҳрор Валий илмий-диний мажлисларида иштирок этиб, унинг ҳурмат-эътиборини қозонган. Ўз ўрнида Навоий билан узоқ йиллар мобайнида хат ёзишиб турган бу пиру муршид келажаги порлоқ шоирни дуолар қилиб, оламлар Парвардигоридан унинг камолини сўраган бўлса, не ажаб! 

Мусулмон оламида эътироф этилган улуғ мутасаввиф дуосининг кучи Фахруддин Али Сафийнинг "Рашаҳоту айнил-ҳаёт" асарида баён қилинган. Унда ҳикоя қилинишича, бир куни темурий Султон Абусаид Мирзо туш кўради. Тушида Хожа Аҳрор Валий Аҳмад Яссавий ишораси билан унинг ҳаққига фотиҳа ўқийди.

Султон Абусаид тушида кўрган авлиёни излаб Тошкентга келади ва уни топиб суҳбатлашади. Мулоқот охирида эса Хожа Аҳрордан яна бир бор дуо беришини сўрайди. Аммо Хожа Аҳрор "Фотиҳа бир бўлур!", дея унга нусрат ва зафар қозониши учун тушдаги дуо кифоя қилишини айтади.

"Дарвоқе, ана шу фотиҳанинг руҳий қуввати туфайли Султон Абусаид кўп ўтмай Самарқандни қўлга киритади, кейинчалик Мовароуннаҳр ва Хуросон подшоҳига айланади. Дарҳақиқат, Хожа Аҳрор Валий  дуолари мустажоб бўладиган азиз инсонлардан бўлган", деб ёзади Нажмиддин Комилов "Тасаввуф" китобида.

"Фақир кичик ёшимда..."

Навоий "Насойим ул-муҳаббат"да Хожа Шамсуддин Муҳаммад Кусуйи Жомий отаси Ғиёсиддин Баҳодирнинг пиру муршиди эканини ёзар экан, падари авлиёнинг хизматида бўлиб, суҳбатини олганини баён этади. Бинобарин, ёш Навоийга ҳам авлиё Хожанинг муборак назари тушади: "Ва фақир ҳам кичик ёшимда аларнинг муборак назарига етиб, илтифот топиб, фотиҳалари (дуолари)га мушарраф бўлубмен ва азим фойда андин умидим бор. Умид улки, ноумид бўлмағаймен", дейди бу ҳақда шоир.

Яъни, Аллоҳнинг дўстлари - азиз авлиёлар дуоларини Яратган мустажоб айлашига Навоий ихлос қилган. Нафақат ишонган, балки у ўз ҳаққига қилинган дуолар ижобатига гувоҳ бўлган. Шунинг учун пок зотлардан дуо олишга интилган. 

"Дуо бу - ибодатдир"

Навоийнинг "Насойим ул-муҳаббат" асарида авлиёларнинг дуолари ижобати кароматлардан бири сифатида талқин қилинган. Аниқроқ қилиб айтганда, авлиёлар дуоси сўзсиз қабул бўлиши мўъжизага менгзалади. Модомики, Аллоҳ азза ва жалла Қуръони каримда марҳамат қилади: "Роббингиз: Менга дуо қилинг, сизга ижобат қилурман... деди..." (Ғофур сураси 60 оят). Яна, Имом Термизий ривоят қилган ҳадиси шарифда "(Дуоингиз) ижобат бўлишига ишонган ҳолингизда Аллоҳга дуо қилинг, албатта, Аллоҳ таоло ғофил қалбдан дуо қабул қилмайди", дейилади.

