Меню
Қашқадарё
ЎЗИМИЗНИНГ САБЗАВОТУ МЕВА-ЧЕВАЛАР
Халқ орасида саратонга давоси йўқ дард сифатида қаралади. Аммо бу нотўғри фикр. Агар касаллик бошланғич даврларида аниқланиб, тегишли чора-тадбирлар кўрилса, тери саратонини 90-95 фоиз, сут бези ва бачадон саратонини эса 70-75 фоиз ҳолларда даволаш мумкин. Бу тиббиётда ўз исботини топган.
Ушбу хасталикнинг келиб чиқиш сабаблари ҳали фанда охиригача аниқлангани йўқ. Аммо ўтказилган тадқиқотлар натижасига кўра, ташқи муҳитдан бериладиган нурланиш, қишлоқ хўжалиги экинларидан мўл ҳосил олиш мақсадида меъёридан кўп ишлатиладиган минерал ўғитлар, пестицид ҳамда гербицидлар ва тирик организмнинг ўзида бўладиган ҳаётий биокимёвий жараёнлар туфайли кўпайиб кетадиган эркин радикаллар тўқималарда саратонни чақирадиган муҳим сабаблардан бири экан.
Дарҳақиқат, эркин радикаллар атом ёки молекулалар шаклида жуфтланмаган электронли заррачалардир. Улар қисқа умр кўрса-да, реакцион хусусиятга эга ва биринчи навбатда тирик ҳужайра мембранаси ишига салбий таъсир этади. Оқибатда мембрананинг саралаб ўтказувчанлик хусусияти бузилади, бу ҳол эса, ўз навбатида, тўқиманинг меъёрий ишлашига зарар етказиб, ҳар хил ўсмалар, шу жумладан саратон ўсмасини пайдо қилади.
Саратон касаллигидан ҳимояланишда антиоксидантларнинг ўрни катта. Улар табиий ёки синтетик йўл билан олинадиган моддалар бўлиб, органик бирикмаларнинг оксидланишини секинлаштиради ёки бутунлай бартараф қилади. Шу боисдан антиоксидантлар эркин радикаллар ҳосил қилувчи оксидланиш реакцияларини ва бу жараёндан кўриладиган зарарларни тўхтатиш хусусиятига эга.
Табиий антиоксидантлар бободеҳқонларимиз томонидан етиштирилган сабзавот маҳсулотларида жуда сероб. Улар самарали, арзон ҳамда зарарсиздир. Одамлар ушбу маҳсулотлардаги бебаҳо шифобахш моддалар ҳақида қанча кўп билсалар, касалликларнинг, шу жумладан саратоннинг ҳам олдини олишда кўзланган натижаларга эришилади.
Бундай антиоксидантлардан каротиноидлар, токоферол ва аскорбин кислоталари саратон туғдирувчи эркин радикалларга қарши фаол курашади. Хусусан, каротиноидлар одатда ҳосили сариқ, тўқсариқ, қизғиш ёки қизил рангли ўсимлик пигментлари бўлиб, унга каротин (провитамин А) ва ксантофилл киради. Каротиноидлардан бета-каротин қизил сабзида мўл бўлади, унинг 100 граммида 9 миллиграмм ушбу провитамин мавжуд. Сабзидаги бета-каротин яхши ўзлаштирилиши учун уни истеъмол қилаётганда аввал майдалаб, кейин унга қаймоқ ёки ўсимлик ёғи қўшилади.
Помидор, қизил қалампир ва наъматак мевасида каротиноидлардан ликопин кўпроқ бўлади. Ушбу модда саратонга қарши курашувчи восита бўлиб, эркакларни қийнайдиган простата бези ракига қарши фаол курашади. Бундан ташқари, ликопин юрак-қон томир фаолиятига ҳам ижобий таъсир этади. Шу боисдан юрак-қон томир хасталикларида каротиноидларга бой маҳсулотлардан истеъмол қилиб туриш тавсия этилади.
