Меню

Қашқадарё

20.04.2021 249

АВВАЛ 10 ЙИЛЛИК, КЕЙИН ЯНА 20 ЙИЛЛИК УРУШ: АФҒОНИСТОНДА НИМАНИ ЎЗГАРТИРДИ?

АҚШ, НАТО ва улар иттифоқчилари Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқиш қарорига келгани кимда умид, кимдадир умидсизлик уйғотгани бор гап. Бинобарин, мамлакат ўзаро урушлар фонида дунё "гегемон"лари геосиёсий манфаатлари тўқнашган майдонга айланиб қолганини ҳам инкор этиб бўлмайди. Шундай экан, афғон халқига ҳақиқатда тинчлик соғинаётганларнинг қарама-қарши томонида ушбу мамлакатдаги нотинчликдан манфаат излайдиган кучлар ҳамон тургани эҳтимолдан йироқ эмас.   

Америка учун энг узоқ давом этган уруш

АҚШ ўзининг Афғонистондаги миссиясини якунлади ва 1 майдан мамлакатдаги ҳарбий контингентини босқичма-босқич олиб чиқишни бошлайди. 

Interfaks манбаси тарқатган хабарга кўра, Америка президенти Жо Байден ана шу ҳақда шахсан эълон қилган. Унинг фикрича, Қўшма Штатлар учун энг узоқ давом этган урушни якунлаш фурсати етди.  

Байден "Толибон" ҳаракати жангариларини АҚШ ҳарбий хизматчиларига ҳужум қилмаслик борасида огоҳлантириб, расмий Кобулга Вашингтон мамлакат ҳукуматини қўллаб-қувватлашини ваъда қилди.

Америка Афғонистонга бундан қарийб 20 йил аввал, яъни 2001 йил 11 сентябрда денгиз орти мамлакатида кузатилган террористик ҳаракатлар ортидан қўшин киритганди ва икки ўн йиллик давомида 2 минг 400 нафардан ортиқ аскар ва зобитларини қурбон берди.

АҚШ ҳукумати қўшинларни олиб чиқиш 1 майдан бошланиб, 11 сентябрда якунланишини эълон қилди. Баёнотда қайд этилишича, Афғонистонни тарк этиш жараёнлари иттифоқчи ва ҳамкорлар билан тўлиқ мувофиқлаштирилган ҳолда амалга оширилади.

Хориж ҳарбийлари ўз вазифасини бажариб бўлдими?

Пентагон раҳбари Ллойд Остин Афғонистонда АҚШ ҳарбийлари ўз вазифасини бажариб бўлгани ҳақида маълум қилди.

"Бизнинг қўшинлар мамлакатга юборилаётган вақтда ўзларининг зиммасига юкланган вазифалар бажарилишини якунлади", деган АҚШ мудофаа идораси раҳбари. Унинг изоҳлашича, "Америка ҳарбийлари Афғонистонда бўлиб турган вақт давомида нафақат террористик гуруҳларнинг денгиз ортига соладиган хавфи сезиларли даражада камайди, балки иқтисодиёт, фуқаролик жамияти ва сиёсат соҳаларида имкон борича ривожланиш қилинди".

- АҚШнинг Афғонистонда қолаётган ҳарбий кучларини олиб чиқиш бошқа чақирувларга тўпланиш, шунингдек, ўз иттифоқини тиклаш имконини беради, - дея қўшимча қилади Ллойд Остин.

"Президент қарори бўлғуси душманларни тутиб туриш ёки, талаб этилса, улар устидан ғалаба қозониш учун кучларимизни қайта тартиблаш имконини беради. Биз буни кичик босқичда эмас, НАТОдаги каби иттифоқчиликни фаоллаштириш ва миллий манфаатларимизга хавф соладиган таҳдидларга қарши курашиш учун қиламиз", деган Остин Брусселда ўтган АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен ва НАТО бош котиби Йенс Столтенберг музокаралари якунига бағишланган матбуот анжуманида.

 "Politico" газетасининг муҳокамалардан хабардор собиқ ва амалдаги  офицерларига таяниб ёзишича, Американинг юқори мартабали зобитлари Афғонистонда кичикроқ ҳарбий иштирокни сақлаб қолиш тарафдори бўлиб чиққан. Улар мамлакатда махсус топшириқли қўшин ва ҳарбий маслаҳатчи кўринишида кичикроқ кучни сақлаб қолиш заруриятини уқтирган ҳамда буни Афғонистонга "Толибон" ҳаракати жангариларини тийиб туриш учун бир неча минг нафарлик юқори тайёргарликка эга қисм кераклиги билан дастаклаган.

