Меню

Қашқадарё

24.11.2018 1957

ЎЗИ ЁШУ ИШИ ПИШИҚ

Дарҳақиқат, юртимизда Шаҳбозга ўхшаган интилувчан, тадбиркорликка уқуви бор ёшлар кўп. Уларга сал кўмак кўрсатилса, бўлгани, дарров ўз йўлини топиб олади. Давлатимиз раҳбарининг тегишли фармони билан жорий этилган "Ёшлар - келажагимиз" давлат дастури ҳам бу каби йигит-қизларнинг ишбилармонлик ғоялари ҳаётга самарали татбиқ этилишига кенг имкон берди. Мазкур ташаббус қулоч ёзганига ҳали ҳеч қанча вақт ўтмай, ўз мевасини беришни ҳам бошлади. Биргина вилоятимиз мисолида олиб қарасак, бунга тўла амин бўламиз.

- Махсус штабимизга мурожаатлар тўхтовсиз келиб тушаётгани ҳам бу дастур ёшларимиз кўнглидаги иш бўлганини яққол кўрсатади, - дейди "Ёшлар - келажагимиз" жамғармаси вилоят бўйича координатори Жамшид Раҳмонқулов.   - Шакллантирилган тегишли рўйхатга кўра, 400 нафар ёшга 52 миллиард 997 миллион сўм кредит тақдим этилиши кўзда тутилган. Ҳозиргача эса 216 нафар ишбилармоннинг лойиҳаларини молиялаштириш амалга оширилди. Бунинг учун 31 миллиард 651 миллион сўм маблағ йўналтирилди. Қатор лойиҳалар қисқа муддатда ишга тушиши ортидан 2000 дан ортиқ иш ўрни ташкил этилган. Дастур доирасида воҳамизда 3 та "Ёш тадбиркорлар" коворкинг маркази, 22 та "Ёшлар меҳнат гузари" фойдаланишга топширилиши лозим. Бу борада ҳам бугунгача салмоқли иш бажариб бўлинди. Ўз навбатида молиявий кўмак мақсадли ишлатилиши мунтазам ўрганиб борилмоқда.

Маълумотларга кўра, ҳудудлар кесимида олиб қаралса, Косон тумани ёшларига жамғарма ҳисобидан салмоқли маблағ ажратилган. 12 нафар ёш тадбиркор ўз бизнес ғоя ва ташаббуслари билан чиққан. Бу лойиҳаларни амалга ошириш учун 2 миллиард 818 миллион сўмлик имтиёзли кредит тақдим этилган. Ташаббускорларнинг тадбиркорликка жалб қилаётган ўз сармояси ҳам каттагина. Шу билан бирга, ёш тадбиркор саъй-ҳаракати натижасида туманда янги ёшлар меҳнат гузари ҳам фаолият кўрсата бошлаган.  Саноат ишлаб чиқариши, хизмат кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш сингари муҳим тармоқларни ўз ичига олган аксар лойиҳалар доирасидаги ишлар аллақачон якунланган. Ҳудуддаги "Универсал элиста" масъулияти чекланган жамияти раҳбари Жаҳонгир Музаффаров қўл урган ташаббус эса ўзига хослиги билан ажралиб туради.

- Тадбиркорлик субъектимизни 2013 йилда рўйхатдан ўтказган бўлсам, бугунгача халқ хўжалигининг турли соҳаларида иш олиб бораётгандик, - дейди у.   - Техника хизмати кўрсатиш шулардан бири ҳисобланади. Фаолиятимиз қамровини кенгайтириш мақсадида янги йўналишни йўлга қўйиш ҳақида ўйлаётгандик. Якунда туячилик танланди. Бу соҳа ривожи учун туманимиз табиати ҳам жуда қулай. Озуқа манбаи сероб. Туя сути, жуни етиштиришни ўз олдимизга мақсад қилганмиз. 5 бош туя харид қилдик. Уларни парваришлаш учун 2 нафар ишчи олганман. Чорва бош сонини кўпайтириб борсак, гўшт ишлаб чиқаришни ҳам кенгайтирамиз. Аҳоли буюртмаси асосида айрон етказиб беришни мўлжаллаяпмиз. Асосийси, бу маҳсулотларга доим талаб мавжуд.

Ҳақиқатан шундай, шароит яратиб берилса, ишбилармонликка қизиқиши, қобилияти бор ёш йигит-қиз кичик имкониятни ҳам катта натижага айлантира олади. Тегишли дастурга мувофиқ, шундай ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга амалий кўмак бериш, тадбиркорликка оид қонунчиликдан тўла бохабар бўлишини таъминлаш каби чора-тадбирлар ҳам амалга оширилмоқда. Шунга монанд, жойларда фойдали меҳнат билан мунтазам банд бўлмаган ёшлар ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда, уларга соҳанинг етакчи мутахассислари томонидан мастер-класслар ўтказиб берилмоқда. Бугун ўз тақдири, ҳаётини айнан бизнес билан боғлаш, шу орқали жамиятда муносиб ўрин эгаллаш истагидаги ёшлар сафи ортаётгани боиси ҳам шундан.

