Меню
Қашқадарё
“ЗИЁ САДОЛАРИ” ТЎРТИНЧИ БОР ҲАМ ЭЪТИРОФ ЭТИЛДИ
“Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!” шиори остида ўтказилган кўрик-танловнинг мазкур йўналишида Қарши давлат университетининг иқтидорли талабаларидан ташкил топган “Зиё садолари” жамоаси ғолиб деб топилди. Бу уларнинг кетма-кет олий таълим муассасалари ўртасидаги ушбу нуфузли танловда тўртинчи бор шоҳсупани банд этишидир. Шунингдек, жамоа аъзолари 2014 йилда мазкур танловнинг мамлакат босқичида ҳам фахрли 2-ўринга сазовор бўлишган эди.
Танловда “Зиё садолари” аъзолари Иқбол Мирзо шеъри ҳамда Лазиз Пирназаров мусиқаси билан куйланган “Ўзбекистон, ёлғизим” қўшиғи билан иштирок этиб, ўзларининг санъатдаги юксак маҳоратларини намойиш этишди.
- Жамоамизнинг ютуғи энг иқтидорли талабаларни ўзида жамлаганида деб биламан, - дейди университетнинг мусиқий таълим кафедраси катта ўқитувчиси Лазиз Пирназаров. – Гуруҳ аъзолари нафақат юртимиздаги, балки халқаро миқёсдаги танловларда ҳам муносиб иштирок этмоқда. Масалан, яқинда уч нафар талабамиз Россияда ўтказилган халқаро мусиқий танловда қатнашиб, қўшиқ ижрочилиги бўйича биринчи, чолғу ижрочилигида иккинчи ва рақсда учинчи ўринларни қўлга киритди. Айниқса, рақс йўналишида Кибриё Қодирова томонидан ижро этилган, халқимизнинг энг қадимги ва ҳозирда унутилиб бораётган рақс турларидан бири – пичоқ рақси кўпчиликнинг ҳайратига сазовор бўлди.
“Зиё садолари” жамоаси аъзолари эндиликда “Ягонасан, муқаддас Ватан!” кўрик-танловининг август ойида бўлиб ўтадиган мамлакат босқичига тайёргарлик кўришмоқда.
ЖАҲОНГИР