Меню

Қашқадарё

13.02.2018 1836

ЗИЛЗИЛА ҚАЧОН БЎЛДИ?

Ҳар эрталаб туришим билан “фейсбук” деганига бирровга кирмасам бўлмайди. Бугун ҳам бир кирсам де, ҳамма жой “зилзила”, “кўчки” бўлиб ётибди. Ўқиб бир кулгим қистайди, бир ваҳимага тушаман.

“Абу... бир нарса” дегани ёзибди: “Сездингларми, зилзилаааа......” “Ёпирай, худойим, ўзинг омон сақла!” деб яна лентани айлантираман. Қанақадир бир ёш қиз ёзиб қўйибди: “Ман бугун дўконга борвотувдимде ер анақа бўп қолди, ну ман қўрқмадим, проста саал воҳмага тушдим, нима бўвотганига тушунмадиму сразу фбга кириб ёзвомман, билиб беромислами, шу воҳма тугадими?”

Садқангдан кетай, зилзила бўлган бўлса-ю, ман бехабар қолган бўлсам. Ё ухлаганимда бўлдимикан? Шоша-пиша кейинги саҳифага қарайман. Яна бир ёш йигит ёзиб қўйибди: “Ҳе-е-е, акалар, бу зилзиламас, “Реал”нинг ютганига ер чидаёлмади, ер ҳам “Барса”чийкан”.

Астағфуруллоҳ! Одамларга нима бўлаяпти, тавба. Яна биттаси одамни қўрқитаяпти, қарасам. Кўзойнак тақиб олган ўрта ёшлардаги бир одамнинг расми қўйилган саҳифада ёзилибди: “Зилзилани кўрдингларми? Ҳадеб “Барса”ни камситаверсанглар, шунақа бўлади. Энди яна реал-барса мавзусига қайтамиз...”

 Э болам, қаёққа қарасам, зилзила. Тағин ҳар икки “пўст”нинг бирида “реал-барса” деган ажнабий жамоаларни ҳам қўшиб қўйишаяпти. 
Шартта “фейсбук”идан чиқдим-у, “телеграмм”га ўтволдим. Ойнанай бу тармоқнинг каналларидан... Буёқда ҳам “зилзила”. Видеолари ҳам бор экан-ей! Тавба, тавба. Бу интернет бало экан-ку, деб кампирни чақирдим. Қулоғинг том битгур кампир жим, жавоб бермайди. Икки-уч марта чақирдим яна. Кампир ҳалиям жим.

- Эсингни егур, кампир, буёққа қара!

Охири, бўлмади. Қийналиб-қийналиб ўрнимдан қўзғалдиму, нариги уйга ўтдим. Бу кампирнинг бир таъзирини бермасам бўлмас. Бу хонага ўтиб не кўз билан кўрайки, кампир ерда чўзилиб ётибди. Вой шўрим, энди нима қиламан, деб бирдан “Тез ёрдам”га қўнғироқ қилдим. “Тез ёрдам” келгунча сал ўзига келармикан, деб бошида гирдикапалакман. Кампир, нима бўлди-я, мени қўрқитма, боя туппа-тузук эдинг-ку, дейман. Охири сал қимирлагандай бўлди. 

- Кампир, тур ўрнингдан, жон кампир. Мени қўрқитма, нима бўлди? Юрагинг санчаяптими?

Кампирнинг кўзлари ола-кула бўп кетган, рангида қон йўқ. Ҳадеб нимагадир имо қилгандек бўлаверади.

- Гапирсанг-чи, нима қилди?

Ташқарига чиқиб, пиёлада сув опкелиб кампирнинг юзига сепдим. Кошки ўзига келса…

Бир пайт кампир ўзига келди. 

- Чол, буни қаранг, - деди ваҳима билан. 

Нима экан, деб қарадим.

Кампир бўлса қўлида невараси оберган телефонни кўрсатиб бақирди:

- Зилзила бўлибди, чооол...

P/S. Юрагим чиқиб кетаёзди, болам. Аниғини билсанг менга айт. Зилзила қачон бўлди ўзи?”

Мамарайим оқсоқолнинг дарду ҳасратини прямўй оққа кўчирувчи

 

Хуршид АБДУРАШИД, Касби тумани

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!