CNN телеканали маълумотларига кўра, Афғонистондан Америка қўшинларини тўлиқ олиб чиқишга қарши бўлаётган ҳарбийлар қаторида давлат департаменти расмий шахслари ҳам бор.

НАТО ҳам тараддудга тушди

НАТО ҳам 1 майдан бошлаб қўшинларини Афғонистондан босқичма-босқич олиб чиқишга киришади. Бу ҳақда ҳарбий алянс бош котиби Йенс Столтенберг ташкилотга аъзо давлатлар ташқи ишлар ва мудофаа вазирликлари раҳбарлари билан ўтказилган видеоконференция якунида эълон қилган.

"Биз ҳаммамиз биргаликда шундай қилишни ўйладик, негаки Афғонистон ортиқ бизнинг давлатларга қарши теракт уюштирувчи террорчилар учун бошпана ҳисобланмайди. Биз мамлакат хавфсизлик кучларини ташкил қилишга кўмаклашиш ҳақида ўйлаяпмиз. Барча кучлар бир неча ой давомида Афғонистонни тарк этади", деган бош котиб.

Унинг уқтиришича, НАТО афғон халқига кўмаклашишда давом этади, бироқ энди афғонларнинг ўзлари ўз мамлакатларида тинчлик ўрнатиши керак.

2014 йилда Афғонистон, АҚШ ва НАТО мамлакатда иттифоқчиларнинг  чекланган ҳарбий иштирокини сақлаб қолишга имкон берадиган хавфсизлик ҳақидаги келишувни имзолаганди. 2015 йил 1 январда "Ҳал қилувчи қўллов" ножанговар миссияси ҳарбий жанговар амалиётлар ўрнига келди.

2020 йилда Америка томони ва "Толибон" ҳаракати вакиллари мамлакатда зўравонликларни тўхтатиш эвазига хориж қўшинларини олиб чиқиб кетишни кўзда тутувчи келишувни имзолаганди. Узоқ йиллик урушдаги илк шартлашувда бу воқеа шу йилнинг май ойидаёқ амалга ошиши кераклиги белгилаб қўйилган.

Ҳозирда Афғонистонда НАТОга аъзо ва унга ҳамкор давлатлардан келган ўн минг нафардан камроқ чет эл қўшинлари бўлиб турибди. Шундан 2 минг 500 нафари америкалик ҳарбий хизматчилардир. Уларнинг асосий вазифаси - афғон хавфсизлик кучларини ўқитиш ва тайёрлаш экани айтилади. 

Толиблар келишувда белгиланган муддатни бузмасликни талаб қилаяпти

"Толибон" ҳаракати томони Афғонистондан чет эл қўшинлари чиқиб кетишини Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида эришилган шартлашувда кўрсатилган муддатдан кечиктирмай амалга оширишни талаб қилаяпти. Келишув шартларига амал қилинган ҳолдагина қолган масалалар ечимига ўтиш мумкин бўлади, дея ҳисоблайди толиблар.

Гап шундаки, ўтган йилнинг 29 февралида Доҳада АҚШнинг эндиликдаги собиқ ҳукумати "Толибон" билан имзолаган тинчлик келишувига асосан Америка ва унинг иттифоқдошлари Афғонистондан барча ҳарбий қисмларини келгуси 14 ой давомида олиб чиқиш мажбуриятини олган. Ўз навбатида толиблар мамлакат АҚШ ва унинг иттифоқчилари хавфсизлигига таҳдид туғдирадиган ҳаракатлар учун фойдаланиладиган ҳудуд бўлмаслигига кафолат берган.

Американинг амалдаги маъмурияти аввалроқ Афғонистон бўйича келгуси қарорлар, жумладан, мамлакатдан қўшинларни олиб чиқиб кетиш масаласи толиблар тинчлик ҳақидаги келишув шартларини қандай бажараётгани ўрганилганидан кейин қабул қилиниши тўғрисида огоҳлантирганди.

 "Биз барча чет эл қўшинлари Доҳада эришилган шартлашув муддатида ватанимиздан чиқиб кетишини кутаяпмиз. Агар келишувга амал қилинса, қолган масалалар ечими ҳам топилади", дея ёзган толибларнинг расмий вакили Забиулла Мужаҳид Twitter саҳифасида.

"Толибон" ҳаракати билан имзоланган ушбу келишув бўйича АҚШ Афғонистондан ўз ҳарбий контингентини 1 майдан кечиктирмай олиб чиқиб кетиши керак. Толиблар ана шу муддатда ким ўз ҳарбийларини олиб кетолмаса, уларни муаммолар гирдобига ва жавобгарликка тортиш ҳақида огоҳлантирди.

