Меню

Қашқадарё

02.06.2018 4007

ЖУННИ ҚАЙТА ИШЛАШНИ КЛАСТЕР УСУЛИДА ТАШКИЛ ЭТИШ МУМКИН...МИ?

Бу дунё тажрибасида ҳам амалда ўз ифодасини топган мақбул вариантдир. Чунки саноат корхонаси ва хомашё тайёрловчи субъектлар ўртасидаги масофа қанча олис бўлса, маҳсулот ишлаб чиқариш таннархи ҳам шунча ўсиб кетади. Бизда жорий этилаётган ишлаб чиқаришнинг “кластер” услубида ҳам бу асосий омиллардан бири сифатида баҳоланади. Хўш, вилоятда худди шу тартибда жунни қайта ишлашни ташкил этиш мумкинми?

Шу савол асосида ўртага масала қўяяпмиз, бироқ кимдадир нега айнан ушбу хомашё тилга олинаяпти, деган мулоҳаза пайдо бўлиши мумкинлигини ёдда тутган ҳолда гапни бир бошидан бошлаймиз.

Вилоятимизда кўп миқдорда пахта етиштирилади. Хомашё сифатида уни сотиш ёки қайта ишлаш борасида муаммо йўқ. Қазилма бойликлари ҳақида ҳам гап-сўз бўлиши мумкин эмас. Мева-сабзавотни қайта ишлашга ихтисослашган корхоналар кўпайиб, уларда энг сўнгги технологиялар асосида маҳсулот тайёрлаш йўлга қўйилаётир. Гўшт-сут маҳсулотларини замонавий талаблар асосида қайта ишлашни йўлга қўйишга эътибор кучайди. Шундан келиб  чиқиб, энди айтайликчи, чорвачилик соҳасида мамлакат миқёсида етакчи ўрин тутадиган вилоятимизда жунни ким қайта ишлаяпти? Ваҳоланки, биздаги исталган туманда бундай хомашёни етарлича топиш мумкин.

ХОМАШЁ КЎП ВА АРЗОН,

БИРОҚ БАРИБИР ИСРОФ БЎЛАЯПТИ

Дарҳақиқат, воҳамизда чорва жуни дегани қаҳат эмас, аксинча жуда сероб. Гапимиз қуруқ бўлмасин. Мавжуд статистикага кўра, ҳудуд миқёсида боқилаётган қўй-эчкилар сони 4 миллион 480 минг бошдан ошади. Бир нарса аниқки, ҳозирча эчки жуни ерда қолаётгани йўқ. Унинг ўз харидори, қўлланиш соҳаси бор. Аммо бу хомашёга ҳам ҳалигача саноат усулида ишлов берилмаяпти. Биз кенгроқ тўхталмоқчи бўлганимиз эса бугунги кунда асосий қисми фойдаланилмай исроф бўлаётган қўй жуни хусусида. Агар ҳудуддаги майда молнинг 3 миллион боши қўй-қўзи деб тахмин қилсак ҳам, ушбу соҳанинг хомашё етказиб бериш имконияти ҳақида тасаввур ҳосил қилиш қийин эмас. Маҳаллий чорвадорлар тажрибасидан маълумки, маҳаллий зотга мансуб қўйлардан йилига ўртача 1,5-2 килограмм, баъзан эса бу миқдордан ҳам кўп жун қирқиб олинади. Оддий хомчўт қилсак ҳам, воҳамизда бир йилда  6 минг тонна хомашё тайёрлаш мумкинлиги ойдинлашади. Бу кичик рақам эмас, албатта. Хўш, айни пайтда ҳудудда ушбу устунликдан қай даражада унумли фойдаланилаяпти?

