Меню

Қашқадарё

04.09.2020 300

ДАЛАЛАРИМ - БОБОЛАРИМ ШЎР-ШЎР ПЕШОНАСИ...

Сараланган сатрлар

Истиқлолнинг қадрини англаш учун унгача бўлган давр ҳақида тасаввурга эга бўлиш керак. Ўзбекнинг буюк ёзувчиси Тоғай Муроднинг "Отамдан қолган далалар" романи ана шундай тасаввурни беради. Муаллиф асарини "Бирлашган Миллатлар Ташкилоти аъзоси - Озод Ўзбекистон учун битдим" деган сўзлар билан  бежиз бошламайди. XIX аср иккинчи ярмидан ўтган аср 80-йиллари охиригача юртимизда кечган воқелик,  советлар, мустамлакачилик, мутелик даври рамзий усулда баён этилади.

Бутун умр далада кетмон чопиб, косаси оқармаган, бунинг "мукофоти"га эса "муттаҳам", "порахўр", "боқиманда" деган тамғалар олган халқимизнинг аянчли қисмати мустақиллик нақадар улуғ неъмат эканини эслатиб туради... 

* * *

Худо бермиш кун бўлади - йўлда Оқподшо бўлади.

Бобомиз Оқподшога кет буриб кетмон чопади. Бобомиз Оқподшога терс бўлиб кетмон чопади.

Бобомиз Оқподшо бетини кўрмайин-да, куймайин-да, дейди.

Оқподшо арава миниб ўтади. Оқподшо соз чалиб ўтади. Оқподшо ашула айтиб ўтади. Оқподшо ҳуштак чалиб ўтади.

Бобомиз шунда-да Оқподшо бетига қайрилиб қарамайди. Энкаймиш кўйи бутлари орасидан мўралайди.

Оқподшо оёқлари осмонда бўлиб кўринади, бошлари ерда бўлиб кўринади.

Оқподшо олабўжи бўлиб кўринади.

* * *

- ...Аммо-лекин аҳли халқ кўзида Худои таоло даргоҳини тўпга тутсалар, халқ қарғайдур, тақсир, халқ қарғайдур.

- Халқ?!

- Шундай тақсир, шундай. Халқ қўлласа - бор бўладур, халқ қарғаса - хор бўладур.

- Қанақа халқ?!

- Ул мўлт-мўлт қора кўзлар оти - халқдур, тақсир. Халқ бор - ҳақ бор.

Генерал Скобелев димоқ-димоғида кулади.

- Ол-а, эшон, ол-а! - дейди. - Булар пода, эшон, пода! Булар олдин подадан одамга айланмоғи лозим бўлади! Одамдан оломонга айланмоғи лозим бўлади! Оломондан эса, халққа айланмоғи лозим бўлади! Демак, булар халқ бўлиш учун иккита-учта босқични босиб ўтмоқлари даркор бўлади! Биласанми, эшон, Улуғ Ўрусия нима учун ёввойидан-ёввойи Осиёга ташриф буюрди? Манави сарт-собакаларни одамга айлантириш учун ташриф буюрди!..

* * *

"Ўртоқ Ленин Туркистонни Ўзбакия деб атаймиз, деб эдилар. Ўртоқ Ленин сўзи сўз, гапи гап! Биласанми, ўртоқ Ленин нима учун Туркистонни йўқ қилиб, Ўзбакия деб атамоқчи эди? Туркистон - туркий халқлар ота юрти. Шундан туркий туземецлар оталари юрти Туркистон учун қўлларига қурол олмоқда. Туркий туземецлар оталари юрти Туркистон учун жонларини тикмоқда. Ана шу Туркистонни йўқ қилиб ташласак, туркий халқлар қайси отлик ота юрт учун жиҳод қиладилар? Бундай доҳиёна ғоя фақат Лениндан келади!"

* * *

"Мени-да аёл зоти бино этди. Болхин теримчи онамиз айбимдан ўтсин - аёл аралашмиш иш расвои радди бало бўлади.

Мени-да аёлим бор - у бир этак фарзанд туғиб берди. Бир этак фарзандларим онаси бўлмиш аёлимиз, мен учун қўли косов аёлимиз, мен учун сочи супурги аёлимиз айбимдан ўтсин - аёл аралашмиш иш очиқ мозор бўлади.