Ислом Республикаси АҚШ қарорини ҳурмат қилади

Ашраф Ғани ўтган ҳафтада Жо Байден билан телефон орқали гаплашди. Суҳбат доирасида раҳбарлар 1 сентябрга қадар америкалик аскарларнинг Афғонистондан чиқарилишини муҳокама қилган. Бу ҳақда афғон сиёсатчиси Twitter тармоғи орқали бўлишган.

"Бугун мен президент Байден билан боғландим. Суҳбат давомида унинг Америка қўшинлари сентябрь ойи бошига қадар Афғонистонни тарк этиши ҳақидаги қарорини муҳокама қилдик. Афғонистон Ислом Республикаси АҚШ қарорини ҳурмат қилади ва америкаликлар билан силлиқ ўтиш даврини таъминлаш борасида ҳамкорликда ишлайди", дея ёзган ижтимоий тармоқда Ашраф Ғани.

Афғонистон президенти мамлакат АҚШ ва НАТО каби шериклар билан ҳамкорликни давом эттириши ва тинчликка эришиш учун кучларни бирлаштиришини қайд этиб ўтган.

Ғарб нашрларининг тасдиқлашича, АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Ашраф Ғанига тинчлик жараёнларини фаоллаштиришга қаратилган, жумладан, Кобулда ҳукуматни толиблар иштирокидаги вақтинчалик маъмурият алмаштиришини назарда тутувчи Вашингтон таклифлари ёзма шаклини жўнатган. 15 апрелда эса унинг ўзи кутилмаган ташриф билан Афғонистонга келди ва мамлакат раҳбарияти билан учрашди. Муҳокама мавзуси аниқ - қўшинларни олиб чиқиш.   

Ким ғалаба қилди?

Россия президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Замир Кабулов томонларни АҚШ қўшинлари олиб чиқилиш муддати сурилиши ортидан ҳарбий сценарийлар ривожланишидан қочишга чақирди.

"Биз мамлакатда воқеаларнинг кейинги ривожи ҳарбийлашиб кетишини хоҳламаймиз. Толибларнинг Афғонистондан АҚШ қўшинларини олиб чиқишни кечиктиришга оид қарорга реакцияси кутилганди. Энди америкалик ҳамкасбларимиз "Толибон" ҳаракати билан имзоланган келишув юзасидан келишиб олиши керак бўлади", дея изоҳлайди Кабулов Америка раҳбарияти қарорини. 

Собиқ канадалик дипломат Патрик Армстронгга кўра, "Толибон" АҚШ ва НАТО қўшинлари таъминот чизиғига ҳужум қилиб, уларнинг Афғонистондан чиқиб кетишини тезлаштириши аниқ.

"Мен толиблар улар кетишини тезлаштиришини кутаяпман. Қандай қилиб эканлигини Ироқда кўрдик, АҚШ ва НАТО кучларида осонгина ҳужум қилиш мумкин бўлган таъминот чизиғи бор", дея фикр билдирган Армстронг.

Унинг сўзларига кўра, Байден ва АҚШ сиёсий элитаси мамлакат "ушбу 20 йиллик урушда ютқазгани ва Афғонистонда итоаткор иттифоқдош давлат тузишга уриниши муваффақиятсизликка учрагани"ни тушуниши керак.

Бизга қўшни давлатда мамлакатнинг анчагина ҳудудини эгаллаб олган ва йирик шаҳарларга ҳам кўз тикаётган "Толибон" ҳаракати жангарилари ва ҳукумат кучлари ўртасидаги қарама-қаршилик узоқ йиллардан буён давом этаяпти. Бузғунчи кичик қуролланган тўдалар ҳам кўзга ташланиб туради. Афғонистон мудофаа ва хавфсизлик кучлари эса ҳамкорликда бутун мамлакат бўйлаб терроризмга қарши амалиётлар ўтказиб келади.

АҚШ, НАТО ва улар иттифоқчилари Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқиш қарорига келгани кимда умид, кимдадир умидсизлик уйғотгани бор гап. Бинобарин, мамлакат ўзаро урушлар фонида дунё "гегемон"лари геосиёсий манфаатлари тўқнашган майдонга айланиб қолганини ҳам инкор этиб бўлмайди. Шундай экан, афғон халқига ҳақиқатда тинчлик соғинаётганларнинг қарама-қарши томонида ушбу мамлакатдаги нотинчликдан манфаат излайдиган кучлар ҳамон тургани эҳтимолдан йироқ эмас.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!