Чироқчилик Абдималик Мирзаев ҳам тадбиркорликка, даромад келтирувчи бирор ишни қатъий касб қилишга жиддий эътибор берган, аммо фаолиятни нимадан бошлашни билмай турган эди. Албатта, қўлида катта маблағ бўла туриб уни ишлата олмаслик ҳам муаммо. Зарур йўналиш ва кўникма эгаллагач, аҳди янада тиниқлашди. Биринчилардан бўлиб лойиҳа таклиф этди.

- Ёшлар меҳнат гузари барпо этишга хоҳиш билдирдим, - дейди ёш ишбилармон.  - Ҳисоб-китоблардан сўнг, бунга жами 1 миллиард сўм маблағ керак бўлиши ойдинлашди. Лойиҳага 750 миллион сўм инвестицияни ўз ҳисобимдан киритадиган бўлдим. Қолгани жамғарма кўмаги билан кредит кўринишида тақдим этилди. Кам фоизли ушбу молиявий кўмакни 1,5 ойча илгари қўлимизга олган ҳамоноқ ишга киришдик. Алоҳида ер олиб, гузар қурдик. Икки қаватли мазкур бинонинг биринчи қаватида маълум турдаги фаолиятни ташкил этишга ҳам улгурдик. Ишни асосан 3 йўналишда ташкил этганмиз. Биринчи масала ўқув марказини ишга тушириш билан боғлиқ. Бу марказда туманимиздаги хотин-қизлар пазандалик, чеварлик сингари турли ҳунарларга ўқитилмоқда. Иккинчи тармоқ қандолат цехини кўзда тутади. Бу ерда ҳар хил миллий ширинликлар тайёрлаш ўзлаштирилди. Мижозларга қийин бўлмасин деб, маҳсулот сотишни ҳам шу ернинг ўзида ташкил этганмиз. Лойиҳамиз муваффақиятли рўёбга чиққани самараси 5 кишининг бандлиги таъминланганида ҳам кўринади.

Яна бир жиҳати, вилоятимизда энди-энди оммалашаётган, маълум суръатда тараққий этиб бораётган истиқболли соҳаларга сармоя йўналтириш ҳам ёшлар эътиборидан четда қолаётгани йўқ. Мана, аниқ бир мисол. Касбилик Сабина Тўраева ҳудуд учун бироз янги саналган қуёнчиликни йўлга қўйиш тараддудида. У бу жониворларни уй шароитида эмас, балки саноат усулида боқишни режа қилган. Сабина олиб чиққан лойиҳа қиймати 700 миллион сўмдан ошаётгани ҳам фикримиз тасдиғи бўла олади.

- Шу пайтгача хонадонимизда қуён парваришлаб келаётгандик, - дейди яқинда ташкил   топган "Касби қуёнчилик" масъулияти чекланган жамиятига раҳбарлик қилаётган Сабина.  - Фойда-зарарини аллақачон билиб бўлганмиз. Боқиш ҳам унчалик қийин эмас. Замонавий мажмуамизда наслдор қуёнларни боқишга асосий урғу берилади. Бинони ҳам тайёрлаб улгурдик. Бу ерда 10 минг бошгача қуён парвариш қилинади. Фландер зотли ушбу жонивор 10 килограммдан ошиқ гўшт беради. Бунинг учун 6-7 ой қаровни тўғри ташкил этсак бўлгани. махсус қафаслар келтирилди. Ҳадемай, хориждан 200 бош наслли қуён олиб келинади. Истиқболли лойиҳамиз кенг кўлам касб этгани учун 500 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит олдик. Яқин орада тўла фаолият бошлаймиз. Бу асосан оилавий машғулотга айланади. Талабга қараб, қўшимча иш кучи ҳам ёллаймиз.

Аҳамиятлиси, бу каби истиқболли лойиҳалар рўёби 2019 йилда ҳам фаол давом эттирилади. "Ёшлар - келажагимиз" жамғармаси вилоят бўйича координатори таъкидлашича, штаб ихтиёрига ёшлардан аввалгидан ҳам кўпроқ бизнес-режалар келиб тушган. Уларнинг сони 1200 тадан зиёд экани эса тегишли дастурдан кўзланган мақсад ҳосил бўлаётганини англатади. Турган гапки, бунинг учун бериладиган кредит маблағлари чўғи ҳам кўпаяди. Хусусий сектор вакиллари орасида ёш тадбиркорлар салмоғи ортиши, янги қувватлар ишга тушиши, муҳими, ёшлар бандлиги таъминланиши вилоятимиз иқтисодиёти ривожида ҳам ижобий акс этади.

М.ШУҲРАТОВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!