Меню
Қашқадарё
“ЎЗУМ БИЛА АНДИША ҚИЛДИМ...”
Тақдир синовларини кўп ва хўп кўрган Бобур ўзига нисбатан қилинган ёмонликларга яраша жавоб қайтариш қўлидан келса-да, бундай қилмаганини, балки ҳаётнинг адолатли ҳукмига ҳавола қилганини кўп бора таъкидлайди.
Мисол учун, Кобулни ўз қаламравига олган Бобур Шайбонийхонга қарши бирлашиш умидида Хуросонга – Султон Ҳусайн Бойқаронинг ўғиллари ёнига кетганида Кобулни эгаллашга уринган Муҳаммад Ҳусайн мирзонинг бу қилмишини холаси Хўб Нигорхоним ҳурмати юзасидан кечиради, унга мурувват кўрсатади ва Хуросонга кетишига рухсат беради. Лекин тақдирнинг ўзи бу кимсани оғирроқ жазога гирифтор қилади. Шайбонийхон тарафига ўтган Муҳаммад Ҳусайн унинг қўлида ўлим топади.
Ўз навбатида Бобур қадр-қимматини яхши биладиган, вақти келганида дадил ҳаракат билан ўз шаънини ҳимоя қила оладиган шахс ҳамдир. Бу хислат унинг мағрур, ўзига ҳаддан зиёд ишонган қондоши – Бадиуззамон мирзо билан муносабатларида яққол кўзга ташланади. Бобур мирзо ўзига нисбатан шаҳзода томонидан муносиб одоб-ҳурмат кўрсатилмаганида ўз эътирозини беклар орқали айттиради ва мантиқ кучи билан Бадиуззамон мирзони ўз айбини тан олишга мажбур эта олади.
Бобур Ҳусайн Бойқаро ўғиллари орасида иттифоқ, иноқлик йўқлигини, ака-укалар бир-бирига ёв эканини афсус билан тилга олади. Хусусан, отаси ўлимидан кейин Бадиуззамон билан Музаффар мирзо тахтни шерикликда бошқарган, яна бир ўғил Кепак мирзо иниси тахтда ўтирганига аччиқ қилиб, Шайбонийхонга қарши бирлашиш учун чақирилганида, Машҳаддан келмайди ва буни Бобур номардлик деб баҳолайди.
Бобур – мард, танти, довюрак темурийзода. Ҳар қандай чигал вазиятда ҳам ўзига ишонч, жасорат билан ҳаракат қилади, шаънига доғ туширмайди. Ёшлиги, тажрибасизлиги боис мағлубият аламини тортган фурсатларда ҳам, сарсон-саргардон юрганида ҳам, ҳатто тарафдорларидан айри тушиб, жангдан сўнг ёлғиз ўзи чекинишга мажбур бўлган дамларда ҳам бирдай жасур, мардона инсон бўлиб қолаверади. Энг муҳими, шундай пайтларда чеккан хавотир ва қўрқувини у яшириб ўтирмайди, балки ўқувчи билан баҳам кўради.
Андижон учун жанг бораётган дамларда Бобурнинг инилари ёв қўлига тушадилар, ўзи озгина одами билан чекинишга мажбур бўлади. Аввалига одамларини ташлаб кетишга кўнмаган мирзо кейинроқ вазият қалтислигини ҳисобга олиб, рози бўлади. Бундан хабар топган Аҳмад Танбалнинг икки одами ҳийла билан уни бир чорбоғда тўхташга кўндирадилар. Уларнинг асл ниятини сезган Бобур бу қалтис вазиятда кўнглидан ўтганларини шундай ифодалайди:
“Муни дегач, манга ғариб ҳолате бўлди. Оламда жон ваҳмидин ёмонроқ нима бўлмас эмиш... Ўзумда бетоқатлиғе фаҳм қилдим. Қўптум, боғ гўшасиға бордим. Ўзум била андиша қилдим. Дедимким, киши агар юз, агар минг яшаса охир ўлмак керак... Ўзумни ўлумга қарор бердим... ”
Ўз қисматини мардона қарши олишга тайёр турган мирзони тақдир қўллайди ва тарафдорлари етиб келади.
Шу маънода Ҳасанхўжа Нисорий Бобурга таъриф бераркан, “Чиғатой султонларининг энг сараси ва зўр шижоатлиси эди” деганида айни ҳақиқатни айтган эди.
Бу ҳақда “Бобурнома”дан бошқа кўплаб далилларни учратиш мумкинки, уларда Бобур шахсиятининг бетакрор қирралари жилваланиб туради.
Раъно ОДИЛОВА, Қарши туманидаги 25-мактаб ўқитувчиси