Меню

Қашқадарё

02.04.2021 286

ФОЙДАЛАНИШДАН ЧИҚҚАН ЕРЛАР ҚАЧОН ЯНА ҲОСИЛ БЕРА БОШЛАЙДИ?

Қарор ва шарҳ

Қашқадарёда қишлоқ хўжалигида фойдаланишдан чиққан ерларни ўзлаштиришга яқин уч йил ичида қарийб 570 миллиард сўм маблағ йўналтирилади. Шунинг эвазига 2021-2023 йилларда воҳамиз ҳудудларида 82,5 минг гектарга яқин ер майдонлари фойдаланишга киритилади ҳамда боғдорчилик ва узумчиликка, экспортбоп маҳсулотлар етиштиришга ихтисослаштирилади.

Республика ҳукуматининг жорий йил 24 мартдаги қарори билан тасдиқланган кўрсаткичлар ва талаб этиладиган маблағлар ҳисоб-китобига кўра, вилоятимизда 2021-2023 йилларда қайта фойдаланишга киритиш ҳисобидан 50 минг 822 гектар, ер ости сув захираси ҳисобидан эса 31 минг 636 гектардаги ерлар ўзлаштирилади. Бунга эришиш учун уч йил давомида суғориладиган ерларда 671 километр ирригация ва 304 километр коллектор-дренаж тармоқларини қуриш, таъмирлаш ва реконструкция қилиш, 98 та насос агрегатини ўрнатиш ва тиклаш, 91 та тик суғориш қудуғи ва 82 та гидротехник иншоотни барпо этиш мўлжалланмоқда. Айни пайтда лалми ерларда 652 та тик суғориш қудуғини қазиш назарда тутилган.

Уч йилда ўзлаштириладиган ер майдонларининг ярмидан кўпи (45,1 минг гектари) жорий йилда фойдаланишга киритилиши керак. Шундан келиб чиқиб, ҳукумат қарори билан тасдиқланган манзилли рўйхатга    туманларда суғориладиган ерларда ирригация ва мелиорация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш ҳамда яйлов ва лалми ерларда суғориш қудуқларини қазиш бўйича амалга ошириладиган устувор лойиҳалар киритилган. Масалан, Нишон туманидаги Самарқанд, Меҳнатобод, Ойдин ва Ҳ.Ҳ.Ниёзий номли ҳудудларда 56,1 километр узунликдаги лоток тармоқларини реконструкция қилиш ва 8,6 километр узунликда янги лотокларни ўрнатишга 9,7 миллиард сўмга яқин маблағ ажратилиб, 2 минг 380 гектар ер майдони қайта фойдаланишга киритилади. Қарши туманидаги Я.Омонов номли, Чароғил, Ипак йўли ва Хонобод ҳудудларида лоток тармоқларини реконструкция қилиш билан бир қаторда янги канал қуриб, насос агрегати, трансформатор ва электр линиясини бунёд этиш, қувур тортиш мўлжал қилинган. А.Икромов номли ҳудуддаги "Бўстон" насос станциясида ҳам янги насос агрегати ва лоток тармоғини ўрнатиб, Ҳилол каналини реконструкция қилиш режага киритилган. Бу чора-тадбирларнинг барчасига 8,5 миллиард сўм сарфланиб, натижада 1 минг 720 гектар ер ўзлаштирилади.

Яйлов ва лалми ерлардан Косон туманидаги Гувалак ва Турон ҳудудларида 153 та тик суғориш қудуғи қазишга 45,9 миллиард сўм йўналтирилиб, умумий ҳисобда 6 минг 115 гектар майдон ўзлаштирилади. Чироқчи туманидаги Кўкдала, Чиял, Шўрқудуқ, Қалқама, Ҳайиткўл ва яна 10 дан ортиқ ҳудудларда 340 та тик суғориш қудуғи қуришга 102 миллиард сўм ажратилади. Бунинг самараси ўлароқ 13 минг 360 гектар ер майдонлари фойдаланишга киритилиб, полиз маҳсулотлари ҳамда дуккакли дон ва озуқа экинларини етиштириш йўлга қўйилади. Боғ ва токзорлар яратилади.

Ўзлаштириладиган барча ерлар - ҳам суғориладиган, ҳам лалмини туманлар кесимида оладиган бўлсак, жорий йилда фойдаланишга киритиладиган энг кўп майдон айнан Чироқчи (14 минг 669 гектар), Косон (7 минг 863 гектар) ва Қамаши (5 минг 32 гектар) туманлари ҳиссасига тўғри келади.

