Меню
Қашқадарё
“ЗУЛФИЯ” ОБЕРИНГ, ДАДАЖОН...
Бу киши Алпинисахон. Оёқ-қўли чаққонгина - балодек. Қурмағурнинг ҳусни ҳам кўрган кўзни яра қилади. Э, сиз унинг гапиришини эшитмагансиз, бирам чиройли қарғайди...(дрр...узр адашиб кетдим) сўзлайди демоқчийдим, акаси. Шу қиз ҳам Зулфияхоним қизи бўлмоқчи, шу десангиз. Маҳалланинг уёғидаги опаларига ҳавас қилади. Бор каромати шуми, дейсизми? Эҳ-ҳе, бу қизда талант тўлиб ётибди, фақат қанақа талант эканини ҳеч ким билмайди, қизгинанинг ўзи ҳам. Зулфия момосининг қизи бўлволсин, кейин кўрасиз ҳам, биласиз ҳам...
Бу қизимизнинг исмлари - Таннозгул. Бўяниш бўйича жаҳон чемпиони. Лекин кийинишига гап йўқ, атлас юбкасини қаранг, ҳай-ҳай, калталигига эътибор берманг, ҳарҳолда миллийча. Ҳеҳ-ҳеҳ…Таннозгул ҳам ҳали Зулпия энасининг қизи бўлмади. Лекин дадаси айтган: “Сенинг момонг албатта, Зулфия бўлади”, деб. Демак, бўлади. Таннозгул шеърлар ҳам ёзиб туради, лекин у шахматни ёқтиради, қачонки, у теннис ўйнашдан чарчаса, албатта, шахмат ўйнаб шеър ёзади. “Бунақаси битта экан-ов”, дейишга шошилманг, ҳали бунақалари кўп, акаси… Ҳеҳ-ҳеҳ…
Бу қизимиз эса Ойпошшахон бўладилар. Каратэс… Ёмон гапириб қўйманг тағин. Зулфия энамнинг қизи бўлмасам, бунга қарши турганларни каратэ қилиб ташлайман, деб онт ичган. Бу қиздан сал четроқ турганимиз маъқул. Шуниси соғлиққа фойда.
Бинафшахон қизимиз эса мана шу абжиргина, шаддодгина, жиблажибон қиз. Кеча тадбирда кўрмадингиз-да, Ватан ҳақидаги шеърни шунақа баланд овозда ўқиди, шу жимитдек қизнинг овози шунча баланд эканига ишонгинг келмайди.
Хуллас, бу синглимиз каби тиришқоқ қизлар кўп.
Келинг, энди Зулфияхоним қизлари билан таништирай сизни. Мана бу қиз Норбибихон бўладилар. Эртаю кеч айтиб юрадиган бир шиорлари бор бу синглимизнинг: “Мен Ўзбекистонимни жонимдан ортиқ яхши кўраман”. Ана шунақа, Ватанга меҳри бўлакча бу қизнинг. Ўргансак, ибрат олсак арзийди.
Бу қизни танисангиз керак эҳтимол.
Телевизорда чиқиб, жўшқин нутқлари билан ҳаммани лол қиладиган қиз – шу. Ўзиям сўзлари дона-дона, сира тутилмайди. Лекин кўпчилик унинг гаплари ҳамма жойда бир хил, нутқи бир қолипда, дейишади. Э, акаси, улар-чи, шу гапига бекорларнинг бештасини айтибди, юракдан чиқадиган сўз битта бўлади-да. Нимаси ёмон буни, ие?!
Мана бу қизимиз кураш бўйича чемпион, Зулфия энамга ўхшайман, дейди. Зулфияхоним ҳам балки, спорт билан шуғулланган чиқар, биз буни билмаймиз, аммо. Исмлари ҳам ажойиб – Чаққоной. Бу йил ўқишга ҳам кирдилар. Ахир Зулфияхонимнинг изидан бораяптилар, олийгоҳда Чаққоной ўқимай, аммамнинг қизи Каштагул ўқисинми? Э, фақат спортчимас, бу қиз, истеъдоди бижғиб, э, оқиб ётибди.
Э, акаси, шунақа талантли сингилжонлар-да булар. Мана ишонмасангиз, мана бу шоира синглимиз Шоирахоннинг шеър ўқишларини қаранг, шеърларининг самимийлигини айтмайсизми:
“Ватаним дунёда битта, ватаним,
Яшайман шундайин юртда, ватаним.
Зулфия энамнинг қизиман,
Шоиранинг ўзиман.
Мен дадамнинг сўзиман,
Мен онамнинг кўзиман...”
Қойил қолаяпсиз-а? Мен сизга яна кўп қизларимизни, Зулфияхоним қизларини таништирмоқчи эдим, бугунча етади деб қолдингиз. Ҳай майли, насиб қилса, кейинги сафар...
P/S. Меҳмон билан маҳаллани тарк этаётиб, ҳалиги Бинафшахон синглимизнинг телефонда гапираётгани қулоғимизга чалинди: “Менам Зулфияхоним қизи бўлай, “Зулфия” оберинг, дадажоон...”
Хуршид АБДУРАШИД,
Касби тумани