Меню

Қашқадарё

25.09.2020 312

ИЗОҲЛИ ЛУҒАТ НАФАҚАТ МУТАХАССИСЛАРДА,

балки ҳар бир хонадонда бўлиши керак

Китоб жавонингизга

Ўзбек тилининг изоҳли луғати қайта нашр этилгани ҳақидаги хабарни давлат тилини ривожлантириш департаментининг интернетдаги сайтида ўқиб, тўғриси, жуда хурсанд бўлдим ва бу ҳақдаги қувончимни хабарнинг остида билдириб ҳам қўйдим.

Албатта, ушбу янгилик юзасидан турли фикрлар билдирилган, лекин энг муҳими, 14 йиллик танаффусдан сўнг беш жилдлик "Ўзбек тилининг изоҳли луғати" китобининг тўлдирилган иккинчи нашри қайта чоп этилгани эди.

Тўғрисини айтганда, изоҳли луғат нафақат мутахассислар, балки ҳар бир оила китоб жавонида бўлиши керак, деб ҳисоблайман. У сўз ҳақидаги тасаввурларимизни бойитади, фикрларимизни теранлаштиради. Ким бўлишидан қатъи назар, ҳатто ёзувчи ё журналист, адабиёт ўқитувчиси ҳам баъзан айрим сўзлар изоҳига иккиланиб, фикрини ифодалаб беролмай қолади. Шундай пайтда изоҳли луғатни бир варақлаш кифоя, ҳаммаси ойдинлашади. Боз устига изоҳли луғат имло луғати вазифасини ҳам ўтайди. Нутқ маданияти ривожига хизмат қилади.

1981 йилда  икки жилдлик "Ўзбек тилининг изоҳли луғати" китоби чиққанида сотиб олгандим. Луғатни  китоб жавонимдаги алоҳида аҳамиятга эга китоб санаганман. Ундан бутун оила аъзолари фойдаланишган. Кейинчалик, яъни 2006 йилда луғатнинг беш жилдлиги чоп этилди ва мен унинг электрон нусхасини топиб олдим. Изоҳли луғатнинг тузатилган иккинчи нашри ҳақида эшитиб, "Қайси китоб дўконидан сўрасам экан?", деб тургандим, вилоят ҳокими маслаҳатчиси Зиёда Аминова давлат тилини ривожлантириш департаменти томонидан мазкур луғат барча ҳокимларнинг маслаҳатчиларига хизматда фойдаланиш учун тақдим этилаётганини айтиб, ҳаммамизни қувонтирди.

Изоҳли луғат қўлимга тегиши билан биринчи қилган ишим олдинги беш жилдлик луғат билан солиштириш бўлди. Китобнинг кириш қисмиданоқ билдимки, бу ўша 2006 йилда чиққан луғатнинг тузатилган нашри экан.

Барибир яхши, чунки 14 йил олдинги луғат атиги беш минг нусхада чоп этилган, кимда бор, кимда йўқ. Навбатдаги китоб ҳам жуда кам нусхада чиқарилганига қарамай, узоқ йиллар юзага келган бўшлиқни қисман бўлса-да тўлдиради, айниқса, янги тизим жорий қилиниб, ҳокимларнинг давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчилари иш бошлаган бир пайтда улар учун қўлланма вазифасини ўтайди.

...Варақлай бошладим, олдинги изоҳли луғат билан деярли бир хил, фақат айрим сўзлардаги фонетик ўзгаришларга кўзим тушди. Масалан, гурилламоқ сўзи гурулламоқ, гуркирамоқ гуркурамоқ, гурсилламоқ гурсулламоқ  тарзида ёзилибди. 

Аслида китобнинг сўзбошисида олдинги луғат билан янги луғат ўртасидаги  фарқли жиҳатлар ҳақида фикр юритилиб, тилимиз ХХ асрнинг иккинчи ярмида, хусусан, кейинги ўн йилда янги-янги сўзлар, сўз шакллари ва ифода воситалари билан    бойигани, сифат жиҳатидан ўзгаргани, янги меъёрлар шакллангани, булар тилнинг фонетик таркиби ва алифбосида ҳам, имло ва талаффузида ҳам, морфологик ва лексик-семантик  тузилмасида ҳам, стилистикаси ва грамматик қурилишида ҳам озми-кўпми акс этгани ва натижада айрим тузатишлар киритилгани билдирилган. Шунингдек, луғатни чиқаришдан мақсад ўзбек тилининг бутун сўз бойлигини эмас, балки ҳозирги замон ўзбек тилининг кенг истеъмолдаги сўз бойлигини тўплаш ва тавсифлаш эканлиги айтилган. 