"Буюк аллома Имом Абул Қосим ал-Қушайрий ривоят қилдиларки: "Дуо қилиш афзалми ё Аллоҳ таолонинг қазои қадарига рози бўлиб, сукут сақлаш афзалми?" Баъзи уламолар "Дуо бу - ибодатдир" ҳадисини далил қилиб, дуо қилишни афзал деб билишди. Зеро, дуо - Аллоҳ таолого банда муҳтожлигини изҳор қилиш, ёлворишдир. Зотан, Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Ўзи мутакаббир зот бўлиб, Ундан сўрашларини, ялиниб ёлворишларини яхши кўради. Ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар: "Аллоҳ азза ва жалланинг фазли карамидан сўранглар, чунки Аллоҳ азза ва жалла сўралишни севади, ибодатнинг афзали (Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло тарафидан келадиган) ёрдамни кутишдир", дея изоҳлар келтирилади Али ибн Султон Муҳаммад ал-Қорий ал-Маккийнинг "Исми аъзам" дуолар тўпламида.

"Чақирмоқ, мурожаат қилмоқ, ёрдам сўрамоқ" маъноларида келадиган дуо, Қуръон тафсирларига кўра, "банданинг бутун борлиғи билан Аллоҳга юзланиши" ёки "кучи чегараланган ва ўзи ўткинчи бўлган инсоннинг чексиз ва абадий қудрат қошида ожизлигини эътироф қилиб, ёлвориши" тарзида таърифланади. Яъни дуо қилиш Аллоҳ билан боғланишнинг энг осон йўли. Кишилар ҳамма жойда, ҳар қандай ҳолатда нима истасалар, Аллоҳдан сўраб, дуо қила оладилар.

"Тақдирдан қочишда эҳтиёт бўлишнинг ўзи фойда бермайди"

Дуо тақдирни ўзгартира оладими? Алишер  Навоий "Насойим ул-муҳаббат" китобида шу саволга оид фикрларини ҳам баён қилган. Унда ёзилишича, биров Зуннун Мисрийдан дуо талаб қилади. Зуннун  Мисрий эса унга шундай жавоб беради:

- Эй йигит, агар Ҳақ таолонинг азалий тақдирида сенга бир иш муқаррар бўлган бўлса, қилмаган дуолар ҳам сен учун мустажоб бўлгай. Агар бунинг акси бўлса, сувга чўкаётган одамга қичқиришдан не фойда? Ҳосили фақат шуки, чўкиб кетар ва бўғзига сув кўпроқ боргай.

Яъни, Зуннун Мисрий бу билан дуо тақдирни ўзгартира олмайди, деб гувоҳлик бермоқда. Бироқ машойихлар бунинг аксини ҳам таъкидлашади. Жумладан, Имом Ғаззолий айтадилар: "Агар Аллоҳнинг қазоси (ҳукми) ва тақдиридан қочиб қутулиш мумкин бўлмаса, дуонинг қандай фойдаси бор, деб сўралса, жавоб бериладики: "Балонинг дуо сабабидан қайтарилиши ҳам Аллоҳнинг тақдиридандир. Бало ҳам, дуо ҳам Аллоҳнинг қазосидир. Демак, Аллоҳнинг бир қазоси бошқа қазоси билан даф этиляпти".

Оиша онамиз (розияллоҳу анҳо) ривоятларида айтилишича, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) дедилар: "Тақдирдан қочишда эҳтиёт бўлишнинг ўзи фойда бермайди. Дуо эса келган тақдирдан ҳам, ҳали келмаган тақдирдан ҳам қутултиради. Албатта, бало келса, унга дуо юзма-юз бўлади ва қиёматгача олишади (қарши курашади)" (Имом Аҳмад, Абу Яъло, Табароний).

Ҳазрат Али ибн Абу Толиб (розияллоҳу анҳу) дедилар: "Эҳтиёткорлик тақдирни қайтаролмайди. Шубҳасиз, дуо уни қайтаради. Бу ҳақда Аллоҳнинг ушбу ояти далилдир: "Илло, Юнус қавми шундай қилди. Иймон келтиришгач, улардан дунё ҳаётидаги хорлик азобини кеткиздик ва уларни маълум вақтгача ҳаёт лаззатидан баҳраманд қилдик" (Юнус, 98).

