Меню

Қашқадарё

31.07.2018 1840

ЖОВЛИ МАЪЛИМНИНГ ТЕЛЕВИЗОРЧАСИ

Коллежга ўқишга кетган қизининг тешик этигидан сув сизади. Қандоқ юрган экан? Ойликкача икки ҳафта бор. Баҳром оёқлари яхлаб, увишиб бораётганини сезиб, электр печга яқинроқ сурилди.

Шу Гужумли маҳалласининг мўйловдор раиси жонига тегди-да ўзиям. Баҳром шу маҳалладан таҳририятга ёзилган шикоят асосида журналистик суриштирув ўтказган эди. Ҳудудга бориб, одамлар билан гаплашди, маълумот йиғди. Раиснинг нафси роса ҳакалак отган экан. Кам таъминланганларга ажратилган моддий ёрдам пулини таниш-билишларига ёзиб, ўзлаштираётгани аниқланди.

 Энди раис уч кундан бери таҳририятга қатнайди. Аллақандай сирли имо-ишоралар қиладими-ей, “бир пиёла чой”га судрайдими-ей... Нақ ёпишқоқ кананинг ўзгинаси. Ўн марталар тушунтирди: “мақолада маҳаллангиз аҳлининг холис фикри берилаяпти, бизни тинч қўйинг”, деди, қанийди гапга тушунса. Йўқ, ўзича тушунади: “энди-и-и укам, ўзингиздан қолар гап йўқ, иш бор жойда хато бўлади-да, бир иложини қилинг, хизмат бўлса, айтаверинг...” Шундоқ деб Баҳромнинг столи устида турган калькуляторни олиб, атрофга бир аланглаб олдию, бир-икки рақамни босиб, унга томон суриб қўйди. Баҳром секин кўз қирини ташлади: “500”. “Мўйлов”га ажабланиб қаради. У эса қўлини кўксига қўйиб, столдаги ҳужжатлар солинган жилдни унга томон суриб,  “эртага келаман” дедию ҳовлиқиб чиқиб кетди...

Баҳром кечгача столидаги ҳеч нарсага қўлини урмади. Юрагининг гупиллаши бутун залга эшитилаётгандай эди. Гўё жилд орасига кичкинагина портлатгич ўрнатилгану секундомер сўнгги сонияларни санаб чиқиллаётгандай... Апил-тапил курткасини кийиб, кўчага отилди...

Кечга бориб қор тўхтади. Булутлар тарқаб, ой чарақлади. Кечки овқат пайтида қизи яна этик деб ғингшиди. Овқатини ўйчан тарзда қўзғаб ўтирган Баҳромнинг қовоғи очилмади.

– Мана, дадамбой, мендан қолиб кетдингиз, – деди энди биринчи синфга бораётган ўғилчаси косасини столга тарақлатиб қўяркан. – Овқатимни ҳаммасини ичиб қўйдим. Энди полвон бўб кетаман. Шокир маълим ҳам телевизорчасида кўриб турипти. Эртага мени мақтайди.

Баҳром чўчиб тушди:

– Ким дединг?

– Шокир маълим... – деди бола унинг авзойидан чўчиб.

– Ўзингизнинг синфдошингизни эслолмаяпсизми, дадаси? – хотини косаларни йиғиштираётиб минғирлади. – Бобуржонингизни Шокир маълим ўқитаяпти. Раҳматли Жовли маълимнинг жияни-да. Тоғасига тортган. Зўр маълим барака топкур...

***

“Шокир маълим... Жовли маълим...”

Ёшлигидан салгина гўл, салгина қўрқоқ эди.

Ўшанда Баҳром ҳам бошланғич синфда ўқитган (ингичка овозда чўзиб “О-о-омо-о-о-он, ли-и-и-мо-о-о-он” дея жон куйдириб томоқ йиртишлари ҳеч эсидан чиқмайди) Жовли маълимининг “уйда шаҳардан обкелган сеҳрли телевизорчам бор, ҳаммаларинг нима қилаётганларингни кўриб тураман”, деб қилган беозор пўписасидан чўчиб юрарди.

