Меню
Қашқадарё
ҚЎЗИҚОРИН
Ўтмишда заҳарли замбуруғлар халқ орасида “қурбақа салласи” деб номланган ва уларни истеъмол қилишмаган.
Қайд этиш жоиз, ёввойи ҳолда ўсадиган қўзиқоринларнинг истеъмол учун хавфлилиги шундаки, уларга термик ишлов берилганда, яъни қайнатилганда, қовурилганда ҳам таркибидаги заҳарли моддалар парчаланмаслиги ёки заҳарлилик хусусиятини сақлаб қолиши мумкин.
Баъзан киши истеъмолга яроқли бўлган қўзиқорин туридан ҳам заҳарланиши кузатилади. Чунки бу ўсимлик табиий хусусиятига кўра ўзига сингдириб олувчи бўлиб, ифлос ерларда, катта йўл ёқаларида ўсганда заҳарли моддалар, ис гази билан тўйиниши мумкин.
Қўзиқориндан заҳарланиш белгилари истеъмол қилинган маҳсулотнинг турига қараб, 20 дақиқадан бир неча соатгача чўзилади. Асаб тизимидаги ўзгаришлар заҳарланиш учун характерли белги ҳисобланади. Бундан ташқари, сўлак оқиши, кўп терлаш, кўздан ёш оқиши, кўнгил айниши, қоринда оғриқ пайдо бўлиши ва қайт қилиш кузатилади. Томир уриши (пульс) секинлашади ва сустлашади, алаҳсираш (галлюцинация), титраш кузатилади. Бундай беморга тез тиббий ёрдам кўрсатилса, одатда 1-2 кундан кейин соғайиб кетади. Аксинча бўлганда эса бемор аҳволи оғирлашиб, айрим ҳолларда ўлим билан тугайди.
Шундай экан, дуч келган ердан қўзиқорин терманг ва сотиб олманг. Сизга маҳсулотнинг сифати ва хавфсизлигини тасдиқловчи ҳужжат (мувофиқлик ва гигиеник сертификатлари ҳамда санитария лаборатория мутахассислари томонидан бериладиган маълумотнома) тақдим этишсагина қўзиқоринни харид қилинг.
Т.БОЙМИРЗАЕВ,
Қарши шаҳар давлат санитария-эпидемиология назорати марказининг санитария-гигиена бўлими мудири.