Мени-да қизларим бор, қизларим гуноҳимдан ўтсинлар - аёл аралашмиш  сиёсат юрт шўри бўлади, аёл аралашмиш сиёсат эл шўри бўлади".

* * *

"Чанишев! Сен мени Ўрусияга олиб борасан-да - пақиллатиб отиб ташлайсан. Қайси бир ўрага кафансиз кўмиб ташлайсан. Ватан гадоси - кафан гадоси бўлиб ўламан. Кафансиз ўлигимни ким эл-юртимга олиб келиб кўмади? Кафансиз ўлигим ит ўликдайин Ўрусияда қолиб кетади! Ана ундан кейин, бола-бақрам мени қаерлардан йўқлаб йиғлайди? Бола-бақрам қаерларга бориб отамлаб йиғлайди? Бола-бақрам қайси мозорим бошига бориб йиғлайди? Шундай экан, отарман бўлсанг, мана, кўкрак - от! Лекин - ўз эл-юртимда от! Шаҳид бўлсам - ўз эл-юртимда шаҳид бўлайин! Шаҳидимни ўз эл-юртим кўмсин!"

* * *

- Катталарга амал керак, Деҳқонқул! Сенинг аёлинг керак эмас! Катталарга мансаб керак! Сенинг аёлинг катталарни газагига дори эмас! Аёллар ўз жонига қасд қила берса, катталарни тинч қўймайди! Ишдан олади, партиядан ўчиради! Сенинг аёлингни деб, катталар мансабидан айриладими? Айрилмайди, ўлсаям айрилмайди. Йўлини қилади... Тентакка чиқар, деб буюради. Бажармайин, мени ишдан ҳайдайди, партиядан ўчиради. Катталар дастидан кун кўролмайман. Мен нима, мен бир дўхтир-да. Чин, қасам ичиб эдим. Лекин туманга катталар хўжайин. Катталар гапи билан иш қилсам... аёлинг-ку, аёлинг... бола-бақраларинг билан ҳам руҳий касалга чиқиб кетади. Онасида бор эди, дейди.     Авлоддан авлодга ўтади, дейди. Шизофрения деган тамға ёмон тамға, Деҳқонқул. Шунинг учун, кел, сенга бир акалик қилайин. Бир йўли бор. бундай қиламиз: аёлинг ўзига ўт қўйганини фалокатга йўямиз. Айтайлик, аёлинг газни ёқмоқчи бўлади. Газ бирдан лоп этиб, аёлингни енгига ёпишади.

- Газ? Бизда газ нима қилади?

* * *

Бутифос хом кўсакни омонлайди, магний хлорат хом кўсакни заволлайди!

Ё, эл-юрт, ё, кирим!

Катталар бот-бот кўсак очилишини ўйлади.

Катталар қайта-қайта пахта терилишини ўйлади. Катталар қишгачайин пахта терилишини ўйлади!

Ё, эл-юрт, ё кирим!

Катталар киримни танлади!

* * *

Одам тонг саҳарда ароқ ичса нима бўлади?

Одам пиёниста бўлади.

Далаларим-да ана шу одам мисол пиёниста бўлиб қолди.

Одам толтушда тамаки чекса нима бўлади?

Одам банги бўлади.

Далаларим-да ана шу одам мисол банги бўлиб қолди.

Одам намозшомда наша чекса нима бўлади? Одам нашаванд бўлади.

Далаларим-да, ана шу одам мисол нашаванд бўлиб қолди.

Энди, ана шу оғулар барини бир одам танаввул этса нима бўлади?

Одам пушти куйиб кул бўлади. Одам насл-насабсиз бўлади.

Далаларим-да ана шу одамдай бўлиб қолди!

