Меню

Қашқадарё

25.09.2020 313

ҲАММА ЎЗ ИШИНИ ҚИЛСА, ЭНГ БУЮК МАМЛАКАТГА АЙЛАНАРДИК

Сараланган сатрлар

Ҳақиқий исми Ирвин Гилберт Шамфорофф бўлган, Нью-Йоркда Россиядан келган яҳудий эмигрантлар оиласида туғилган Ирвин Шоу (1913-1984) Америка адабиётининг йирик вакилларидан саналади. У ўзининг Иккинчи жаҳон урушига бағишланган илк асари - "Ёш арслонлар" романи билан эътиборга тушган. "Бой ва камбағал", "Қашшоқ ўғри", "Византия оқшоми" асарлари катта шуҳрат келтирган. "Тунги дарбон" Ғарб ҳаётининг ижтимоий муаммолари, турли тоифага мансуб инсонлар оламини маҳорат билан акс эттиргани билан эътиборлидир.

* * *

Нью-Йорклик тентаклар чанғи курортларига қийналмасдан келиши учун йўлларга туз сепишяпти. Қор эриса, тузнинг бари кўлларга, дарё ва ҳавзаларга оқиб тушади. Ҳадемай бутун штатда балиқ зоти қолмайди. Бу билан ҳеч кимнинг иши йўқ. Ялпи бу ҳаёсизликни кўрмай ўлиб кетсам, мингдан-минг розиман.

* * *

"Бугун нимаики содир бўлаётган бўлса, - тушунтирди у, - бари ўтмишда юз берган ҳодисаларнинг инъикоси". Пэтнинг шу сўзларини эслаб, истеҳзо билан кулиб қўйдим. Демак, дудуқ туғилганимга ва учувчи сифатида яроқсиз бўлиб қолганимга Геттисберг даврида генерал Лини тор-мор этган Мидга ёки қирол Карл Биринчини бошидан жудо этган Кромвелга раҳмат айтишим керак экан-да?

* * *

Ҳаёт ва одамлараро муносабат масаласида инглиз адабиётидан шунга ишонч ҳосил қилдимки, сенинг феъл-атворинг - сенинг қисматинг, сенинг ютуқ ва омадсизликларинг эса сенинг фазилатинг ва қусурларинг оқибати.

 

Инсон қисматини унинг феъл-атвори белгилармиш. Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган ўттиз миллион европаликларнинг қисмати ёхуд Калькутта кўчаларида очликдан ўлганларнинг ёки бўлмаса, тириклайин чўғ оқими остида қолган кўҳна Помпей фуқароларининг қисмати ҳам уларнинг феъл-атвори оқибатими?

* * *

Нью-Йорк айнан ёлғизликни хуш кўрадиган одамларбоп шаҳар. Бу шаҳарда ҳеч қийналмасдан ўзингни танҳо ва бировга кераксиз кимсадай ҳис қилаверасан.

* * *

Пўлат сандиқларда сақланаётган пуллар, акциялар, облигациялар, қимматбаҳо буюмлар қай йўсинда тўпланган? Буларнинг бари мана шу муқаддас темир ғорда қўним топгунча қанча ҳаром қўлдан ўтдийкин, қанча тер ва қон тўкилдийкин, қанча жиноятлар содир этилдийкин?

* * *

Босқинчилар, гангстерлар тўдаси. Аксарият америкаликлар каби уларнинг кирдикорлари ҳақида ўқиган      ва кинофильмларда қиёфаларини кўрган бўлсам-да, жамиятимиз тубида кечаётган жараёнлар тўғрисидаги тасаввурим мавҳум эди. балки гангстерларнинг куч-қудрати, уларнинг махфий алоқалари ҳамда ўч олинадиган шахсларни қидириб топиш ва гумдон қилиш усулларига ортиқча қўрқув билан қараб келгандирман.

* * *

Сўнгги бор Вашингтонда 1969 йили бўлганман, ўшанда Ричард Никсоннинг президентлик лавозимини эгаллашга бағишланган маросимга Вермонтдан бир гуруҳ республикачиларни самолётда олиб келган эдим. Уларнинг аксарияти маст эди, айниқса, кайфи ошган бир сенатор жонимдан безор қилди, у Иккинчи жаҳон урушида В-17 бомбардимончи самолётини бошқарган экан. Вашингтонга кела-келгунча,  бошқарувни менга берасиз, деб хархаша қилгани ҳеч эсимдан чиқмайди.

* * *

Жангари эмасман, гарчи байроғимизни иззат-икром қиладиган ватанпарвар бўлсам-да, урушлар мени ҳеч қачон ўзига ром этганмас. Рост, ватанпарвар эдим, аммо ватанпарварлигим қонхўрлик даражасига етмаганди.

* * *

Бир нарсага ишончим комилки, агар Вашингтондагиларнинг барига, президентдан тортиб то Давлат департаменти қоровулигача, йилига бор-йўғи икки ҳафта ўз хизмат бурчини бажаришига имкон беришса, Америка дунёдаги энг буюк мамлакатга айланарди.

* * *

"...хўш, қандай яшаяпман? Беташвиш. Айни пайтда, нопок. Сийқа сўз, лекин шу тобда миямга бошқа сўз келмади. Ўттиз уч ёшни уриб қўйган бўлсангу, қандай одам эканингни билмасанг - бундан ёмони йўқ.

* * *

Модомики, келажакдан умидим бор экан, ўтмишни унутмаслигим керак.