Албатта, чоп этилган ҳар қандай китоб ҳақида фикр билдириш, мулоҳаза юритиш, камчилик топиш осон. Аммо ишни ташкил қилиш, бажариш айниқса, бу иш сўзга алоқадор бўлса, қанчалар қийин экани сир эмас. Шундай бўлсаям луғат билан танишарканман, хаёлимдан бир фикр ўтди: қачонгача 80 минг сўз атрофида айланиб юрамиз? Қачон ўзбек тилининг мукаммал изоҳли луғати чиқади? Ҳолбуки, Алишер Навоий бобомиз ўз асарларида миллиондан ортиқ сўз ишлатгани ҳақида ёзилган. Бу сўзларнинг аксарияти араб, форс, урду, хитой, мўғул сўзлари бўлганда ҳам миллион рақамининг ўзи Навоий ижоди, қолаверса, туркий тилнинг қудратига тутилган кўзгудир.

Ёдимга шу йилнинг  апрель-май ойларида Китоб туманида тажриба тариқасида  туман шевасини тўплаш тадбирини ташкил қилганимиз тушди. Тадбирда эътибор шева билан адабий тил ўртасидаги фонетик ўзгаришларга эмас, асосан  лексик бирликка қаратилди ва натижада  от, сифат,  феъл сўз туркумларига оид мингдан ортиқ шева сўзлар ва сўз бирикмалари тўпланди. Изоҳли луғат билан солиштириб, тўпланган сўз ва сўз бирикмаларидан  уч юздан ортиғи ушбу беш жилдлик китобга киритилмаганини аниқладик. Ҳолбуки биз тўплаган сўзларнинг аксарияти халқ орасида кенг ишлатилади.

Биргина ЛАНГ деган сўзни олиб кўрайлик. Бу сўзнинг маънолари кўп,  шулардан бири эпидемия сўзига синоним эканидир. "Қорин оғриқ ланг бўлибди, касалхонани касал босиб кетибди", "Ҳозир томоқ оғриқ ланг экан" ва ҳоказо. Изоҳли луғатда эса ланг сўзининг чўлоқ, оқсоқ ва ланг очиқ, яъни катта очиқ маънолари киритилган.

ВАЗИР деган сўзга эътибор қаратайлик. Тўғри, бу сўз луғатдангина эмас, ҳаётимиздан ҳам жой олиб кетди. Илгари биз вазирни тарихий сўз сифатида эртаклардаги подшонинг ўнг қўл ва чап қўл вазири деб тушунганмиз ва шу тасаввур билан улғайганмиз. Пайт келиб бу сўз тилимизга шу қадар сингиб кетиши ҳеч кимнинг хаёлига келмаган. Биз ҳозир сиёсий ҳаётимизни Вазирлар Маҳкамаси, Бош вазир, вазир, вазир ўринбосари деган сўзларсиз тасаввур этолмаймиз. Ҳоким, вилоят, туман каби сўзлар мисолида ҳам буни айтиш мумкин. Мустақиллигимизнинг дастлабки йилларида араб тилидаги  жумҳурият, тожик тилидаги ноҳия каби сўзлар ҳаётимизга сингиб кетмади, негаки  алмаштирилаётган сўзда аввало она тилимиз руҳи акс этиб туриши керак. Кўриниб турибдики, бисотимизда сўзлар кўп ва улардан фойдаланиш керак.

Тилимиз билан боғлиқ муаммолардан бири, бугунги кунда четдан кирган сўзлардан кўр-кўрона фойдаланилаётганидир. Бу, айниқса, хизмат кўрсатиш соҳасида кўзга ташланаяпти. Узоққа бориб ўтирмай, ташқи тарғибот воситалари тайёрловчи тадбиркорларнинг эълонларига назар ташлайлик: "Баннер сетка", "Принт печать", "Ламинация", "Табличка", "Оракал таблички" ва ҳоказо. Ижтимоий тармоқда ҳатто "Фомексдан оракал эшик табличка тайёрлаш" деган ёзувгаям кўзим тушди. Мана, сизга таржима. Аммо яна қандай таржима қилиш мумкин? Гоҳида айрим сўзларни ўқиб, "Қанақа хизмат тури экан?" деб маълумот қидиришгаям тўғри келади. Баъзан сўзнинг муқобилини топамиз, дегунимизча чет тилидаги сўз оммавийлашиб кетади. Масалан, бизнинг туманда илгари "доставка" деган ёзув деярли йўқ эди. Карантин муносабати билан бемаза қовуннинг уруғидай кўпайиб кетди.