* * *

"...Одесса ва Херсон ўлкаларида ҳам Америка "сиайленд" пахтаси экилди. Ҳосилдор пахта бўлди. У ерликлар пахтани бир териб олди. Уч кундан кейин... тағин очилиб турди! Куз охирларигача очилди! Охири - у ерлик маҳаллий халқ пахтадан кечишга қарор қилди. Бизга ҳосилини бир териб оладиган ўсимлик керак, дедилар. Ундай пахта эса йўқ эди! У ерликлар пахта машаққатига, пахта азобига... бардош беролмади! Аммо жафокаш ўзбек халқи, жафокаш ўзбек ери бардош берди! Ўзбек халқи, ўзбек тупроғи умрини пахтага бахшида этди. Қиш демади, ёз демади - пахта, деди. Тун демади, кун демади - пахта деди. Шундайми, Деҳқонқул ака?

* * *

- ...Сен ўзбеклар Шўро ҳукуматининг тўрт ярим миллиард сўм пулини еб кетгансанлар! Тўрт ярим миллиард сўм! Йўқ пахтани бор деб - тўрт ярим миллиард сўмни манави ҳаром томоқларингдан ўтказиб юборгансанлар! Еб-еб - энди бўрилар галасига ўхшаб қутулиб кетаман, деяпсанларми? Кечириб қўясанлар, кечириб! Мен - Иван Иванович Иванов, тўрт ярим миллиардни жиғилдонларингдан суғуриб оламан! Тийинма-тийин суғуриб оламан!

- Ўйнаб қўяй, ишласа - халқ ишлабди, еса - халқ ебди-да.

- Халқ ишлабди? Сен ўзбеклар ўроқда йўқ, машоқда йўқ - хирмонда ҳозир халқсан! Сен ўзбеклар боқиманда барансан! Сен ўзбеклар Масков ҳисобига кун кўрасан! Масковдан катталар борса - зар чопон кийгизасан, чўнтагига пора тиқасан. Ана, генерал Чурбанов Баранистонда бир бўлишида тўққиз юз сўмлик зар чопон кийиб келди, ўттиз минг сўм пул олиб келди!

- Ўйнаб қўяй, Чурбанов чўз, дебдики - ўзбак чўзибди.

* * *

"Қизил зона"да адолат йўқ! "Қизил зона"да инсон ор-номуси, инсон шон-шуҳрати, инсон қадр-қиммати... йўқ, йўқ! Тағин йўқ! "Қизил зона" ўз номи ўзи билан - қизил, қизил! Қизил ранг - қон ранг! Қон ранг билан ўйнашма, баран, қон ранг билан ўйнашма! Акс ҳолда - қизил қонингга бўяласан!

* * *

Иван Иванович! Мен сенга юз ўттиз йил юртим тўрини бердим, юз ўттиз йил уйим тўрини бердим - аммо сен билан эл бўлмадим!

Иван Иванович! Мен сен билан юз ўттиз йил елкама-елка кун кечирдим, юз ўттиз йил чизган чизиғингдан чиқмадим - аммо сен билан эл бўлмадим!

Юз ўттиз йил тур десанг турдим, ўтир десанг ўтирдим, юз ўттиз йил кул десанг кулдим, йиғла десанг йиғладим - аммо сен билан эл бўлмадим!

Иван Иванович! Мен юз ўттиз йил ўзим киймадим - сенга кийдирдим!

Иван Иванович! Мен юз ўттиз йил кофир тўқ - мусулмон тинч, мақомда кун кўрдим... аммо сен билан эл бўлмадим!

Дини бошқа минбаъд-минбаъд эл бўлмайди! Тили бошқа минбаъд-минбаъд эл бўлмайди!

Иван Иванович! Сен тиригим      тирноғини единг, сен ўлигим ёғини единг - аммо тўймадинг!

Иван Иванович! Мен очимдан ўлмадим - сен тўқликдан ёрилмадинг!

Иван Иванович! Мен сени юз ўттиз йил тўнғич акам дедим. Бўлди - мен энди сени тўнғич акам, демайман.

Мен энди сени тўнғич ака дегич тилларимни кесиб итга ташлайман.

* * *

Далаларим боболарим аччиқ-аччиқ кўз ёшларидан дала бўлди.

Далаларим оталарим шўрпешона терларидан дала бўлди.

Далаларим аёлларим гулдай хазон умридан дала бўлди.

Далаларим - боболарим шўр-шўр пешонаси.

Далаларим - оталарим яғир-яғир елкаси.

Далаларим - аёлларим хазон-хазон умри.

Б.ЎКТАМ тайёрлади.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!