- Хўжалигимиз асосан қоракўлчиликка ихтисослашган, - дейди Деҳқонобод туманидаги “Қўнғирот” масъулияти чекланган жамияти зоотехниги Эшқувват Туронов. – Ўз-ўзидан аёнки, бизда қоракўл териси тайёрлашга катта эътибор берилади. Хўжалигимиз тасарруфида минглаб қўй боқилади, йилда икки марта – баҳор ва кузда қирқим мавсумини ўтказамиз. Бу даврда ихтиёримизда жамланадиган жун ҳажми 12 тоннага етади. Хомашёга ишлов беришга шароит йўқ. Чунки бу узоқ ва мураккаб жараён. Жунни ярим тайёр маҳсулот ҳолига келтириш учун ҳам уни саралаш, ювиш, қуритиш, тараш каби ишларни бажариш керак. Бизда эса бундай технология йўқ. Шу сабаб хомашёни арзимаган нархда – килосини сорти ва сифатига қараб 450-500 сўмдан сотишга мажбурмиз. Биздан харид қилган тадбиркорлар жунни бирламчи қайта ишлаб, экспортга чиқариб 4-5 беш баробар фойда кўраяпти.

Мутахассиснинг фикрича, вилоятимиз шароитида қўйлар фақат гўшт ва териси учун боқилади. Ҳудудда майда молнинг иқлимимизга тўла мослашган жайдари, ҳисори, қоракўл, аҳоли қозоқи деб айтишга ўрганган эдилбай зотга мансублари кўп учрайди. Булар эса дағал ва ярим дағал жун берувчи қўйлар сирасига киради. Жаҳон текстиль саноатида эса майин толали қўй жунига талаб юқори. Бу хомашё Австралия, Янги Зеландия, Жанубий Американинг айрим мамлакатларида боқилаётган наслдор жониворлардан олинади. Улардан қиммат буюмлар ишлаб чиқарилади. Шу боис дунё бозорида майин жун дағал жунга нисбатан бир неча баробар юқори баҳоланар экан.

Яна бир жиҳати, йирик қўйчилик хўжаликлари етиштирган хомашёсини (кўп миқдорда бўлгани учун) реализация қила олаяпти. Бироқ вилоятимизда майда чорва молларининг асосий қисми аҳоли тасарруфида эканини унутмаслик керак. Улар ҳар доим ҳам қўй жунига харидор топаяпти, деб бўлмайди. Оларман чиқмагач, чиқиндига чиқараётган, шунчаки кўмиб юбораётган ким қанча. Натижада ҳудудда етиштирилаётган хомашёнинг салмоқли қисми исроф бўлишига йўл қўйилаяпти.

ҚЎЙ ЮНГИНИ НИМАГА ИШЛАТСА БЎЛАДИ?

Бугун дунё тажрибасидан маълумки, умуман кераксиз хомашёнинг ўзи йўқ. Фойдали томони бўлса бас, уни ҳеч шубҳасиз бирор соҳада ишлатиш мумкин. Қўй жуни ҳақида ҳам шу гапни айтсак бўлади. Аввало ушбу хомашё ноёб хусусиятларга эга табиий материал ҳисобланади. Бу борада унга ўхшаши йўқ. Ўзида шифобахш иссиқлик сақлайди, электр токини ўтказмайди, гард юқтирмайди, узоқ вақт тоза сақланади. Инсон танаси чиқарадиган хавфли моддаларни ҳам зарарсизлантиради. Шундай бўлгач, ундан мақсадли фойдаланиш ҳам керак.

Хўш, бизда кўп миқдорда етиштириладиган дағал жундан нима ишлаб чиқариш мумкин? Аҳамиятлиси, кўп нарса. Узоққа бормайлик. Қадимда ота-боболаримиз қимматли қўй жунини ташлаб юборишмаган. Ундан кундалик ҳаёт учун зарур кўплаб буюмлар, рўзғор жиҳозлари, хусусан, гилам, кигиз, пойабзал, белбоғ кабиларни тайёрлашган. Жараён тўлиқ қўл меҳнатига асосланган. Бу анъана ҳозиргача давом этиб келаяпти. Мисол учун, касбилик ҳунарманд Моҳира Ёриева қўй жунидан бир неча турдаги харидоргир маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйган.