Яъни Юнус (алайҳиссалом)нинг қавмлари иймонга келганларидан сўнг балодан нажот сўраб, дуо қилдилар. Аллоҳ уларнинг дуоси барокатидан азобни роҳатга айлантирди"    (Суютий "Ад-Дуррул Мансур" китоби).

"Қуръоний ва энг зарурий дуолар" манбасида қайд этилганидек: ...Зикр пайтида банда Аллоҳ билан қалбан боғлиқ бўлар экан, дуоларнинг ижобат пайти ҳам айни шу дамдир.  Демак, инсон қанча кўп зикрда бўлса, унинг  дуоси ижобат бўладиган вақти ҳам шунча кўп бўлади. Бироқ хосияти ва фазилати жиҳатидан дуонинг ижобатига сабаб бўладиган ҳолатлар, вақтлар ва жойлар, дуоси бешак ижобат бўладиган шахслар мавжуд.

"Менинг борамда фотиҳалар ўқудилар"

Алишер Навоий олти ёшида тариқат пешволаридан бири, тарихчи Шарафиддин Али  Яздий билан учрашгани кўпчиликка маълум. Шоирлар султони болалигидаёқ "сенинг учун фотиҳа ўқули" деб қўлини дуога очган  табаррук зотларнинг дуосини олиш бахтига мушарраф бўлган: "Дағи Мавлоно (Яздий) ўз замони салоти (подшоҳлари) қошида муъаззаз ва сойир ашроф қошида мукаррам эрдилар ва Тафтда хонақоҳ ва шогирдлари ва муридлари бор эрди. Бу ҳақир (Навоий) сиғари синда (болалигида)  ул буқъада (бинода) алар хизматлариға мушарраф бўлиб, менинг борамда фотиҳалар ўқудилар", деб ёзади Навоий.

Бизнингча, Яздийдек улуғ зот ўз дуосида Яратгандан ёш Алишернинг комил инсон бўлиб улғайишини сўраган. Бу дуо эса тарихдан    маълумки, ижобат бўлган ва Навоий буюк авлиё, комил инсон, етук шоир бўлиб вояга етган.

"Волида мулозаматиға ва ризойи хотириға тарғиб қилур эрди"

Ўз замонасининг малик ул-каломи деб эътироф этилган Лутфийни ҳам Навоий "Насойим ул-муҳаббат"да валийлар қаторида санайди. Айтиш жоизки, шоирлар султони Мавлоно Лутфийнинг кўп маротаба дуосини олган: "Бу фақир борасида кўп фотиҳалар ўқубтур. Умед улким, чун дарвеш киши эрди, баъзи мустажоб бўлмиш бўлғай", дея ёзади Навоий бу ҳақда.

Яъни англанадики, Лутфийнинг Навоий ҳаққига қилган дуолари ижобат бўлгани тўғрисида сўз бормоқда. Шоир ҳақ. Фаридуддин Аттор ҳам дарвешлар дуолари қабул бўлишини тасдиқлайди: "Дарвешларни Аллоҳнинг ўзи сақлайди. Дунёни тарк этган ҳар бир дарвешнинг халқ узра қилган дуолари мақбулдир. Уларнинг қилган дуолари барокатидан мусулмонлар бало ва қийинчиликлардан омон бўладилар".

Лутфий нафақат дуо қилган, балки шеърият мулки султонини доимо онасини рози қилишга, дуосини олишга даъват этганига нима дейсиз!  Навоийнинг ёзишича, "бу фақир (Навоий) борасида кўп илтифоти бор эрди ва фотиҳалар ўқур эрди ва доим волида мулозаматиға ва ризойи хотириға (ризолигини олишга) тарғиб қилур эрди".

Дарҳақиқат, ота ва она розилиги Тангри розилиги билан баробар. Улар ҳам Мир Алишернинг истиқболи учун дуо қилишган, бунга шак-шубҳамиз йўқ. Чунончи, ҳадиси шарифда таъкидланганидек, ота-онанинг фарзанди ҳаққига қилган дуосини Тангри таоло мустажоб айлагай!

