Меню

Қашқадарё

16.01.2018 2554

ЗОТДОР ОТЛАР БОҚИЛАДИГАН ЗАМОНАВИЙ МАЖМУА

Таъкидлаб ўтиш жоиз, азал-азалдан юртимизда от чоптириш, улоқ-кўпкари каби мусобақалар  халқ орасида кенг оммалашган. Жисмоний куч, эпчиллик билан биргаликда ҳалоллик, мардлик, довюраклик каби жиҳатларга асосланган бу ўйинлар ёшларни ана шу фазилатлар асосида тарбиялаш, саломатликни  мустаҳкамлаш воситаси бўлиб хизмат қилган. Бир сўз билан айтганда, халқимиз отчилик ва от спорти борасида жуда катта тажрибага эга. Бироқ бу ишлар халқаро даражада ташкил этилмагани ҳам бор гап. Чунки шу вақтга қадар зотдор отларни парваришлаш, от спортини ривожлантириш борасидаги ишлар яхлит тизимга солинмаган эди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 15 июндаги “Ўзбекистон Республикасида йилқичилик ва от спортини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим аҳамият касб этди.

Воҳамизда янгидан қад ростлаган “Қорабайир отчилик мажмуаси” унитар корхонасига қарашли зотдор отларни парваришлаш ва от спорти билан боғлиқ турли мусобақаларни ўтказишга мўлжалланган йирик мажмуа ҳам  Президентимизнинг мазкур қарори асосида, “Шўртан газ кимё  мажмуаси”  МЧЖ ташаббускорлигида барпо этилди.

- Мажмуа 10,24 гектар майдонни ўз ичига олади, - дейди “Қорабайир отчилик мажмуаси” унитар корхонаси тармоқ бошлиғи Даврон Мусаев. – Бу ерда от спорти мусобақаларини ўтказишга мўлжалланган битта очиқ ва битта ёпиқ манеж барпо этилди. Бу эса қиш ва ёз фаслларида ҳам  мусобақалар ўтказиш, машғулотлар олиб бориш имконини беради. Шунингдек, мажмуа ҳудудида ҳар бирига 50 тадан от сиғадиган 4 та отхона қурилди. Бу отхоналарда 100 бош спорт отлари алоҳида парваришланса, яна 100 бош 1 ёшдан 3 ёшгача бўлган отлар доимий равишда боқилиб, келгуси спорт мусобақаларига тайёрлаб борилади.

Айтиш ўринлики, мажмуанинг қурилиши ва жиҳозланишида зотдор отларни парваришлаш, боқишга мўлжалланган  замонавий технологиялардан кенг фойдаланилган.  Хусусан, айғир ва бияларни қумда совутиш майдончаси билан бир қаторда, механик совутиш ускуналари ҳам ўрнатилган. Шунингдек, тўртта отхонанинг ҳар бирида 2 тадан, энг сўнгги русумдаги ускуналар ёрдамида ишлайдиган отларни чўмилтириш бассейнлари қурилган. Ҳатто жониворлар сув ичадиган идишларга қадар автоматлаштирилган. Яъни ҳайвон чанқаган вақтда идишга тумшуғини олиб боради, шунда идиш ичига унинг эҳтиёжига мос тарзда сув қуйила бошлайди. От бошини идишдан олиши билан сув келиши ҳам тўхтайди.

Хуллас, 44 миллиард маблағ эвазига барпо этилган мазкур мажмуада зотдор қорабайир отлари тўлиқ замонавий усулда парваришланади. Ҳозирги вақтда “Қорабайир отчилик мажмуаси” унитар корхонаси томонидан зотдор отларни келтириш борасида ишлар олиб борилмоқда. Мажмуа тўлиқ ишга тушгач, бу ерда мамлакат ва халқаро  миқёсдаги мусобақалар ўтказила бошланади.

 

Ж.БОЙМУРОДОВ

Суратларда: мажмуа кўринишидан лавҳалар.

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!