Меню
Қашқадарё
ЗОТДОР МОЛ ГЎШТ-СУТ БЕРСИНУ, ЕМ-ХАШАК ЕМАСИНМИ?
Муаммо, мулоҳаза, муносабат
Чорвачилик юқори даражада ривожланган аксарият давлатларда асосий эътибор молларнинг бош сонини кўпайтириш эмас, балки уларнинг маҳсулдорлигини оширишга қаратилади. Чунки юз бош жайдари мол ўрнига ўн бош зотдор ва юқори маҳсулдор мол боқиб, нисбатан кам меҳнат ва харажат қилган ҳолда, кўпроқ фойда олиш мумкинлиги аллақачон амалиётда исботлаб бўлинган.
Шундан келиб чиққан ҳолда, мамлакатимизда ҳам хориждан зотдор молларни олиб келиш ва кўпайтиришга алоҳида аҳамият берилиб, соҳани ривожлантириш учун ҳудудларда етарли шарт-шароитларни яратиш, янги ташаббусларни амалга ошираётган фермер ва тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича тизимли ишлар йўлга қўйилган. Сўнгги тўрт йилнинг ўзида давлат раҳбари томонидан чорвачилик соҳасини тубдан ривожлантириш бўйича ўндан ортиқ фармон ва қарорлар, шунингдек, ҳуқумат доирасидаги ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниши ҳам соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар миқёси ҳақида аниқ тасаввур беради.
Аммо кўрилаётган чора-тадбирларга қарамай, айрим ҳудудларда маҳсулдор чорва молларини парваришлаш ва кўпайтириш ишлари ҳали-ҳамон кутилган натижани бераётгани йўқ.
Буни биргина вилоятимиз мисолида таҳлил қиладиган бўлсак, хориждан зотли молларни олиб келиб кўпайтириш бўйича саъй-ҳаракатлар бошланган 2007 йилдан буён Германия, Польша, Украина, Россия ва бошқа давлатлардан 16 минг бошга яқин наслли қорамоллар олиб келиниб, улардан 14 минг бошга яқин наслли бузоқ олинган ва айни пайтда вилоятдаги хўжаликларда парваришланаётган зотли моллар сони 30 минг бошдан ошган.
Агар қарийб 13 йилдан буён вилоятга 16 минг бош наслли қорамол олиб келингани ҳолда, шунча йил мобайнида уларнинг сони атиги 14 минг бошга кўпайганини инобатга олсак, натижа кутилган даражада эмаслиги аён бўлади. Аслида ҳам шундай.
Хориждан зотли мол олиб келган аксарият фермер ва тадбиркорлар чорва бош сонини кўпайтиришдан кўра, кўпроқ борини сақлаб туриш ҳақида қайғурмоқда. Чунки кўп молга кўп ем-хашак керак. Бунинг учун эса етарли даражада яйлов ва экин майдонлари зарур. Ана шуниси соҳадаги энг оғриқли муаммолардан бири.
Дейлик, ташаббускор хориждан 100 бош зотли мол олиб келиб, кўпайтирмоқчи. У аввалига бу ҳақдаги лойиҳани маҳаллий ҳокимликка тақдим этади. Ҳокимлик одатда бундай ташаббусни қўллаб-қувватлайди, аммо етарли миқдорда ер ажратиб бера олмайди, чунки ер берилиши учун фермернинг чорваси амалда бўлиши керак. Шу боис у аввал чорвани олиб келиб, кейин озуқа етиштириш учун ер олиш ҳаракатига тушади. Ҳокимликдагилар ерни дарровгина ажратиб бера қолишса-ку майли, ўз вақтида экинни экиб ташлайди ва беш-олти ойдан сўнг ем-хашак ўзидан чиқа бошлайди. Аммо бу ёқда фермер молни олиб келиб, у ёқда масъуллар ер ажратишни пайсалга солиб турса, ёмон. Ем-хашакни пулга сотиб олавергач, тадбиркор кутган даромад буромадга айланиб кетиши ҳеч гап эмас.
Хуллас, чорвачилик соҳасида фаолият бошлаётган кўпгина тадбиркорлар дуч келган ва келаётган муаммо шу.
Мисол учун, Ғузор туманидаги "Етти саодат нури" масъулияти чекланган жамиятини олайлик. Жамият иш юритувчиси Ихтиёр Панжиевнинг айтишича, ушбу субъект таъсисчилари жорий йил бошида Австриядан 152 бош симментал зотли қорамол олиб келишган. Сигирлардан бузоқ олинаётгани ҳисобига, мол бош сони кундан-кунга ортиб бораяпти.
Айни пайтда амалда бўлган "Фермер хўжалиги тўғрисида"ги Қонуннинг 5-модддасига кўра, чорвачилик фермер хўжаликларига Қашқадарё вилоятида бир шартли бош чорва молга 0,45 гектардан, суғорилмайдиган (лалми) ерларда эса камида 2 гектардан ер ажратилиши керак.
"Бир шартли бош мол" деганда бир бош соғин сигир ҳамда бир бош наслли буқа тушунилади. Қолган барча йирик шохли моллар 0,6 бош шартли мол ҳисобланади.
Демак, "Етти саодат нури" масъулияти чекланган жамияти томонидан олиб келинган 152 бош сигир сони 91 бош шартли мол ҳисобига юритилади ва уларга камида 41 гектар сувли ёки 182 гектар лалми ер ажратилиши керак.