Фаридуддин Аттор "Тазкират ул-авлиё" асарининг Боязид Бистомийга бағишланган бобида у эришган барча муваффақиятлар онасининг   дуоси туфайли эканини таъкидлайди: "Нақлдирки, (авлиё) Боязид (Бистомий) айтади, мунча мартабаким, Аллоҳ менга ато қилди, барчасини онамнинг дуосидан топдим. 

Бир кеча қаттиқ совуқ эди. Онам мендан сув сўради. Бордим, ариқдан музни ёриб, сув келтирдим. Онам уйқуга кетган экан, сувни тутиб турдим. Қўлларим муз бўлди. Онам уйқудан уйғонди, кўрдиким, мен ҳануз кўзани кўтариб турибман. Сув олиб ичди ва мени дуо қилди. Унинг дуоси барокатидан ҳар нима истадим, топдим".

"Алар хизматиға мушарраф бўлибмен"

"Худо ёри ва поклар руҳи мададкор" бўлган Навоий Яратганнинг дўстларидан бўлмиш шерозлик Ҳумомиддин Калободий дуосини ҳам олган. "Ҳукком ва ашроф алар суҳбатиға етар эрди. Мавлононинг зоҳир ва ботин улуми азҳар ва мин аш-шамс эрди. Бу ҳақир (Навоий) сиғари синда (болалигида) алар хизматиға мушарраф бўлубмен. Менинг борамда фотиҳа ўқуб, бир қасаб ёғлиғ иноят қилибдурлар", деб ёзади шоир.

Албатта, мажлиси ҳикмат аҳли билан доим гавжум бўладиган Калободий ёш Алишерни дуо қилиш асносида унинг ёрқин келажагини олдиндан кўра олган. Қадимги одатга кўра, шеърият майдонига илк бор қадам қўйган ёш ҳаваскорга шеъри янада гўзал, "маза"ли бўлсин деб шоирлик ҳалвоси едиришган. Шунга монанд, Калободий  ҳам ёш Навоийга ёғлиқ ҳалво илиниб,  расм-русумни адо этган.  Қолаверса, ўз даврида Абдураҳмон Жомий шеърларининг жозибаси ва "ширин"лигини унга болалигида авлиё Муҳаммад Порсо Бухорий томонидан туҳфа этилган новвот билан боғлашган.

Кароматгўй Бобо Пирий

"Насойим ул-муҳаббат"да зикр этилишича, Бобо Пирий олдидан ўтган одамни  сўкар экан. Шу боис, "ҳақир (Навоий) анинг илайидан ўтмас эрдим. Ва ҳол улки, маскани халқ йўли устида эрди. Бир кун бир ҳамроҳ сўрдики, бу ерда етганда, доим йўлни эвуруб, Бобо илайидан ўтмассен, сабаб недур, айт?! Дедимки, бу жиҳатдинки, фаҳш сўкар, манга хуш келмаски, анинг фаҳшин эшитгаймен".

Навоийнинг ҳамроҳи эса Бобонинг кароматгўй эканини сўзлар экан, "агар ҳақиқатан каромати бўлса, олдидан ўтганингда сени сўкмайди", дейди. Навоий унинг маслаҳати     билан Бобонинг олдидан  ўтади. Ҳамроҳ ҳақ бўлиб чиқади. Бобо Пирий ёш Алишерни сўкмайди. Аксинча, дуолар қилади.

Худди шундай, Алишер Навоий Бобо Шиҳоб ва Бобо Сариғи Пўлод каби валийлар билан яхши муносабатда бўлиб, дуоларини олган.

"Хайр дуоси кўп қилур эрди"

Яратган даргоҳида  дуоси мустажоб бўладиган пири комил Хожа Пир Аҳмад Наққошнинг ҳам Навоийга меҳри бошқача эди. Унинг икки қўли доимо Мир Алишер камолоти учун дуода эди.

