Меню

Қашқадарё

27.08.2021 2490

ЖУДА БАЛАНДПАРВОЗ БЎЛИБ КЕТГАНМИЗ...

Сараланган сатрлар

Рус адиби Владимир Кунин қаламига мансуб "Балойи нафс" қиссасида фоҳишалар ҳаёти ҳақида ҳикоя қилинади."Оббо, шу етмай турганди ўзи, буёқда маънавият, ахлоқ деб бонг уриб ётибмизу, топган мавзусини қаранг буни, қолаверса, буёғи мустақиллик байрами бўлса, истиқлол ҳақидаги китоблар ҳам кўп эди қоғоз қоралашга" деяётгандирсиз. Гап шундаки, юқоридаги асар сиртдан қараганда енгил табиатли кимсалар ҳақида, бироқ унда собиқ иттифоқнинг ўзига хос қиёфаси чизилганига нима дейсиз?! Ваҳоланки халқимиз оз эмас, кўп эмас, нақ 70 йил ўша тузум тузини тотди, танглайи коммунизм шиорлари билан кўтарилганлар ҳам кам бўлмаган ҳар ҳолда.

"Узоқ йиллар давомида энг кўп сотилган китоблардан бири "Балойи нафс" қиссасида собиқ иттифоқ даврининг фожиали ҳаёти акс эттирилган. Ленинградлик Таня Зайцева мисолида енгилтак аёлларнинг қисмати, ўша даврда бошқа давлатларда оддий ҳолат саналган валюта айирбошлаш орқали қамалиб кетган инсонлар тақдири, қоғозбозлик, ҳар бир гап-сўз, хатти-ҳаракатдан шубҳаланадиган ва ўз халқи вакилига ишонмайдиган куч ишлатар тизимнинг зулми, ўз жонига қасд қилган она тимсоли ўқувчини қайғуга солади. Аммо бу ҳам ўша даврдаги ҳақиқий ҳаётчалик даҳшатомуз эмас", дейилади китоб аннотациясида.

Хуллас, Таня Зайцева танлаган йўли тўғри эмаслигини англаб, ҳаммасини қайтадан бошлашга, эҳтимол янги, яхши ҳаёт қуришга аҳд қилади. Швед кишиси турмуш қуриш таклифини билдиргач, чет элга бориб, ўзи хоҳлаган бинойи турмушга эга бўлишни истайди. Аммо уни мамлакатдан осонликча чиқариб юборишади, дейсизми?

Никоҳдан ўтгани тўғрисида гувоҳнома, Швецияга таклифнома, анкеталар, тавсифномалар, сил касалликлари шифохонасидан, руҳий хасталиклар, тери-таносил касалликлари шифохоналаридан маълумотномалар. онасининг нотариус тасдиқлаган розилиги, 20 йил олдин ажрашиб кетган отасининг розилиги...

Отаси яшайдиган уйни қидириб борса, у пиёнистага айланган, ёш болалари ва тўшакка михланиб қолган хотини билан ўта абгор шароитда яшаётганини кўради. Отаси яшайдиган жойга қараб, "Қаҳрамон шаҳарнинг қоқ марказида одамлар шу аҳволда яшаса-я. Наҳотки бизнинг замонамизда мана шундай қашшоқлик, ғариблик бўлиши мумкин?!" деган фикр ўтади хаёлидан.

Отаси ароққа ружу қўйгани, инсоний фазилатларини йўқотгани билан ҳали эсини еб улгурмаган: қоғозга қўл қўйиши эвазига қизидан бир неча йил тирикчилик қилишга етадиган пул талаб қилади...

Натижада жирканч ва ғалати ҳолат юзага келади: пасткаш отанинг биргина имзо эвазига сўраган катта миқдордаги пулни топиш учун қиз яна фоҳишалик йўлига киришга мажбур бўлади...

Онасини эса мактабда қийин-қистовга олишган: "Қизингиз чет элликка турмушга чиқмоқчи, боз устига, ватанни тарк этмоқчи бўлаётганмиш. Бу бизни жиддий ташвишлантираяпти. Модомики, нон-туз берган ватанига садоқат руҳида тарбиялай олмаган экансиз, болаларни сизга ишониб топшира оламизми?"

Дарвоқе, биз енгил табиатли кимса деб айтаётган Таня, нақадар ҳайратланарли бўлмасин, шифохонада ҳамшира бўлиб ишлайди: қўли енгил, беморларнинг кўпи ўзларига у қарашини хоҳлашади. Унинг чет элга кетаётганини эшитган шифохона катталарининг боши қотган: "Яхши тавсифнома ёзсанг - кўзинг қаёқда эди, деб қийин-қистовга оладилар. Калтабинлик қилиб, кадрлар билан иш олиб бормабсиз, деган айб қўйишади. Ёмонлаб ёзадиган бўлсам, шундай бемаъни кимсани нима учун шу пайтгача жамоангизда ушладингиз, деб дакки берадилар".

Асарни мутолаа қиларкансиз, собиқ тузум давридаги эзилган, хўрланган, ҳаётда ўрнини тополмаган кишилар чизгиларига дуч келасиз.

Муаллиф ҳақида икки оғиз: Владимир Кунин 1927 йил Ленинградда кинорежиссёр оиласида туғилган. Бинобарин, ўзининг ҳам асарлари асосида 30 дан ортиқ фильм суратга олинган. "Балойи нафс" ("Интердевочка") қиссасини ёзишдан аввал валюта операциялари ва валютага сотиладиган суюқоёқларни назорат қилиш гуруҳида тўрт ой фаолият юритади. Балки шу сабабдир ўқувчи китобни фильм томоша қилаётгандай ўқийди.