Ўша пайтлар қишлоқда маълим деганлари нақ фариштага қиёс қилинарди-да. Бир куни далада Жовли маълимнинг иштаҳа билан макарон еяётганини кўриб, “Шу одам ҳам овқат еркан-да?” деб болалар билан қанча ҳайратланиб юришгани эсида.

Кўз олдига фақат бир нарса келарди – ана, маълим уйидаги дарсхонасида стол устига мук тушиб, ранг-баранг чироқлари липиллаб ёниб-ўчаётган кичкинагина сеҳрли телевизорчасига термулиб қараб турибди, ҳар замонда канал алмаштирадиган қулоғини қарсиллатиб бураб, антеннани силкитиб қўяди: Жўраниям, Шокирниям, Ойимхолниям, Жамиланиям – синфидаги ҳамма-ҳамма болани кўриб турибди.

Якшанба куни онасини қақшатмасдан эрталабдан турдию, тарнов тагидаги пақирда юзини чайиб, молларнинг тагини куради, емини, сувини бериб, ҳовлига беш арава гўнг ташиб қўйди, сўнг қўйнига яримта нон, қўрда кўмиб ейиш учун тўртта картошкани тиқиб, қўйларни далага ҳайдади, чайласида қораси ҳам кўринмаётган Тиркаш буванинг бедапоясида боқмасдан сурувни  зовур четидаги янтоқзорга ёйди ҳамки хаёлида ўша телевизорча: “маълим ҳаммасини кўриб ўтирибди...”. Эртаси маълим “тарбиявий соат”да уни роса алқади: “Баҳромбой – меҳнаткаш бола, уйида ҳам ота-онасига ёрдам беради...”

Баҳром оғзи қулоғида мактабдан қайтаётганди. Ойша пистачидан думбул сотиб олди. Энди оғзига олиб борганида думбул қўлидан ғойиб бўлди. Орқасига ўгирилиб, куйдирилган калладай иржайганича думбулини ғажиётган Шоди найновга кўзи тушди.  Жовли маълимнинг жияни бўлган бу сурбет бола ўтганнинг ўроғини, кетганнинг кетмонини тортиб оладиган безори эди. 

– Бер, бер думбулимни, – найновнинг қўлига беҳуда осилиб йиғлай бошлади Баҳром. Найнов парво ҳам қилмай уни силтаб юборди. Баҳром тупроқ йўлга йиқилиб, чангга беланди. Найнов думбулни еб бўлиб, сўтасини унинг шапкасига қистириб,     беўхшов ҳиринглади:

– Ана, ярашди, ҳақиқий Сўтақўзи бўлдинг... Куёвбола! Хўш, кимни оласан? Жамиланими, Ойимхолними?

– Маълимга айтаман, – тилига келган биринчи гапи шу бўлди унинг. – сени кўриб туриптилар.

Найнов ажабланиб атрофга қаради. Нарироқда турган пистачи ва икки қизалоқдан бошқа ҳеч ким йўқ эди.

– Қани маълиминг? Қани?

– Телевизорчанинг олдида. Думбулимни олганингни кўриб туриптилар...

Найнов бир муддат анқайиб турди. Сўнг бирдан хохолаб юборди. Ёшланиб кетган кўзларини кир дастрўмолига артиб, боланинг бошига нуқиди:

– Э-э-э, Сўтақўзи, Шокир икковингнинг баччалигинг қолмапти-ку, ҳали шу гапга ишониб юрибсилами? Маълимингни шалоғи чиққан телевизори Нашванд мастерникида ётипти...

Ўзи ҳам думбул экан-да ўшанда. Ишонмади. “Бўлиши мумкин эмас. Жовли маълимдай одам алдайдими?”