Қолаверса, жамият томонидан олиб келинган зотли молларнинг барчаси ёш сигир ва бўғоз. Айни пайтга қадар 5 сигирдан бузоқ олинган. Яқин бир-икки ой ичида соғин сигирлар сони юздан ошиши аниқ. Бу ҳолатда эса субъектнинг ем-хашак етиштириш учун экин майдонига бўлган эҳтиёжи яна сезиларли даражада ошиши аниқ. Тадбиркор бунинг учун аввалдан ҳозирлик кўриши, ерни тайёрлаб, уруғ қадаб, ем-хашак озуқасини мустаҳкамлаб олиши зарур. Аммо ҳали унга атиги 26 гектар ер берилган, холос.
- Ернинг қолган қисмини ҳам олиш учун туман ҳокимлигига жуда кўп маротаба мурожаат этишимизга қарамай, муаммо ҳал бўлмаяпти, - дейди Ихтиёр Панжиев. - Шу вақтгача олдиндан тўплаган озуқа базамиздан фойдаланган бўлсак, энди ем-хашакни сотиб олишимизга тўғри келади. Бундай вазиятда фаолиятдан даромад олиш, чорва бош сонини кўпайтириш имконсиз. Агар шу кеча-кундузда ер олсак ҳам уни баҳорги экин мавсумига тайёрлаб қўйишга улгурардик. Лекин ҳали ҳам ер ололганимиз йўқ.
Туман қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи Шерали Ғафуровнинг айтишича эса, ушбу жамиятнинг муаммоси унга белгиланган тартибда ер берилмагани эмас, балки кўрсатилган ерни олмаётганида.
- Тадбиркор ўзига яқин ҳудуддаги ерни олишни истаяпти, - дейди Шерали Ғафуров. - Аммо унинг яқинидаги майдон бошқа фермер хўжалигига қарашли. Ўша фермер ҳар йили пахта етиштириш бўйича ҳам, ғалла етиштириш бўйича ҳам шартнома режасини бажариб келмоқда. Қандай қилиб ундан ерни олиб, бошқага берамиз? Бу мантиққа ҳам зид. Биз "Етти саодат нури" масъулияти чекланган жамиятига туман захирасида турган бўш ерлардан ажратиб беришимиз мумкин.
Масъулнинг бу борадаги фикрлари ўринлидек. Аммо туманда чорвачиликни ривожлантириш устувор аҳамиятга эга экан, ҳокимлик тадбиркорни ҳам ўйлаши, муаммонинг маъқул ечимини тақдим этиши лозим. Чорвачилик комплексидан узоқ, муҳандислик-коммуникация тармоқлари бўлмаган, унумсиз ердан экин майдони ажратиб бериш билан унинг муаммосини ҳал қилиб бўлмайди. Аксинча, янги муаммолар пайдо бўлади.
Чироқчи туманидаги "Қаландаров Ўрал Рахмонович" фермер хўжалиги худди шундай ҳолатга дуч келган.
Чорвачилик йўналишида фаолият кўрсатаётган ушбу субъект жорий йилда 57 бош наслли ёш сигир олиб келган. Бу билан хўжаликдаги йирик шохли моллар сони 180 бошдан ошиб кетган. Шунингдек, субъект тасарруфида 280 бош майда туёқли чорва ҳам мавжуд. Фаолиятга қатъий киришган фермер замонавий чорвачилик комплексини қуриб битказган, лойиҳада кўрсатилган иш ўринларини яратган, олинган сутни шартнома асосида ҳудуддаги қайта ишловчи корхоналарига етказиб бермоқда. Аммо ем-хашак таъминотида муаммо мавжуд.
Боиси, ушбу хўжаликка ем-хашак етиштириш учун ўзига узоқ ва ноқулай жойдан 130 гектар лалми ер майдони ажратиб берилган. Ҳозир фермер бу ерга чорва учун сувни ҳам машинада ташиб келтирмоқда. Экин экиш учун эса ер остидан сув олиш имконини берадиган артезиан қудуқ керак.
Айни пайтда шунинг ҳаракатига тушган фермер 165 миллион сўм пул сарфлаб, 3 минг 200 метр масофага электр линиясини тортиб келибди, энди эса артезиан қудуқнинг ўзи учун яна каттагина маблағ талаб этилади.
Қолаверса, олган 130 гектар ер ҳам чорва бош сонига мос эмас, мавжуд тартиб бўйича яна 40 гектар ер олиши зарур, қолаверса, чорва сони кўпайиб боргани сари, экин майдонига бўлган эҳтиёж ҳам кундан-кунга ортиб бораяпти. Ерни олиш эса осон иш эмас.
Хуллас, озуқа етиштириш учун экин майдонлари етишмаслиги бугун чорвачилик йўналишида фаолият юритаётган кўпгина субъектларни қийнаётган энг долзарб муаммолардан бири. Уларнинг аксарияти белгиланган меъёр асосида ер берилмагани ва бу бизнеснинг юриб кетишига йўл бермаётганидан нолишади. Ҳайрон қоласан киши, ҳудудда чорвачиликни ривожлантириш долзарб вазифа эканлигини таъкидлаётган масъуллар ем-хашаксиз мол боқиб бўлмаслигини тушунмайдими? Уларга қолса, зотдор мол гўшт-сут берсину, ем-хашак емасин экан-да?!
Ж.БОЙМУРОДОВ