Меню

Қашқадарё

01.10.2020 364

БЕҒУБОР ҚАЛБЛАРДА ЯНГИДАН-ЯНГИ ДУНЁ ОЧУВЧИ, КЎНГИЛЛАРГА ИЛМ СЕҲРИНИ СОЛУВЧИ ИНСОН - БУ МУАЛЛИМДИР

Сараланган сатрлар

Инсон нақадар юксакликка кўтарилмасин, бу борада дастлабки пиллапоя вазифасини устоз бажаради. Шунинг учун бу зотларни қанча эъзозлаб, қанча эҳтиром кўрсатсак кам.

Бу гал эътиборингизга ҳавола этилаётган лавҳалар - ёзувчи Луқмон Бўрихон қаламига мансуб "Сирли муаллим" қиссасига оид бўлиб, унда ўз ташвишларига ўралашиб, бири юмалоқ хат битадиган, бири махсус идораларга гап етказиб турадиган, яна бири хоҳласа-да муҳитни айтарли даражада ўзгартира олмайдиган мактаб жамоасига янги ўқитувчи келиб, ўзгаришлар ясагани, бироқ кўролмаслик, янгиликларни қабул қила олмаслик натижасида у мактабга сиғмагани ўзига хос услубда ифода этилади. Қиссада воқеалар япон адиби Акутагаванинг "Чангалзорда" ҳикояси каби томонлар фикр-мулоҳазаларини баён қилиш орқали ривож топади.

* * *

Ўқитувчиликнинг этагидан тутганимиз учун ҳеч ким бизни ёмонотлиқ қилган эмас. Давраларнинг тўрини беришмаса-да, ҳар нечук пойгакка тушириб ташлашмайди. Ҳозирги ёшларга қараб ҳайрон бўламан, муаллимликдан ор қилишадими-ей... Айниқса, ўғил болалар.

* * *

"Ўв, ўртоқ Қалқонип, нега менинг боламга муаллим бўласан дедингиз? Ўғлим бечора неча кундан бери қақшаб йиғлаб юрибди".

Мен ҳангу манг қотиб қолган эдим. Тилим аранг калимага айланди.

"Нега йиғлайди?! Нима, ёмон тилак билдирибманми?"

"Жўралари устидан кулиб юришибди экан. Нега ундай дедингиз? Болам кимдан кам, нега у муаллим бўлар экан?!"

Мен жўяли бир жавоб топгунимча Моҳигул қарғана-қарғана хонамдан чиқиб кетди.

Юрак-бағрим зирқираганча хийла вақт ўтириб қолдим. Хаёлларим алғов-далғов бўлиб кетди.

Ё, худо, ўқитувчи бўласан дейиш ҳақоратми?! Нега шундай табаррук касбдан ор қилишади? Муаллим қачон уларнинг арпасини хом ўрди, қачон бировнинг оштобоғига қўл чўзди? Ё, ўқитувчи отнинг калласидай маош олиб, булар қуруқ қолишдими? Ўқитувчи данғиллама уйлар қуриб, гижинглаган машинада юрибдими? Ахир, ҳаммаси эл қатори-ку, йўғини яшириб, борини ошириб кун кўряпти-ку?!

* * *

Йўқ, мен нолимайман, мен йиғламайман. Аллақандай сентиментал кайфият бизга ёт. Мингта моҳигуллар айюҳаннос солиб, шанғиллаб келишса-да, касбимга бўлган меҳримни сўндиролмайди. Ҳа, мен ўқитувчиман, муаллимман, бу касбим билан фахрланаман! Қолаверса, неча бир моҳигуллар ҳақорат деб биладиган, неча бир тўралар менсимай қарайдиган хизматда бўлишнинг ўзи жасорат-ку!?

* * *

Ўқитувчи ўз меҳнатининг мевасини кўрганда ўн ёшга яшаради, балқийди. "Меҳнатнинг меваси" деганда, ҳойнаҳой, уч-тўрт ойда аранг қўлга етиб келадиган маошни ўйласангиз, адашасиз. Муаллим меҳнатининг меваси бу - тиришқоқ, омадли ўқувчилар! Ўз ўқувчисининг камолини, обрў-эътиборини кўрган қайси муаллим лоқайд қўл силтаб қўя қолади?

* * *

"Ҳужжатларни бир-бир қўлга олиб, синчиклаб-синчиклаб кўздан кечирдим. Ҳаммаси рисоладагидек. Фақат фамилияси бир оз ғалати туюлди: Ғайбулла. Ғайбуллаев бўлиши керак эди шекилли? Ё, бу ҳам ёзувчи-шоирларга ўхшаб "ов", "ев" қўшимчалардан воз кечдимикан.

- Биз мустақил миллатмиз, - деб қолди йигит дабдурустдан. Ҳойнаҳой, таажжубланганимни пайқаб. - Миллий мустақиллик энг аввал исм-шарифимизда бўлиши керак.

* * *

Бир амаллаб йўқлама қилиб бўлгач, дераза тараф хомуш тикилиб ўтирган қизни чорладим:

- Болтаева, ўтган дарс қанақа мавзуни ўргангандик?