- Хомашёни аҳолидан сотиб олаяпмиз, - дейди ишбилармон. – Ҳозир ҳам айни қирқим мавсуми. Кўраяпмизки, қўй боқувчи қишлоқ одамларидан зарур миқдордаги жунни доим топиш мумкин. Хомашёга бирламчи ишловни ҳам ўзимиз берамиз. Ювиб, ранглаймиз. Жундан асосан гилам тўқияпмиз. Бундай маҳсулот экологик тоза, табиий, мустаҳкам саналади. Битта маҳслотга 10 килограммгача қўй жуни кетади. Сўнгги вақтда аҳолимиз орасида жун гиламга эҳтиёж ортган. Соғлик учун кони фойда эканини яхши тушунишаяпти. Буюртма кўплигидан, шу билан бирга, молиявий жиҳатдан қурбимиз етмаслиги боисидан мавжуд талабни самарали қондира олмаяпмиз. Хомашёнинг энг сифатсизини ҳам чиқитга чиқармаймиз. Уни кигиз тайёрлашга ишлатамиз. Бу маҳсулотни вилоятимиздаги кўплаб саноат корхоналари харид қилишга қизиқиш билдирган. Улар кигиздан ҳарорат сақловчи, ёнғинга чидамли мустаҳкам материал сифатида фойдаланишмоқчи.

Ҳунарманднинг айтишича, агар яхши тизим йўлга қўйилса, моддий кўмак кўрсатилса, барқарор маҳсулот ишлаб чиқаришни ташкил этиш, бу билан эса уйда ўтирган кўплаб хотин-қизларни даромадли иш билан банд этиш мумкин.

Қайд этиш ўринлики, қўй жунидан саноат усулида харидоргир истеъмол товарлари тайёрлаш жаҳон тажрибасида ҳеч ҳам янгилик эмас. Уни чуқур қайта ишлаш натижасида кийим-кечак, гилам ва кигиз ишлаб чиқарилади, жун газлама каби ярим тайёр маҳсулот тўқилади. Ярим дағал ёки ярим майин ва майин жундан эса одёл, сочиқ, кийим-кечак, шунингдек, ип ва мато каби яримфабрикатлар ишлаб чиқаришда фойдаланилмоқда. Қолаверса, арзон ва анча катта миқдорни ташкил этувчи (кимёвий ишлов берилганидан кейин ёнғинга қарши қўлланиладиган ва бактерияларни ўлдириш хусусиятига эга бўладиган) дағал жун Германия ва Янги Зеландия каби мамлакатларда кўп қаватли уй қурилишида иссиқлик сақловчи материал сифатида қўлланилмоқда. Шунингдек, дағал қўй жунидан совуқ ўлкаларда яшовчи одамлар учун мўлжалланган кигиз этик, шинель ҳам тайёрлаш мумкин.

Бу борада мамлакатимизда ҳам катта лойиҳаларга қўл урилган. Масалан,  Навоий вилоятидаги корхонада туя ва қўй жунини аралаштириб, пайпоқ, белбоғ ҳамда тўшамалар ишлаб чиқарилади. Натижада тайёр маҳсулот хорижга экспорт қилинмоқда ва маҳаллий бозорга ҳам етказиб берилаяпти. Албатта, бундай мисолларни яна давом эттириш мумкин. Аммо вилоятимизда  хомашё кўп бўлгани ҳолда бу борада кўзга кўринарли бирор натижа чиқарилмагани кишини таажжублантиради.

БУНИ ЭПЛАЙДИГАН ТАДБИРКОР ЙЎҚМИ?

