Меню
Қашқадарё
Жорий ўқув йилида ТАТУ Қарши филиалида бакалавриатга 560 нафар, магистратурага 16 нафар талаба қабул қилинади
Матбуот анжумани
Қарши шаҳридаги “Журналистлар уйи”да Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети Қарши филиали томонидан “2022/2023 ўқув йилида олий таълим муассасалари бакалавриати ва магистратураси қабул жараёнларида яратилган имкониятлар, 2022/2023 ўқув йилида кутилаётган ўзгаришлар” мавзусига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Таъкидланишича, ахборот технологиялари соҳасида етук мутахассис кадрлар тайёрлайдиган ТАТУ Қарши филиалида таҳсил олаётган 1987 нафар талабага 81 нафар малакали профессор-ўқитувчилар таълим бермоқда. Илмий салоҳияти 35 фоизни ташкил этади. Филиалда 2018-2019 ўқув йилидан бошлаб дарс машғулотлари халқаро тажриба асосида кредит-модуль тизими асосида олиб борилмоқда.
Давлат-хусусий шериклик асосида филиалда талабалар учун 400 ўринли талабалар ётоқхонасини қуриш ишлари бошланган. Ҳозирги кунда филиал таркибида 1 та академик лицей ва 2 та техникум фаолият юритмоқда.
2022/2023 ўқув йили учун Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети Қарши филиалида 576 та квота ажратилган бўлиб, шундан кундузги таълим шакли учун 385 та (120 та давлат гранти, 265 та тўлов-контракт), сиртқи таълим шакли учун 175 та (175 та тўлов-контракт), магистратура мутахассислиги учун эса 16 та (16 та давлат гранти)ни ташкил этади.
Филиалда абитуриентлар ва уларнинг ота-оналарига қулайлик яратиш ҳамда қизиқтирган саволларига тезкор жавоб бериш мақсадида “Call-markaz” ташкил этилган бўлиб, фуқаролар душанбадан шанбагача соат 8.00 дан 18.00 гача марказ билан боғланиб, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишлари мумкин.
Матбуот анжумани қизғин савол-жавоблар асосида ўтди.
Шоҳиста БОЗОРОВА