* * *

"Бахтли келажак ҳақидаги орзуларим ғирт сароб экан. Тўғри, битта тасалли бор. Тепада ўтирган анови ҳаромзодалар бирорта урушда қурбон бўлиши учун ўғлимни олиб кетишмайди. Ўғлинг йўқлигига шукур қиладиган қанақа мамлакат бу?"

* * *

"Мен оддий бухгалтерман, фирмада ишлайман. Бировларнинг пулини санайман - бор-йўғи шу. Дунёда энг ёмон нарса нима, биласанми? Бировнинг пули..."

* * *

Швейцарияда жоиз-ножоиз ҳар қандай тиббий хизмат кўрсатилаверади - ҳақ тўланса, бас. Менга бир одам тўғрисида гапириб беришган эди. Унинг бош бармоғида шиш пайдо бўлади, у рак деб ўйлаб, ваҳимага тушади. Қўшма штатлар, Англия, Франция, Испания ва Норвегиянинг дўхтирларига кўрсатади, улар буни оддий яллиғланиш дейишади. Ҳалиги одам ишонмай, Швейцарияда катта пул эвазига бармоғини кесдириб ташлайди. Ҳозир Сан-Францискода хотиржам яшаб юрганмиш.

* * *

"Музей ва кўргазмаларга тез-тез бориб туришимиз керак. Барибир пировардида борлиқ ва ҳиссиётни жўн идрок этишдан халос бўласиз. Фақат кўпроқ разм солиш лозим. Ҳар қандай қимматли кашфиёт каби бу ҳам кишидан бутун кучни ишга солишни талаб этади".

* * *

"Сиз қалб қувончларининг қадрига етмайсиз, Дуглас. Одам фақат қора увилдириқ ейиш учун дунёга келмайди".

* * *

Чўнтагида ҳемири йўқ одамнинг бадавлат кишилар орасида яшаши осонмас.

* * *

Баъзи одамлар муҳожирликни афзал кўришади. Мен унақалар тоифасидан эмасман. Икки дунёда ҳам бегона тилни ўрганолмайман, бу тилда фикр юритолмайман. Мен учун она тилимдан ўзга тил йўқ.

* * *

Аллақачонлар шундай хулосага келганманки, дунёда адоғи йўқ битта адолатсизлик бор. Нимани кўрдим, нимага гувоҳ бўлдим? Миллионлаб бегуноҳ кишиларни домига тортган урушлар, вайроналик, қурғоқчилик, очлик. Айни пайтда давлат тепасидаги амалдорларнинг сотқинлиги, қўли эгри кимсаларнинг бойигандан бойиб, жафокашлар сонининг тобора кўпайиб борганини кўрдим, шунга гувоҳ бўлдим. Бу қисматдан қочиб қутулишнинг ёки лоақал азоб-уқубатни енгиллатишнинг иложи йўқ эди. Бўйнимга оламан, ўзим қурбонлар қаторига қўшилиб қолмасликка ҳаракат қилдим. Билдимки, кимнинг пули бўлса, ўшанинг ошиғи олчи. Пул кишига эрк беради. Камбағал одам эса ўрага тушган сичқондай бир жойда айланаверади. Чиқиб кетолмайди. Уни очлик ҳаракатга келтириб туради.

* * *

Пул билан камтарлик - ўт билан сув.

* * *

Фабиан мени ҳатто Цюрихда вафот этган Жеймс Жойс дафн этилган қабристонга ҳам олиб борди. Ёзувчининг ихчам ҳайкали ўрнатилган қабр тепасида "Улисс" романини ўқимаганимни билиб олгач, шаҳарга қайтишимиз билан мени китоб дўконига бошлаб кириб, ўша романни олиб берди. Турмада фақат ашаддий каллакесарлар эмас, Афлотунга қизиқадиган, мусиқа, адабиёт, тасвирий санъат, ичимлик ҳамда наслдор отларга ақли етадиган туппа-тузук одамлар ҳам ётиши мумкинлиги шундагина хаёлимга келди.

* * *

Ўтган замонларда кишининг шон-шавкати кибр-ҳаво билан эмас, унинг довюраклиги, олижаноблиги, жисмонан бақувватлиги, эътиқоди ва ҳалол-покизалиги билан ўлчанарди. Аммо кўпчилигимиз нимага амал қилишни билмайдиган, юксаляпмизми ё тубанлашяпмизми, олға кетяпмизми ё ортга чекиняпмизми, севамизми ё нафратланамизми, жирканамизми ё сажда қиламизми - мана шу хил саволларга дадил жавоб бера олмайдиган бизнинг замонамизда, ҳеч бўлмаса менга ўхшаган одамлар учун, кибр-ҳаво яшашнинг муҳим   дастагидай туюлади.

* * *

У, конституция бизга упадон билан чек дафтарчаси бор сумкачадан бошқа нарсани кўтармаслик ҳуқуқини инъом этган, дейдиган америкалик аёлларга ўхшамасди.

* * *

Ахлоқ - бир бутун тушунча. Уни қовундай кесиб-кесиб, ликопчаларга тақсимлаб бўлмайди.

* * *

Ўз уйинг, ўлан тўшагинг кутаётган тақдирдагина саёҳатлар чинакам қувонч бахш этади.

* * *

Биз энди буюк давлат эмас, унинг меросхўрларимиз. Вақт таъсирида аста-секин емирилаётган обидаларнинг ожиз қўриқчиларимиз.

Б.ЎКТАМ тайёрлади.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!