"Бу фақир (Навоий) борасида хайр дуоси кўп қилур эрди. Умид улки, мустажоб бўлмиш бўлғай!" Яъни Навоий таъбири билан айтганда, шоирлар султони ҳаққига қилинган дуолар ижобат бўлган. Ваҳоланки, буни Навоийнинг ўзи "мустажоб бўлмиш бўлғай" деб тасдиқламоқда.

Темурийлар даврининг йирик уламоларидан ҳисобланган шайх ул-ислом Хожа Муаййад Меҳна ҳам Навоий ҳаққига кўп хайрли дуолар қилган. Ўз даврида воизлик билан шуҳрат қозонган бу улуғ зот ҳақида "Насойим ул-муҳаббат"да қайд этилади: "Бу ҳақирни фарзандлиқ лафзи била сарафроз қилиб, хайр-дуоси кўп этиб, борамда фотиҳалар ўқиб эрдилар. Умид улки, бири мустажоб бўлғай". Демакки, кўпнинг дуосини олиб улғайган Навоий Меҳнанинг ҳам фотиҳасини олишга муяссар бўлган.

"Ҳар не деса ул, Ҳақ таоло они қилур"

Замондошлари "Кадуд" деб атаган Хожа Авҳад Муставфий илму урфонда ўз даврининг ягонаси ҳисобланган. Навоий сабзаворлик бу шоир суҳбатига ҳам бориб турган: "Бу ҳақир (Навоий) борасида кўп қатла фотиҳалар ўқиб, хайр дуоси қилибдурлар. Умид улдурки, ижобат асари зоҳир бўлғай", дейди шеърият мулки султони.

Яратган Хожа Авҳад Муставфийдек улуғ зотлар, авлиёларнинг қилган дуоси ва илтижосини ерда қолдирмаган. Бунга мисол қилиб, "Насойим ул-муҳаббат"да Баҳоуддин Нақшбанднинг шогирди, темурийлар пири Хожа Муҳаммад Порсога бағишланган мақоладаги қуйидаги қайдларни келтириш мумкин: "...Ҳар не  алар десалар ул бўлғай, ва яна бир маҳалда дедиларки, ҳар не ул деса Ҳақ таоло они қилур. Ҳадиси саҳиҳ ҳукм билаки, "Аллоҳнинг бандалари ичида шундайлари борки, агар Аллоҳга қасам ичсалар, Ҳақ қасамларини рост келтиради".

Яъни, Аллоҳнинг дўстлари - валийларнинг деганлари,  дуолари, ниятлари амалга ошган. Чунончи, "Тасаввуф" китобида дуо ҳақида ажойиб  ҳикоят келтирилган: айтишларича, авлиё Зуннун Мисрий  ўз шогирдлари билан кемага ўтириб, Нил дарёсига сайрга чиқади. Бошқа томондан яна бир кема сузиб келардики, унда ўтирганлар шароб ичиб мастлик қилар, сўкишар, дарвешлар томон беадабона сўзлар айтиб, кўнгилларини ранжитардилар. Шогирдлари Зуннун Мисрийдан дуо қилиб, нобакор бебошларни сувга чўктириб жазолаш, ғарқ этишни сўрайдилар. Шунда Зуннун Мисрий дуога қўл кўтариб, Худодан кемадаги одамлар кўнглида инсоф чироғини ёқиш, илоҳий нур юбориб, уларни Ҳақ йўлига киритишни сўрайди. Дуо ўша заҳоти ижобат бўлиб, бебошлар тезда ҳушёр тортадилар, бутунлай ўзгариб, қилган ишларига пушаймон бўладилар ва кемага шайх олдига ўтиб, тавба-тазарру қиладилар.

"Бу ҳақир борасида..."

Тасаввуф намояндаси Мавлоно Саъдуддин ҳам ўз даврининг етук уламоларидан бири бўлган. Навоий ибораси билан айтганда, "ҳаётлари муддатида "Фаройиз" адосидин сўнгра "Тафсир" ва "Ҳидоя"га машғул бўлурлар эрди... Ва дунё сўзи алар мажлисида ўтмас эрди. Алар суҳбатиға етиб, сўзларини эшитган кишига Ҳазрат Расул (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ва бузургвор асҳобининг тариқи ёд бўлур эрди. Бу ҳақир (Навоий) борасида кўп хайр дуолари қилибдурларки, анинг билан бағоят умидвормен".