Тўғри, бир замонлар воҳамизда чорва жуни саноат йўли билан қайта ишланган, шунга ихтисослашган бир қанча қувват ишлаб турган. Айни пайтда эса бу корхоналардан ном қолган, холос. Балки ушбу субъектлар фаолият юргизмай қўйгани улар қўллаган технологиянинг вақт ўтиб эскиргани, кўп энергия сарф этиши ва натижада ишлаб чиқарилган маҳсулот таннархи юқори бўлгани ёки сифати бугунги бозор талабига жавоб бермай қўйгани сабабдир.  Лекин сўнгги 5 йилда ҳудудда жунни қайта ишловчи бирорта ҳам қувват ташкил этилмаганига қандай изоҳ беришга ҳам қийналади киши. Зеро, бизда бундай корхонанинг  барқарор ишлашини таъминловчи барча шароит муҳайё.

Муҳими шундаки, давлатимиз раҳбарининг вилоятимизга қилган охирги ташрифидан кейин ушбу соҳада ҳам жиддий ўзгариш юз беришига умид пайдо бўлди. Ташриф асносида ишлаб чиқилган, воҳамизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар дастуридан жунни қайта ишлаш йўналишидаги истиқболли лойиҳа ҳам ўрин олди. Унга кўра, замонавий қувват вилоятимизнинг Деҳқонобод туманида барпо этилиши кўзда тутилган, бунинг учун қарийб 6 миллиард сўм инвестиция жалб қилиниши белгиланган. Лойиҳа жорий йилнинг ноябрь ойига қадар тўла ишга туширилиши лозим. Ижрони таъминлаш борасида эса масъул мутасаддиларга зарур вазифалар юклатилган.

Шундан келиб чиқиб, бу лойиҳанинг аҳамияти, бугунги кундаги тақдири билан қизиқдик. Тумандаги “Орзу омад нишони” масъулияти чекланган жамияти мазкур бизнес-режани илгари сурган ташаббускор экан. Айни пайтда ишлар қизғин кетаётган бўлса керак деган ўйда корхона раҳбари билан суҳбатлашдим.

- Бу лойиҳа бизга жуда қимматга тушаяпти, - дейди тадбиркор Илҳом Самадов. – Замонавий технология билан танишиш мақсадида Хитойга боргандим. Қайта ишлаш мажмуаси 10 дан ошиқ ускунадан иборат экан. Ҳар бирини катта пулга айтаяпти. Олишга қурбимиз етмайди. Кичкина қувватлар эса бундай самарадорлик бермайди. Муаммо шунда. Хуллас, лойиҳани рўёбга чиқара олмаймиз, бу ҳақда туман ҳокимлигига ҳам маълум қилганмиз.

Шу ўринда савол туғилади: шундай катта лойиҳани таклиф этаётганлар нега бу тўғрисида аввалроқ ўйлаб кўрмаган? Молиявий ҳолат, технология билан боғлиқ масалалар нега олдинроқ ҳисобга олинмаган? Нима учун бу муаммо ўша пайтдаёқ айтилмаган? Агар тадбиркор лойиҳани бўйнига олмаганда, бошқа ташаббускор ахтариш, унга манфаатли таклиф бериш мумкин эдику. Хўп, катта маблағ эвазига бўлса-да, энг сўнгги русумдаги ускуналар олиб келинди ҳам дейлик. Лойиҳа ўзини иқтисодий жиҳатдан оқламайди деб ким айта олади? Ҳеч бўлмаса, уни босқичма-босқич амалга ошириш мумкин. Аввал бирламчи қайта ишлашни ташкил этиш, кейин йигириш ва ҳоказо.

Модомики, тозаланган хомашёни сотиш ҳам мўмай даромад келтиради. Дастлабки ишлов бериб, яхши ювилган ва сараланган хомашёга ҳам харидор топса бўлади.

