Меню
Қашқадарё
ЎЗЛИКНИ АНГЛАШ ТАРИХНИ БИЛИШДАН БОШЛАНАДИ
Китобнинг биринчи фасли “Ўзликни англаш тарихни билишдан бошланади” деб аталиб, унда муаллифлар мозийга назар ташлар экан, ўзбек халқининг келиб чиқиши, этник хусусиятлари, ўзбекнинг 92 уруғидан бири бўлган қовчин эли, унинг турли асрлардаги ҳаёти тилга олинади. Хусусан, қишлоқда дастлабки маърифат масканларининг ташкил этилиши, халқнинг эртанги ҳаётини ўйлаб кўнгилли бўлиб урушга кетганларнинг жанггоҳлардаги жасорати ва фронт ортидагиларнинг заҳматли меҳнати тасвирланган саҳифалар ўқувчини бефарқ қолдирмайди. Муаллифларнинг ҳикоя қилишича, биргина Қовчин қишлоғидан 351 киши урушда иштирок этиб, шулардан 114 нафари ватанга қайтишган.
“Кўҳна Қовчин ёдгорликлари” номли фасл мазмун-моҳияти билан китобни зийнатлаган. Китобхон бу фаслда Қовчин қишлоғидаги улуғ авлиё-аллома Имом Мўъийн ан-Насафий ва Шамсул-аимма ал-Ҳалвоний зиёратгоҳлари ва бу инсонларнинг шахси, ҳаёти ҳамда илмий мерослари билан танишади. Танишиш жараёнида Ҳазрат Имом Мўъийн мажмуасидаги Имом Мўъийн мақбараси, масжиди, қудуғи, ҳовузи, Чор эшик, Духтархона деб аталмиш ёдгорликлар тарихи орқали ислом дини ва илми тарғиботчиси бўлган авлиё-алломанинг шу ерда яшаб, халқни одоб-ахлоққа ва маърифатга чорлаб ўтганидан воқиф бўлади.
Мақбарада лавҳ тахтаси устидаги Қуръони каримнинг 60х50 сантиметр бичимдаги қадимий нусхаси, Шайх ибн Ҳожибнинг араб тили грамматикаси ҳақидаги “Қофия” деган китобига улуғ аллома Абдураҳмон Жомий ёзган “Фавоиду зиёия” (“Шарҳи мулла Жомий”) номли шарҳ китоби ва Абу Бакр ибн Умар ал Котибий ал- Қазавийнинг “Ҳикматул айн” асарига Муҳаммад ибн Муборакшоҳ ал-Бухорий томонидан ёзилган “Шарҳи ҳикматул айн” асарларининг мавжудлиги ҳам Имом Мўъийннинг Қуръон тавсифи, илми фиқҳ соҳасида ўз даврининг улуғ уламоларидан бўлганидан далолат беради.
Маълумки, машҳур арабшунос олим Убайдулла Уватов Абул Мўъийн ан-Насафий ҳақида муҳим маълумотлар берган. Уларнинг энг муҳими унинг ислом дини фалсафасининг таркибий қисми – калом илмининг дарғаларидан бири эканлиги ҳақидаги фикрлардир. Ана шуни инобатга олган муаллифлар китобга олим билан қилинган суҳбатни ҳам илова қилишган. Бу жонли суҳбат китобхонларни Абул Мўъийн ан-Насафий илмий мероси билан янада яқинроқ таништиради.
Муаллифларнинг Шамсул-аимма ал-Ҳалвоний ҳақида келтирган маълумотлари ҳам китобхонни бефарқ қолдирмайди. Мавжуд илмий манбалар асосида олиб борилган тинимсиз изланишлар асосидаги бу маълумотлар алломанинг оламдаги бор мавжудот ва ўсимликлар изоҳига ҳамда фиқҳ илмига бағишланган бир неча асарлари борлигини, муқаддас Каъба ва Мадинадаги Пайғамбаримиз (с.а.в.) масжидларида хизмат қилиб, “Имомлар қуёши” унвонига эга бўлгани ва ниҳоят, умрининг охирини Қовчин қишлоғида яшаб ўтказгани билан таништиради.
Китобдаги “Кўҳна маскан фахрийлари”, “Аср ошган анъаналар”, “Тарих сабоқлари”, “Эл ардоғидаги одамлар” каби фасллар ҳам ўқувчи диққатини тортади. Бу фаслларда Қовчин қишлоғининг кечаги ва бугунги манзараси, одамлари, асрлар оша сайқал топиб келаётган халқ ўйинлари, тўй-маросимлари ҳақида қизиқарли далиллар келтирилади.
Хулоса қилиб айтганда, муаллифлар ушбу асари билан жаҳон тамаддунига ўз илмий мероси билан ҳисса қўшган юртдош алломалар номларини авлодлар хотирасида тиклаш ва халқимиздаги миллий қадриятларни улуғлашдек хайрли ишни адо этганлар. Ундан баҳраманд бўлиш эса китобхон билимини оширади, тасаввурини бойитади, ўзликни англашга ундайди.
Дамин ТЎРАЕВ,
филология фанлари доктори, профессор