Найновнинг укаси, ўзи билан бирга ўқийдиган Шокир билан китоб олгани Жовли маълимникига борганида ўғринча ҳамма хоналарга разм солди. Телевизорча кўринмади. Шокирдан сўради. У елка қисиб “балким чордоқдадир, бизага кўрсатармидилар”, деб қўйди. Шокирнинг гапи тўғри, деб ўйлади. Шундоқ нарса ҳамманинг кўзи олдида турадими?

Кейинги гал келганларида маълим уларга чордоқдан эски китобларини тушириб беришларини сўраб қолди. Шокир иккаласи ялт этиб бир-бирларига қарашди. Сўнг томга суялган қийшайган нарвонга тирмашишди. Чангга беланиб, бутун чордоқнинг тит-питини чиқаришди. Йўқ. Ҳафсалалари пир бўлиб шалпайиб қайтиб тушишди.

– Қани? – Жовли маълим уст-бошини қоқаётган Шокирдан сўради.

– Нима? – анграйди Шокир.

– Нимага чиқувдинглар ўзи? – маълим энди Баҳромга ўгирилди. – Шундоқ чиққанларингда эски чемоданда турипти деб айтувдим-ку...

Кейинги сафар баҳона топиб ертўла, омборхона, сомонхона, молхона, ҳатто ҳаммомгача бурун суқиб чиқишди…

– Шоди акам тўғри айтипти,  – пичирлади эртаси куни дарс пайтида Шокир катта кўзойнагини йилтиратиб. – Кеча Жовли тоғам мактабдан мени мотоциклининг лулкасига миндириб обқайтувди. Йўлда мастерникига кирдик. Тоғам телевизорим тузалмадими, деб сўради. Нашванд тоғанинг айтишича, тўртта лампаси куйган эмиш. Шаҳардан обкеса, тузатиб бераркан...

Шу куни уйига қайтиб, ғалати бўлиб қолди. Гўё оёқ-қўлларига боғланган кишанлар ечиб юборилгандай эди. Кийимларини енгу пойчасини тескари қилиб улоқтирди. Сигирга одатдагидай тўйгунича эмас, номигагина ярим пақир сув тутди. Синглисининг чиройли рангли қаламларини тортмадан ўғирлаб, шкаф орқасига яшириб қўйди. Онасини бир соат жавратиб, кейин эринибгина қўйларни ҳайдади. Шундоқ ариқ бўйидаги бедапояга бошқардию кесакдан дарвоза ясаб, тўп тепаётган тенгдошларига қўшилди. То кунботарда эшагини қичаб ҳайдаган Тиркаш бува йўнғичқанинг тупроғини чиқарган қўйларини қувлаб чиқаргунича... Кечқурун отаси сўкиб, дамлаб қолган икки қўйнинг изидан бутун маҳалла бўйлаб югуртирди. Баҳромнинг тили осилиб қолса ҳам, негадир хотиржам эди. “Телевизорчанинг лампаси куйган...”

Аммо фароғати кўпга бормади.     

– Телемастер запчас топипти, – деди мол боққани чиққан Шокир алланечук тушкун аҳволда. – Тоғам кеча телевизорини уйига обкетди...

Бир ҳафталар яна одамбашара бўлиб қолишди. Душанба куни тушдан кейин болалар билан ариқбўйига мол боқишга чиқишганида Жўра қўтир   эчкиларини олдига солиб, ирғишлаб келиб қолди.

– Қараб тур, – деди сирли равишда. Сўнг ҳеч ким тагига тўкилганини ҳам олишга ботина олмайдиган, шанғиллаганида овози бутун қишлоқни тутадиган Норой чечанинг олмасига тирмашди. Энг баланд шохига чиқиб силкитди. Қип-қизил олмалар дувиллаб ерга тўкилди.

– Эсинг жойидами? – Баҳром атрофга аланглаб қочишга чоғланди. – Маълим ўлдиради.

