Меню

Қашқадарё

21.02.2017 3067

ЗИҒИР

Зиғир уруғида 50 фоизга қадар мой мавжуд. Унинг таркибига линоленат, линолат, олеинат, пальмитинат ва стеаринат кислоталар киради. Шунингдек, зиғир уруғида мойдан ташқари шилимшиқ моддалар, оқсиллар, углеводлар, органик кислоталар, ферментлар, А дармондориси ҳам бор.

Халқ табобатида зиғир уруғи ва мойи кенг қўлланади. Бронхлар, ўпканинг яллиғланиш касалликларида уруғи балғам кўчирувчи ва йўталга қарши восита тариқасида, сурункали колитда сурги сифатида ишлатилади. Уруғидан тайёрланган қайнатма циститни даволашда, қовуқ тошларини туширишда ишлатилади, зиғир мойи эса холецистит, колит, бавосил ва сил касаллигида даво бўлади.

Ибн Сино балғамли йўталда, пешоб йўлларининг ярали касалликларида зиғир уруғини қовуриб ейишни буюрган. Ушбу маҳсулот тинкани қуритадиган йўтал, ичак оғриқлари вақтида ҳам яхши наф беради, пешоб ҳайдовчи, терлатадиган таъсирга эга, эмизикли аёлларнинг сутини кўпайтиради.

Замонавий тиббиётда зиғир уруғидан шилимшиқ модда, зиғир мойи ва линетол препарати олинади. Зиғир уруғида бўладиган шилимшиқ модда ўраб олувчи восита сифатида дориларнинг ачиштирадиган таъсирини камайтиради, ёқимсиз мазаси ва ҳидини йўқотади. Зиғир мойи склерозга қарши восита, шунингдек, сурги тариқасида ишлатилади. Линетол терининг куйган жойлари ва яраларга суртилади.

КУНЖУТ

Кунжут – бир йиллик ўсимлик бўлиб, меваси чўзинчоқ, қобиқли, уруғининг ранги оқ, малла ёки қора рангда бўлади.

Кунжут озиқ-овқат саноати, косметология ва тиббиётда кенг қўлланади. Асосан унинг мойи қимматли воситадир. Кўпгина хасталикларда шифо бўлиши аниқланган.

Кунжут уруғи ўз таркибида 45-55 фоизгача мой сақлайди. 100 грамм кунжут уруғининг калорияси 560-580 ккалга тенг. Мутахассислар фойдали хусусиятларини сақлаш учун кунжут уруғини қиздириб ёки ивитиб истеъмол қилишни тавсия этишади.

Кунжут таркибида кучли антиоксидант саналадиган сезамин моддаси мавжудлиги аниқланган. Бу модданинг кўпгина хасталиклар, жумладан, саратон профилактикасида нафи катта. Кунжут таркибидаги яна бир модда – бета-ситостерин эса қондаги холестерин миқдорини камайтиради. Қолаверса, бу ўсимлик уруғи кўп миқдордаги углеводлар, аминокислоталар, оқсил ва А, В, Е, С каби дармондориларни ўзида жамлаган. Шу билан бирга, кальций, фосфор, темир, калий, магнийга бой. Унинг таркибида организмнинг минерал балансини тикловчи фитин моддаси ва лецитин мавжуд.

Кунжут соч ва тирноқни мустаҳкамлайди. Таркибидаги рибофлавин бўй ўсишига ижобий таъсир кўрсатади. Тиамин моддаси эса асаб тизими фаолиятини яхшилаб, организмда модда алмашинувини меъёрига келтиради. Кунжут таркибидаги РР дармондориси овқат ҳазм қилиш тизими ишига ёрдам беради. Кальцийга бойлиги суяклар ва бўғим оғриқлари, остеопорозни даволашда қўлланади.

Кунжутни аёллар ва 45 ёшдан ошган кишилар кўпроқ истеъмол қилганлари маъқул.

Кунжут истеъмоли ёки ундан даво ўрнида фойдаланиш сийдик-тош касаллигига чалинганлар учун тавсия қилинмайди. Шунингдек, унинг бир кунлик  истеъмол меъёри 2-3 чой қошиқдан ошмаслиги керак.

Манбалар асосида ХУРШИДА тайёрлади.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!