Мана қизиқ бир факт. Ҳозирги кунда бошланғич хомашёнинг ювилгандан кейинги массаси ярим дағал ва дағал жун учун 60-65 фоизни ташкил этади. Ювилмаган 20 тонна жунга бирламчи ишлов бериш натижасида ундан 13 тонна ювилган жун олиш мумкин. Яъни чиқити кам. Бу ярим тайёр маҳсулотнинг баҳоси ҳам чакана эмас. Интернет тармоғидаги шу йўналишдаги эълонлар билан таниша туриб бунга ўзим ҳам амин бўлдим. Айрим тадбиркорлар қўй жунини чорвадордан (табиийки, арзимаган пулга, кўтарасига) сотиб олиб, ювиб, саралаб ва қадоқлаб, килосини 4 мингдан 6 минг 800 сўмгача баҳолаб, экспортга чиқараяпти. Харажатни чиқариб ташласа, бу бир неча баробар фойда дегани.

КЛАСТЕР ТИЗИМИ ҚАНДАЙ ИШЛАЙДИ?

Кимдир шунча ишнинг уддасидан чиқиш биргина тадбиркорнинг ўзига қийин дейиши ҳам мумкин. Бу фикрга ҳам қўшилмай иложимиз йўқ. Катта қувват учун кўп хомашё керак. Уни аҳоли қўлидан йиғиштириб олиш бироз вақт ва харажат талаб этади. Албатта, мазкур муаммога ҳам самарали ечим бор. Аниқроқ айтганда, ҳозирги кунда юртимиз қишлоқ хўжалиги соҳаларида кенг қўлланаётган кластер тизими бу йўналишга ҳам мос келади. Хўш, бу тизим қандай ишлайди?

Тушунарли бўлиши учун аниқ мисолга мурожаат қиламиз. Мамлакатимизда пиллачилик анча пайтгача тарқоқ тармоқ эди. Яъни хомашё етиштирувчи ва уни қайта ишловчи ўртасида ўзаро боғловчи мустаҳкам занжир, бошқача ифода этсак, ҳамкорлик йўқ эди ҳисоби. Натижада бу ҳолат томонларнинг ўз ишидан манфаатдорлиги пасайишига олиб келганди. Қайта ишловчи корхона хомашё сифатини талаб қилишдан, етиштирувчи эса моддий рағбатлантириш, мустаҳкам озуқа базасидан маҳрум эди. Эндиликда эса пиллакор аввалдан бўнак олиб ишлайди, етиштирилган хомашёга эса тўлиқ қайта ишловчи корхона эгалик қилади. Натижа эса бугун соҳа кўрсаткичлари тобора яхшиланаётганида яққол кўринмоқда.

Шундай экан, нима учун бу усулни қўй жунини қайта ишлашга ҳам татбиқ этмаслик керак? Хурсанд қиладигани шуки, мамлакатимизда ушбу тизимни йўлга қўйиш бўйича аниқ ҳаракат бошланган. Бухоро вилоятида бу йўналишда янги инновацион кластер барпо этилмоқда. Ишга тушажак замонавий корхона хомашёни аҳолидан қабул қилади. Йилига 3 минг тонна жун қайта ишланиб, ундан 1500 тонна тоза хомашё, 400 тоннадан кўп ип-калава, 100 минг дона юмшоқ одёл олинади. Маҳсулот эса экспортга йўналтирилади. Қиймати 12 миллиард сўмга тенг лойиҳа 3 босқичда амалга оширилаётир.

Демак, кенг қамровли бундай истиқболли лойиҳани бизда ҳам муваффақиятли амалга оширишга ҳеч нарса монелик қилмайди. Аксинча, бундан келадиган ижтимоий-иқтисодий самарадорлик юқори бўлади. Биринчи навбатда янги тизим ишга туширилиши билан муҳим хомашё исрофига барҳам берилади. Ички ва ташқи бозорни харидоргир ва рақобатбардош маҳсулот билан таъминлаш имконияти юзага келади. Асосийси, бунинг ортидан фақат юзлаб эмас, балки минглаб кишининг банд бўлишига шароит яратилади. Шундай салоҳиятдан фойдаланмай, мана нималарни қўлдан бой бераяпмиз. Хўш, сиз бунга қандай қарайсиз?

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!