Меню

Қашқадарё

11.06.2021 765

БЎШ ТУРГАН ОБЪЕКТ ТАДБИРКОРГА БЕРИЛГАНИ БИЛАН ФОЙДАЛАНИЛМАСА БЕКОР-ДА...

Фотонигоҳ

 Миришкор туманидаги Помуқ шаҳарчаси бир пайтлар собиқ Баҳористон туманининг маъмурий маркази ҳисобланган.

 Баҳористон ва Усмон Юсупов туманлари тугатилиб, ўрнида Миришкор тумани ташкил этилганига ҳам анча вақт ўтган бўлса-да, ҳамон Помуқнинг бир пайтлар марказ бўлганини эслатиб турувчи жиҳатлар кам эмас.

 Масалан, ўша пайтдаги Баҳористон тумани ҳокимлиги ва ҳокимлик тизимидаги бошқарув ташкилотларининг маъмурий бинолари, кўплаб ижтимоий, иқтисодий, хизмат кўрсатиш объектларини олайлик. Ўз вақтида юзлаб инсонлар меҳнат қилган, гавжум, файзли жой бўлган бу бинолар, афсуски, бугун эгаси ташлаб кетган ҳовли сингари ҳувиллаб қолиб, қаровсиз ётибди.

 Суриштириб билсак, ушбу объектларнинг аксарияти аллақачон ўз эгаларини топиб улгурган, аммо бошида катта-катта ваъдалар бериб объектни қўлга киритган тадбиркорларнинг кўпчилиги бугун ишни бошлашга шошилаётгани йўқ экан. Улар учун инвестиция шартларини бажаришдан кўра, кўчмас мулкни эгаллаб туришнинг ўзи манфаатлироқ кўринади.

 Мисол учун, шаҳарча марказидаги теннис кортини олайлик. Бир пайтлар ҳудуддаги энг йирик ва муҳташам спорт иншоотларидан бири бўлган мазкур мажмуа бугун ўта қаровсиз, таъмирталаб аҳволга келиб қолган. Ўтган йили объектни бир қатор инвестиция шартлари асосида ноль қийматда харид қилган ёш тадбиркор Эркин Нургелдиев эса ўйлаган режасини амалга ошириш учун банкдан кредит ололмаётганини рўкач қилди.

 - Ушбу теннис кортини тўлиқ таъмирлаб, ҳудуддаги ёшларнинг спорт билан мунтазам шуғулланиши учун шароит яратмоқчи эдим, - дейди у. - Шунингдек, мажмуа негизидаги биноларда "Ёшлар тадбиркорлик гузари"ни ташкил этиб, савдо, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш шохобчаларини ишга туширишни режа қилганман. Аммо бунинг учун 350 миллион сўмдан кўпроқ маблағ керак. Сармоянинг 30 фоизи ўзимда бор, яна 250 миллион сўм кредит олиш учун тижорат банкига ариза топширганимга анча бўлди. Лекин ҳужжатлардаги айрим камчиликлар сабаб шу масалада иш тўхтаб қолган.

 Эркин Нургелдиевнинг гап-сўзларидан шу нарса маълум бўлдики, у "Бўлса бўлар, бўлмаса қолар" қабилида иш кўрмоқда. Гап орасида ҳокимлик вакилларидан бири "Шартномангиз бўйича туман прокурори протест киритган, келинг", деб айтгани,  лекин ҳали шуни аниқлаштирмаганини ҳам қўшимча қилиб кетди. "Прокурор протест киритган бўлса, демак мажмуани олганим бўйича шартнома бекор қилинса керак-да" дейди бамайлихотир.

 Аслида ҳам муаммо шунда. Масъул ташкилотлар бирор бўш турган объектни инвестиция шартлари асосида тадбиркорга бердими, унинг лойиҳани ўз вақтида амалга оширишига ҳам бош-қош бўлиши, керак вақтда ёрдам қўлини чўзиб, лозим пайтда натижа талаб қилиши ҳам зарур. Бўлмаса, юқоридаги каби ҳолатлар давом этаверади.

 Ж.БОЙМУРОДОВ

 Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!