Шунингдек, ликопиннинг яхши ўзлаштирилиши учун у мавжуд маҳсулотлар яхшилаб майдаланиши, паста ҳолига келтирилиши ёки товада пиширилиши лозим. Маълумки, ликопин маҳсулотлар целлюлозали пўст билан ўралган бўлади, мана шу қобиқ ичакларда тезда эримайди, яъни ферментатив парчаланмайди ва шу боис бу муҳим модданинг танага ўзлаштирилиши жуда қийинлашади. Маҳсулотлар майдаланганда эса маҳсулот пўсти парчаланади ва ликопиннинг қонга сўрилиши яхшиланади. Айниқса, саримсоқпиёз ва пиёзни овқатга ёки салатга ишлатишдан 15-20 дақиқа олдин қирғичдан чиқариб, тиндириб, сўнг аралаштирилса, фойдалилиги янада ошади. Чунки эзилган саримсоқпиёз ҳужайраларидан чиққан махсус фермент ва ҳаводаги кислород таъсирида ракка қарши кучли антиконцероген модда - аллицин синтез қилинади. Шуни эсдан чиқармаслик керакки, уларнинг биосинтези тўлиқ бўлиши учун майдаланган саримсоқпиёз ва пиёз салатларга энг охирида қўшилади.
Карам саратонга қарши туриш хусусиятига эга сабзавот. Буюк Британиянинг Лестер университети олимлари томонидан ҳар ҳафтада камида 4-5 марта карамли таомлар истеъмол қилиб турадиганларда уни емайдиганларга нисбатан ўпка раки ўртача 50 фоиз кам учраши аниқланди. Худди шунингдек, карамхўрлар ошқозон, йўғон ва тўғри ичак, простата бези ва сийдик қопи саратони билан анча кам хасталанар экан.
Карам барглари кесилганида, чайналганида ёки эзилганида 15-20 дақиқа давомида юзага келадиган микрозиноза ферменти таъсирида антиконцероген модда - изотиоцинат ҳосил бўлади. Изотиоцинат кўпинча хотин-қизларда учрайдиган кўкрак бези саратонини даволашда қўлланилади.
Карамдан шўрва ва буғда димланиб таом тайёрланганида у эзиб қозонга солинса, қайд қилинган антиконцероген моддалардан анча-мунчаси сақланади. Шу боис карамли таомлар тайёрлашда уни шошилмасдан майдалаб тўғраш кони фойда. Айниқса, бу жараён унча юқори бўлмаган ҳароратда ўтказилса, антиоксидантлар миқдори ва фаоллиги камайиб кетмайди.
Айрим саратонга қарши хусусиятга эга сабзавотлар майдаланганидан кўра бутунлай қайнатилганида фойдали микроэлементлар парчаланиб кетмасдан сақланади. Бунга мисол қилиб сабзидаги антиоксидант - фалкаринолни олиш мумкин. Америкалик профессор Кристен Бронд тажрибаларида овқатга солишдан олдин сабзи майда тўғралса, унинг ҳавога ва қайнаётган суюқликка тегиб турадиган юза қисми кенгайиши ва айтилган фойдали модда парчаланиб, 25 фоизгача камайиб кетиши аниқланган.
Маълумки, қайнатма шўрвага ота-боболаримиз азалдан сабзини бўлакламасдан бутунлигича солиб пиширишган. Унга солинадиган сабзининг пўсти арчилмаган, фақат унинг учи ва туби бироз кесиб олинган, холос. Таом тайёрлашдаги бундай маъқул усуллар бекордан-бекорга қўлланмаган. Сабзавот ва мевалар пўстида саломатлик учун жуда керакли моддалар мавжудлиги минглаб йил олдин маълум бўлган.
Саратонга қарши муҳим антиконцероген моддалар қаторига яна С (аскорбат кислотаси) ва Е витаминларини қўшиш мумкин. Хусусан, Е дармондориси ёнғоқ, чаканда, буғдой уни, гречкада анча сероб бўлиб, у эркин радикалларнинг ҳужайра мембранасини емириш хусусиятини йўқотади. Витамин С эса итбурун, қора смородина, цитрус мевалар, картошка, помидор, ертут, қалампир ва бошқаларда кўп учраб, унинг антиконцероген хусусияти қон плазмаси, ҳужайра цитоплазмаси ва мембранасида учрайдиган хавфли эркин радикалларни қириб ташлашга хизмат қилиши билан ажралиб туради.
Демак, сўнгги вақтларда тез-тез тилга олинаётган саратон касаллигидан сақланишда дала ва боғ-роғларимизда етиштирилаётган витаминларга бой сабзавот маҳсулотлари ҳамда мева-чевалардан доимий равишда истеъмол қилиш энг яхши ҳимоядир.
Олим КАРИМОВ,
биология фанлари номзоди, доцент