– Але-оп, – дорбоз болалардек ерга сакраган Жўра олмалардан бирини олиб ғарчиллатиб тишлади. Иккинчисини Баҳромга отди. Олма бошига тарсиллаб тегса ҳам Баҳром ҳамон меровланиб турарди. Жўра энди бедапояни кесиб ўтиб, намойишкорона Тиркаш буванинг чайласи томон кетди.

– Тентак бўпти бу, – Шокир бармоғини калласига тираб бураб Баҳромга кўрсатди.

Жўра бир зумда қўлида катта тарвуз билан пайдо бўлди. Шундоқ болаларнинг тумшуғи ёнида тарвузни ерга ташлаб ёрди-да, “юраги”ни суғуриб олиб, оғзига тиқди. Лунжидан тарвуз сувини оқизиб, ғолибона кулимсиради.

– Емайсанлами?

– Томинг кетдими сени? – Баҳром бир унга, бир ерда ётган тарвузга қараб анграйди. – Маълим...

– Маълиминг кўриб бўпти, – қийшанглади Жўра. – Хоҳласам, чиллак ўйнайман, хоҳласам, ланка тепаман, хоҳласам “мак-мак”... Яна қурилишнинг иккинчи қаватидаги деворда дорбоз юриб кўрсатайми? Маълим энди ҳеч нарсани кўролмайди.

– Соғ эмас бу, – Шокир тарвузга тармашган эчкини нари ҳайдаб.

– Ўзларинг жинни, ўзларинг тентак, – ҳиринглади Жўра. – Маълим ҳаммангни аҳмоқ қилиб юрипти. Кеча отамдан сўрадим. Маълим билан ошна-ку. Телевизорчаси сеҳрли-пеҳрлимасакан. Оддий ўзимизникидай “Весна” телевизор экан. Кеча отам билан ўша ерда “Фантомас”ни кўрдим, “Ахборот”ни кўрдим, “Время”ниям кўрдим...

– Қ–қ–қандай? – тили зўрға айланиб ғўлдиради Баҳром. – Маълим ҳам алдайдими?

Шу-шу “озодлик”ка чиқди.

Аммо аллақандай аламзада бўлди-қолди...

***

– Бўлди, ойи, жавобини айтманг, ўзим ечаман мисолимни, – ўғилчасининг овозидан чўчиб тушди Баҳром. – Маълим кўриб турибдилар...

“Жовли маълим... Шокир маълим... Телевизорча... Телевизорча... Телевизорча...”.

Кечаси билан алаҳлаб чиқди.

Туш кўрибди.

Жовли маълими мўйлов қўйган эмиш. Негадир оёғига Баҳромнинг қизининг йиртиқ этигини кийиб олганмиш.  Тишлари такиллаб, дағ-дағ титрармиш.

Баҳромнинг ишхонасидаги столидан компьютерни ағдариб ташлаб, ўрнатиб олган ранг-баранг чироқчалари липиллаб ўчиб-ёнаётган телевизорчасига термулиб ўтирганмиш, ҳар замонда ёнидаги антеннасини силкитиб-силкитиб қўярмиш.

Атрофида синфдошлари Жўра, Шокир, Ойимхол, Жамила... кейин... ўғли, қизи, хотини... думбул ейишаётганмиш...

Бир пайт телевизорчада “500” деган рақам пайдо бўпти. Рақам худди насос билан дамланаётгандай катталаша бошлабди. Экрандан чиқиб худди ҳаво шаридек бутун зални тўлдириб шишаверибди, шишаверибди... Худди Тиркаш буванинг бедасини еб, дамлаб қолган қўйларидек...

Ерда ётган калькулятордан эса ўғилчасининг аллақандай чийиллашга қоришиқ овози чиқармиш: “ўн, тўққиз, саккиз, етти, олти, беш...”

Нуриддин ЭГАМОВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!