Яна бир гап: Кунин 1994 йилдан қочоқ сифатида Германияда яшаган ва 2011 йилда Мюнхенда вафот этган.

Истиқлол, озодлик, ҳар инсоннинг эрки ўз қўлида бўлиши қанчалар улуғ неъмат. Мана нима учун юқоридаги асарни эътиборингизга ҳавола қиляпмиз...

* * *

...ҳар куни эрталаб институтга трамвайда борарканман, вагондаги эълонни ўқир эдим; "Учинчи автобус парки... Ҳайдовчилар курси... Ўқиш - тўрт ой. Ўқиш тугаганидан кейин уч юз сўм ва ундан ҳам кўп маош берилади". Мен эса кейинчалик бир юз йигирма сўм маош олиш учун беш йил ўқишим керак бўларди. Институт балога гирифтор бўлмайдими?

* * *

Дўконга кириб ўзимга керакли нарсаларни харид қилсам дейман, лаънати чайқовчилардан уч-тўрт баробар қимматига харид қилиш жонимга тегди!.. Дунёни кўрмоқчиман! Турли мамлакатларни... Телевидениеда эмас, "Время" программасида, "Киносаёҳатчилар клуби"да эмас. Телевизор орқали куракда турмайдиган бўҳтонларни вайсайдиганларнинг ёлғонлари жонимга тегди... Телешарҳловчилар беш йиллаб ана шу давлатларга канадай ёпишиб оладилар-да, Иттифоққа қайтиб келганларидан кейин бутун дунёга овоза қилганча зўр бериб қора чаплашга тушадилар.

* * *

Ким бугун ўзини бозорга солмаяпти? Ўз касбини, иқтидорини қимматроқ баҳода ўтказишга уринмаётган ким? Фазилатлари, афзалликлари учун ким мукофотдан бош тортмоқчи? Ёзувчи     нашриёт билан савдолашади, рассом чизган суратларини сотади, ихтирочилар ихтиролари учун тегишли улушларини албатта оладилар.

- Китоблар, ихтиролар ва тасвирий санъат асарлари халқнинг бахт-саодатига хизмат қилади, ахир! Жисмонан ва руҳан камолоти учун...

- Мана. Мана! - ғазабландим мен. - Жуда баландпарвоз бўлиб кетганмиз - фақат халқ, ер курраси, ҳаттоки фазо миқёсида фикрлашга кўникиб қолганмиз! Осмону фалакдан ерга тушиш йўқ. Ёлғиз инсоннинг шахси билан қизиқадиган мард йўқ!

* * *

Тасаввур қилинг-а, рассом узоқ йиллар тер тўкиб, ажойиб санъат асари яратди-да, ниҳоят эътиборга олиб, муносиб баҳолайдилар, деган умид билан яшай бошлади. Ҳақиқатан ҳам ана шундай кун келди: унга ҳатто халқаро кўргазмада қатнашиб, ўз асарини намойиш этишни таклиф қиладилар. Онаси эса: Ҳеч қанақа кўргазмага бормайсан! Суратинг ошхонамизда илиғлигича тураверсин!.. - деб туриб олади.

* * *

Балиқ ҳам сувнинг теранроқ жойини қидиради.

* * *

Кўҳна латифани биласизми? "Жора, балиқни қовур!" Балиқ қани? Э, қовуравермайсанми, балиқ топилади!"

* * *

"Стокгольмда бир рус кишидан: "Швециядан Россияга ўрта ёшлардаги зиёли аёлга нима олиб борганим маъқул?" деб сўрагандим: "Пастернак, Висоцкий, Цветаева", деб жавоб берди".

* * *

Куйлар эканман, тўққиз ва беш қаватли, бир пулга қиммат, хоналари товуқнинг каталагидай биноларнинг деразаларидан енгил-елпи режалаштирилган бинолар оралиғида музлаб ётган йўлакларга, янги қурилганига қарамасдан ғариб ва файзи йўқ маҳаллага - қадрдон уйим, қадрдон ватанимга назар ташлар эдим...

* * *

- Ватанни шундай аҳволда ташлаб кетишинг ўзи ҳам гуноҳи азим! Куприн билан Вертинский чет элдан она юртларига қайтиб келганларида ватандан кетиб, фожиали хатога йўл қўйганликларини умрларининг охиригача эътироф этганлар...

- Қиёслаган одамларингизни қаранг-у!.. Мабодо улар ҳам чет элга жўнаб кетиш учун мен каби минг машаққат билан ҳужжатларни расмийлаштирганда эди, қайтиш-қайтмасликлари борасида бирон нарса дея олмаган бўлардим...

* * *

"Бундай бемаъни қонун-қоидалар мавжуд мамлакатнинг фуқароси бўлишнинг ҳеч кераги йўқ! Бутун маданиятли дунёда валюта харид қилиб, сотиб ётибдилар - бунинг учун банклар, биржалар, давлатлар ўртасида рисоладагидай молиявий муносабатларнинг маҳобатли тизими йўлга қўйилган... Ва буларнинг ҳаммаси очиқдан-очиқ амал қилаётир. Сизларнинг мамлакатингизда эса нима учундир бундай қилиб бўлмайди!.. Бир давлатнинг пулини бошқа бир давлат пулига алмаштиргани учун наҳотки одамни қамоққа олиш керак?!"

НАСРИДДИН тайёрлади.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!