Қиз норизо чимрилганча ўрнидан турди.

- Ньютоннинг биринчи қонуни.

- Ўтир. Искандарова! - шивир-шивири ҳеч ҳам тугамаётган, озғингина ўқувчини чорладим. - Доскага кел. Ўтган мавзу бўйича би-ир сўйлаб бер-чи.

- Ньютоннинг биринчи қонуни - ҳар қандай жисм унга бошқа жисмлар таъсир қилиб...

Мен дераза ортида чарх уриб ёғаётган қор учқунларига термулганча хаёлга чўмдим: "Анавининг томидан роса чакка ўтган бўлса керак..."

Бир пайт ҳушёр тортиб ўгирилсам, ўқувчи қиз жимибгина ҳукмимни кутиб турибди. Қулоқларимнинг шанғиллаб туришига қараганда тузук жавоб берганга ўхшайди.

* * *

Орадан бир ҳафта ўтиб хушхабар олдик. Физика бўйича олимпиадага борган ўқувчи биринчи ўринни олибди!

- Табриклайман, устоз, - дея ҳаяжон билан қўлимни қисди Нажот Ғайбулла. - Бу сизнинг меҳнатингиз! Кам бўлманг.

Мен... аввалига жуда қувондим. Шундай тиришқоқ, илмсевар, машаққатларга қарамай, ўз устида ишлайдиган ўқувчиларимиз борлигидан бошим осмонга етди. Сўнг туйқус кўнглим ғашланди: "Устозман деб керилишга ҳаққим борми? Шу ўқувчининг камолига қанча ҳисса қўшганман ўзи? Синфхонага кириб-чиқиб туриш, мавзуни бир амаллаб тушунтириш етарлимикан?.."

* * *

 "Мактабимизда пайдо бўлган Нажот Ғайбулла бир гал жуғрофия кабинетида видеокассета қўйиб берди. Аллақайси мамлакатнинг маориф тизими ҳақида экан. Кўриб-эшитиб на куларимни, на йиғларимни билмай қолдим. Ўша мамлакатда болаларни ўн саккиз ёшигача қора меҳнатга жалб этиш жиноят экан. Мактаблари нақ жаҳонгирларнинг қасридай. Егулик, ичкилик муҳайё. Ҳатто бемалол уйқуни урадиган хобхоналари бор, гўё у ерга ўқишгамас, дам олишга боришади бу арзандалар. Болаларни кўрдик. Ҳаммаси қоғозга ўралган попук қанддек.

"Йўқ, - дедим ич-ичимда, - бунақа йўл-йўриқ бизга тўғри келмайди". Чин-да, унақа тайёрга айёр, инжиқ болалардан худо сақласин. Биз  соғлом авлод учун курашяпмиз. Анавиларникига ўхшаш шарт-шароитларда болаларимиз мўрт, иродасиз, заиф бир тўдага айланиб қолади. Шунинг учун уларни гўдаклигиданоқ ҳаёт хўрликларида, қора-оқ меҳнатларда чиниқтириш зарур. (Бу борада пахта пайкалларимиз хўб қўл келади-да)".

* * *

Нажот Ғайбулла жавоб бермай мактаб пештоқига тикилиб қолди. Мен ҳам зимдан ўша ёққа кўз ташладим.

- Устоз, - деди у пештоқдаги байроққа имо қилиб. - Байроқни алмаштириш керак, ҳилвираб қолибди.

Яна гапни илмоқ қилиб отдим:

- Э, хаёл жойидами, ука? Байроқ ҳадеб алмаштирилаверадиган нарсами?

- Ия, эскирса ҳам алмаштирмайсизми? - деди Нажот Ғайбулла юзимга таажжуб билан тикилиб. - Топилмас матоҳ эмас-ку, ана, ҳаммаёқда сотилади. Арзимас пул туради ўзи.

 

* * *

 - Ҳа, менинг дипломим қалбаки, - дея гап бошлади у ўйчан қиёфада. - Мен бу ҳақда ҳеч кимга айтолмасдим. Аввалги иш жойимда виждоним қийналиб сиримни директорга очиб қўйгандим. Балки мени тушунар, деган хаёлда эдим. Йўқ, айюҳаннос солиб ишдан қувиб юборишди. Лекин, мен... лекин мен мактабсиз туролмайман, болаларсиз яшай олмайман. Биламан, ишонмайсиз, аммо ҳақиқат шундай. Болалар кулгисининг жарангидан завқ оламан, уларнинг кўзлари, сўзлари беғубор. Илмдан болаларгина ҳайратланишади. Мурғак онгига, ўй-хаёлига кириб келган озгина янгилик ҳам жажжиларни чинакамига қувонтиради, чинакамига ҳаяжонлантиради. Уларнинг севинчига севинч, ҳайратига ҳайрат қўшишдан-да ортиқ қандай бахт бор? Болаларнинг беғубор қалбида янгидан-янги дунё очувчи, кўнглига илм сеҳрини солувчи инсон - бу муаллимдир.

Б.ЎКТАМ тайёрлади.

 

 

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!