Шу ўринда бир мулоҳаза: реклама билан боғлиқ фаолиятни тартибга келтиришда Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 30 августдаги "Ташқи рекламани жойлаштириш соҳасидаги фаолиятни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ҳамда 2020 йил 20 февралдаги "Ташқи реклама бозорини тартибга солиш тўғрисида"ги қарорларининг аҳамияти катта. Бироқ ташқи рекламалар, шунингдек, пешлавҳалар, эълонлар ва ҳоказо ёзувларнинг "Давлат тили тўғрисида"ги, "Реклама тўғрисида"ги қонунлар талабларига мувофиқ давлат тилида, имло хатоларисиз ёзилишини тақозо этувчи, шу соҳа билан шуғулланувчи субъектларнинг бу борадаги жавобгарлигини назарда тутувчи қарор қабул қилинса, айни муддао бўларди.

Негаки ёзувлар маблағ билан боғлиқ. Ҳашаматли иморатнинг пештоқига катта ҳарфлар билан чет тилида ёзилган ёзувни алмаштириш ҳақидаги таклиф тадбиркорга ёқмаслиги аниқ. Ёзувларни тайёрлаб берувчилар ҳам тадбиркор, уларни ёзувнинг қайси тилда бўлиши, имловий хатолари қизиқтирмайди. Боз устига бундай ёзувлар халқимизнинг маънавияти ва маърифати билан боғлиқлиги қарор билан бу ишларни тартибга солиш, айрим ёзувларни алмаштириш бўйича муддатлар белгилаш ва ҳоказоларни тақозо этади. Шу жараёнда нафақат ташқи тарғибот воситалари, балки болалар дафтарлари ва кийимларидаги ёзувлар масаласига ҳам эътибор қаратиш керак, деб ўйлайман. Яқинда қўлимга тушган дафтарни ўзимизнинг маҳсулот эканини унинг орқасидаги кўзга кўринар-кўринмас қилиб "Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган" деган ёзувдан ва манзилдан билиб олдим. Дафтарнинг устида эса учиб кетаётган тошбақа тасвири, тошбақанинг пастида "24 РАGЕS  nоtеооk", тепасида  "IDЕА  sтаrt" деган ёзувлар бор.

Тўғри, ташқи тарғибот воситаларидаги ёзувлар бўйича бир қатор ишлар қилинаяпти. Телевидениеда, матбуотда чиқишлар бўлаяпти. Жойларда тушунтириш ишлари олиб борилаяпти. Натижа ҳам кўринаяпти, лекин назаримда бу борадаги фаолият анчагина сустдай. Баъзан ҳали эскисини алмаштирмай туриб янгиси пайдо бўлаяпти.

Давлат тилини ривожлантириш департаменти  раҳбарлигида ўтган вақт мобайнида туманларда анчагина ишлар қилинди. Аҳоли пунктлари ва уларнинг таркибий қисмлари қайта хатловдан ўтказилиб, чалкашликлар бартараф этилди.  Қишлоқларнинг юзлаб номсиз кўчаларига ном берилди. Шахс номлари билан боғлиқ жойлар ўрганилиб, шу жараёнда уларнинг тарихи бўйича янги маълумотлар тўпланди. Ноқонуний деб топилган жой номларига муносабат билдирилмоқда. Шунингдек, транспорт ва муҳандислик-техника инфратузилмаси ва табиий объектлар хатловдан ўтказилмоқда.

Хулоса ўрнида айтишим жоизки, назаримда департаментимиз ташкилотчилигида ўзбек тилининг мукаммал изоҳли луғатини яратишга киришиш ва  бунинг учун бир пайтнинг ўзида унга ёндош изоҳли луғатлар - ўзбек мумтоз адабиёти, ўзбек шевалари, ўзбек тилига четдан кирган сўзларнинг мукаммал изоҳли луғатларини чиқариш пайти келди. Мазкур уч луғат ҳозирги ўзбек адабий тилининг мукаммал луғатига асос бўлади. Бу, албатта, жуда катта ташкилотчиликни, машаққатли меҳнатни, эҳтимол, бир неча йиллик вақтни талаб қилади. Бу ишнинг қайсидир нуқталарига маслаҳатчиларни ҳам йўналтириш мумкин. Масалан, оммавий шева тўплаш тадбирларини ўтказиш, энг кўп ишлатиладиган четдан кирган сўзларни аниқлаш ва ҳоказо. Шунингдек, мамлакатимиздаги барча қишлоқ номлари тарихини шакллантириш ишларини амалга оширса бўлади.

Булар шунчаки фикр, мулоҳаза. Лекин айни пайтда беш жилдлик "Ўзбек тилининг изоҳли луғати"  китобининг қайта чоп этилгани ниҳоятда аҳамиятли эканини яна таъкидлагим келаяпти. Луғат сўз санъати билан боғлиқ ҳар бир соҳа ходими ва бошқалар учун ҳам беминнат хизмат қилиб бера олади.

Лола ЎРОҚОВА,

Ўзбекистон  Ёзувчилар  уюшмаси  аъзоси, Китоб тумани ҳокимининг маслаҳатчиси

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!