Меню
Қашқадарё
Жуда интизомли "ҳайдовчи опа"
Портретга чизгилар
Бир вақтлар йўлга чиқишга чоғланиб, сафар тадоригини кўрган кишиларни манзилга қандай етиб олиш масаласи ташвишлантирарди. Эндиликда бундай муаммога батамом барҳам берилди. Истаган манзилингизга автобусда бўлмаса, йўналишсиз таксида ҳеч бир озор чекмасдан етиб борасиз.
Фазилат Темирова Косон туманининг Ғишмон қишлоғида истиқомат қилади. Йўловчи ташиш билан шуғулланиб келаётган Фазилатни тумандаги кўпчилик яхши танийди. Бир неча йил савдо соҳасида меҳнат қилган бу аёл ҳайдовчиликка ўқиб, гувоҳнома олди. Дастлаб кўпчилик унинг "такси қилиши"га бироз шубҳа билан қараган бўлса-да, кейинчалик унга жуда иродали ва интизомли ҳайдовчи сифатида ҳавас билан қарайдиган бўлишди.
- Ҳайдовчиликка ёшлигимдан қизиқардим, - дейди Фазилат Темирова. - Машина ҳайдаб юрган хотин-қизларни кўрсам, мен ҳам, албатта, ҳайдовчиликка ўқиб, машина оламан деган орзу билан тинимсиз меҳнат қилиб сармоя тўпладим. Ҳайдовчилик гувоҳномасини қўлимга олганимдан сўнг йиғиб қўйган маблағимга машина сотиб олдим. Аввал қишлоқнинг ўзида киракашлик қилдим. Ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтиб, лицензия олганимдан сўнг эса Косон-Қарши йўналишида ишлаяпман.
Статистик маълумотларга кўра, аёллар автомобиль бошқаришда эркаклардан кўра анча масъулиятли, эҳтиёткор ва ҳушёрроқ бўлади. Шунингдек, хотин-қизлар йўл-транспорт ҳодисаларига ҳам камроқ учрашади.
- Автомактабда кўп айтилган: пиёда доимо ҳақ, гарчи у ноҳақ бўлса ҳам, - дейди Фазилат Темирова. - Қоидани кўпроқ машина бошқараётган киши билиши ва тўлиқ амал қилиши лозим. Кези келганда, у пиёданинг хатосини тўғрилаш, ҳаётини сақлаб қолиш учун ҳам масъул.
Зиммасидаги масъулиятни чуқур ҳис этиб, аҳолига намунали хизмат кўрсатиб келаётган Фазилат Темировага "Йўлингиз бехатар бўлсин", дея тилаб қоламиз.
Шоҳиста БОЗОРОВА
Собир НАРЗИЕВ олган сурат.