Дарҳақиқат, Навоий бу буюк зот билан кўришиб, ундан дуои хайрлар олишга мушарраф бўлган.

Тариқатда сулукка машғул бўлган пиру муршидлардан Хожа Абдулазиз Жомий баркамол уламолардан бири эди. Абдулла Ансорий авлодидан бўлмиш бу зоти бобарокат кўп вақтини тасаввуфга бағишланган "Футуҳоти Маккия" асари мутолаасига сарфлаган. Навоий бу авлиё ҳақида сўз юритар экан, "халойиқ ва сойир авлод аларға (Жомийга) мухлису мунқод эрдилар", деб таъкидлаган. Абдулазиз Жомий ҳам Навоийга илтифот кўрсатиб, "кўп қатла фотиҳа била дуои хайр қилибдур".

Навоий устозларидан бири Мавлоно Муҳаммад Табодгоний Шайх Зайнуддин Хавофийнинг кибор халифаларидан саналган. Навоий "зоҳирий ва ботиний илмда комил" деб эътироф этган Табодгоний панду насиҳат билан халқни ҳидоятга чорлаган. Бу улуғ зотнинг Навоийга "илтифотлари кўп эрди".  У Амир Сайид Ҳасан ва Амир Шайх Аҳмад (Суҳайлий)га ёзган мактубларида Алишер     Навоийга дуои саломлар етказган. Чунончи, Табодгоний дуоларида ва ибодатида ҳам Мир  Алишерни эсга олган.

"...Кўп илтифоти бор эрди"

Ўз замонасида Шайх Шоҳ Зиёратгоҳий ҳам улуғ авлиёлардан бўлган. Ҳазрат Навоийнинг ул зот ҳақида ёзишича, "Ҳар киши суҳбатиға етса эрди, маҳобатидин далер сўз айта олмас эрди. Ва ҳақойиқу маорифи муяссар эрди. Ва подшоҳ ва гадоға насиҳату панди алассавия эрди. Подшоҳга бир кун бу навъ насиҳат қилғандурки, ҳар не ўзингга раво кўрмассан, Тенгрининг ҳеч бандасиға раво кўрма! Бу сўз муассир тушиб, чандин мусулмонларға наф етиб, подшоҳ бу сўзни мазкур қилур эрди. Ва бу ҳақир (Навоий) била кўп илтифоти бор эрди. Кўп қатла хайр дуоси қилиб эрди".

Ўз ўрнида, Навоий бу дуолар мустажоб бўлишига "умид улдурки" деб умид боғлаган. Кўпнинг дуоси кўкартиради, деганларидек улуғларнинг дуосини олиш мутафаккирга мамнуният ва куч-ғайрат бағишлаган.

"Ки, Навоийға дуо етгай"

Бундан ташқари, Навоий ўз асарлари якунида мутолаадан сўнг китобхондан шоирлар султонини дуо қилишни сўраган. Афтидан Навоий дуонинг қудратли кучига қатъий ишонган.

Етса мақсуд муддао бирла,

Мени ёд этгасен дуо бирла.

Ки, Навоийға ул дуо етгай,

Булбули руҳиға наво етгай.

Мухтасар айтганда, Аллоҳнинг дўстлари дуосини олиб, Алишер Навоий кам бўлмаган, яъни улуғлар, авлиёлар, устозлар, ота-она дуоси, пок эътиқоди, ибодати ва тинимсиз изланиши, ўқиб-ўрганиши, етук билим, истеъдоди, салоҳияти орқали у шоирлар, шеърият мулки султони, буюк мутафаккир ва авлиё даражасига етган.

            Шерхон ҚОРАЕВ,

тадқиқотчи

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!