2021 йил давомида вилоятимизда 13,5 минг гектар суғориладиган ер майдонлари фойдаланишга киритилса, шундан 4239 гектарда озуқа экинлари, 3605 гектарда полиз маҳсулотлари, 2336 гектарда соя, 1450 гектарда сабзавотлар, 1220 гектарда дуккакли дон экинлари экилади. Айни пайтда 327 гектарда боғлар, 363 гектарда эса узумзорлар барпо этилади. Лалми ерлар ҳисобидан фойдаланишга киритиладиган майдонларда ҳам боғ ва узумзорлар пайдо бўлиб, полиз маҳсулотлари, соя, озуқа ва дуккакли дон экинлари билан бир қаторда картошка ва доривор ўсимликларни етиштириш йўлга қўйилади.

Қарорга асосан вилоятимиз ҳудудларини  боғдорчилик ва узумчилик йўналишларига ҳамда  экспортбоп қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришга ихтисослаштириш кўрсаткичлари ҳам тасдиқланиб, уларга кўра, яқин уч йилда туманларимиздаги 80 дан ортиқ массивларда 18 минг 838 гектар майдон боғдорчилик, 14 минг 685 гектар эса узумчиликка ихтисослаштирилади. Ўз навбатида экспортбоп қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари - сабзавотлар, полиз ҳамда мойли ва дуккакли экинларни етиштиришга ихтисослаштириладиган ҳудудлар 2021-2022 йилларда қарийб 32 минг гектарга кенгаяди. Мисол учун, Ғузор туманидаги Алишер Навоий номли ҳудудда 2021-2022 йилларда минг гектарда янги боғ барпо этилиб, яна 1 минг 400 гектарда дуккакли ва мойли экинлар етиштириш йўлга қўйилади. Шўртан ҳудудида 300 гектарда янги узумзор яратилиб, массивнинг шу қисми узумчилик йўналишига ихтисослаштирилади. Яккабоғ туманидаги 14 та ҳудудда умумий майдони 6,3 минг гектардан ортиқ лалми ерлар ўзлаштирилгач, ихтисослашуви картошкачилик, сабзавотчилик ва дуккакли дон экинлари етиштиришдан иборат бўлади.

Ҳужжатда акс этган рақамларга қараганда, Қашқадарё вилояти ихтисослаштирилган туманларининг барча турдаги хўжаликларида 2021 йилда 1 миллион 172,1 минг тонна мева, узум, сабзавот, картошка, полиз, дуккакли ва мойли экинлар ҳамда доривор ўсимликлар етиштириш режалаштирилган. Шунинг 113,4 минг тоннаси қайта ишлашга юборилса, яна 75,9 минг тоннаси экспортга жўнатилади.

Умуман олганда, Вазирлар Маҳкамасининг  "Қашқадарё вилоятида қишлоқ хўжалигида фойдаланишдан чиққан ерларни 2021-2023 йилларда ўзлаштириш ва ҳудудларни экспортбоп маҳсулот етиштиришга ихтисослаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида воҳамиз аграр секторининг иқтисодий ва экспорт салоҳиятини оширишга қаратилган кўплаб муҳим топшириқлар жамланган. Масалан, вилоятимиз ҳокимлиги зиммасига тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда мавжуд ер майдонлари ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, маҳсулотни етиштириш, қайта ишлаш ва экспорт ҳажмини ошириш учун қишлоқ хўжалиги экинларини яхлит майдонларга плантация усулида жойлаштириш ва белгиланган экспортбоп экинлар экилишини таъминлаш вазифаси юклатилган.

Айни пайтда шу йил 1 майга қадар ҳар бир туманда уруғлик ва кўчатлар билан таъминлаш имкониятидан келиб чиқиб, сабзавот, полиз ва картошка уруғчилигига ҳамда мевали ва ток кўчатлари етиштиришга ихтисослаштирилган фермер хўжаликлари ташкил этилиши лозим. 1 июнга қадар эса туманларда камида 5 тадан сертификатланган уруғликлар ва кўчатлар савдоси билан шуғулланадиган махсус ихтисослашган дўконлар очилиши керак. Яроқсиз деб топилган иқтисодий жиҳатдан самарасиз, кам ҳосилли боғ ва токзорлар ўрнида интенсив боғ ва токзорлар барпо қилиниб, экспортбоп ва сердаромад қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш йўлга қўйилиши зарур.

Яна бир эътиборга молик жиҳат. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Боғдорчилик ва иссиқхона хўжаликларини ривожлантириш агентлигига Китоб, Шаҳрисабз, Яккабоғ, Қамаши, Чироқчи ва Деҳқонобод туманлари ҳокимликлари билан биргаликда туманлар аҳолиси ишсизлигини камайтириш учун яхлит 300-500 гектар туман ҳокимликлари захирасидаги фойдаланилмаётган майдонларда замонавий технологиялар асосида интенсив боғ ва токзорлар барпо этиб, уларни аҳолига лизинг ва кредит шартлари асосида ажратиб беришни ташкил этиш вазифаси қўйилган.

Темур НИЗОМОВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!