Меню

Қашқадарё

29.08.2024 1418

Жорий йилда вилоятда янгидан 3 турдаги юқори технологик кардиожарроҳлик амалиёти бажарилди

Тиббиёт ва ислоҳот

Таъкидлаш жоизки, бутун дунёда юрак-қон томир касалликлари йилдан-йилга ёшариб бормоқда. Илгари бундай хасталиклар асосан қарияларда қайд этилган бўлса, ҳозирда 20 ёшли инсонларда ҳам миокард инфаркти, артериал гипертония, юрак ритмининг ўткир бузилиши каби касалликлар учрамоқда. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш, аҳолига кўрсатилаётган кардиологик ва кардиожарроҳлик хизматлари сифатини яхшилаш, ҳудудларда юрак-қон томир касалликларини барвақт аниқлаш ва самарали даволаш ишларини кенгайтириш, беморлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази (РИКИАТМ) Қарши филиали томонидан тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Айни кунда тиббиёт муассасамизда беморларга жами 200 дан ошиқ даволаш ва диагностика хизматлари кўрсатилмоқда. Эътиборлиси, кейинги йилларда соғлиқни сақлаш тизимини рақамлаштириш бўйича амалга оширилган ислоҳотлар натижасида марказ фаолиятида бир қатор ижобий ўзгаришлар кузатилиб, амбулатор ва стационар шароитда даволанувчи беморларнинг касаллик тарихлари электрон шаклда юритилмоқда. Бу эса, ўз навбатида, беморларга тез ва сифатли тиббий хизмат кўрсатиш имконини бераётир. Таъкидлаш жоиз, 2024 йилнинг олти ойи давомида филиалда стационар ва амбулатор шароитда 22 минг нафарга яқин аҳолига тиббий хизмат кўрсатилди.

Юқори технологик кардиожарроҳлик амалиётларнинг 217 таси Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ҳисобидан амалга оширилди

Жорий йилда филиалда 3 турдаги юқори технологик кардиожарроҳлик амалиётлар - орттирилган митрал клапан нуқсонларида чап бўлмачанинг атриопластикаси, орттирилган митрал ва уч табақали клапан нуқсонларида BEND (қайишқоқ ҳалқа) пластикасини қўллаш ҳамда ўткир аортал синдромда аортанинг кўтарилувчи қисмини протезлаш амалиётлари янгидан амалга оширилди.

Шунингдек, 2024 йил 6 ойи давомида жами 1678 та (2023 йилнинг 6 ойига нисбатан 45 фоиз кўп) юқори технологик кардиожарроҳлик амалиётлари амалга оширилиб, шундан 1473 та ёпиқ ва 205 та очиқ турдаги кардиожарроҳлик амалиёти бажарилган. Уларнинг 217 таси Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ҳисобидан амалга оширилди.

Натижада вилоятимиздан пойтахтдаги ва хорижий давлатлардаги клиникаларга бўлган мурожаатлар сони камайиб бормоқда. Шу билан бирга филиалимизга республикамизнинг бошқа вилоятлари аҳолисидан ташқари қўшни давлатлар фуқаролари ҳам мурожаат этишмоқда. Шу тариқа филиал фаолияти Қашқадарёда ички ва ташқи тиббий туризм ривожланишига туртки бўлмоқда.

Хорижлик мутахассислар билан маҳорат дарслари

Тиббиёт ходимларининг эзгу мақсад йўлидаги саъй-ҳаракатлари, туну-кун эл ғамида меҳнат қилиши эвазига шифокорлик касби бугун ўзининг юксак мақомига эришди. Аҳолининг унга ишончи, меҳри ва ҳурмати ортди. Ўз ўрнида тиббиёт тизими ходимлари ҳам изланиш, тажриба ва маҳорат орттиришда замон билан ҳамнафас одимлаб бормоқда.

РИКИАТМ Қарши филиалида 2024 йилнинг ўтган 6 ойи давомида етакчи хорижий тиббиёт муассасалари мутахассислари билан бирга 35 та маҳорат дарси амалга оширилди. Улардан 23 таси очиқ турдаги, 12 таси эса ёпиқ турдаги амалиётлар ҳисобланади.

Қувонарлиси шундаки, чет эллик мутахассислар томонидан бажарилган амалиётларнинг деярли барчаси Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси орқали амалга оширилмоқда.

Ёш кадрларга эътибор

Маълумки, ҳар қандай соҳа, хусусан, тиббиётнинг ҳам истиқболи кадрлар салоҳиятига боғлиқ. Зеро, энг замонавий аппаратлар ва сўнгги технологиялар ёрдамидан фойдаланиш имконияти кенгайган бир пайтда шифокорларда уларни самарали қўллаш малакаси етарли бўлмаса, кутилган натижа чиқмайди. Шундан келиб чиқиб, филиалда айниқса ёш мутахассисларнинг малакасини чет элнинг нуфузли клиникаларида давлат бюджети маблағлари ҳисобидан оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жорий йилда ёш мутахассисларимиз Ҳиндистоннинг Гужорат штатида жойлашган Rhythm Heart Institute шифохонасида малакаларини оширишди.

Телемедицина алоқаларининг ташкил этилиши

Таъкидлаш лозимки, филиалда кадрлар салоҳиятини ошириш, жаҳондаги илғор даволаш-диагностика усуллари, кам инвазив муолажа турларини амалиётга жорий қилиш доимо диққат марказида турибди. Ўз вақтида малакали тиббий ёрдамни вақтида кўрсатиш мақсадида 2024 йил 6 ойи давомида 68 маротаба (2023 йилга нисбатан 6 фоиз кўп) телемедицина алоқалари ташкил этилди. Шундан, 16 таси Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази билан, 52 таси туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари билан амалга оширилди.

Юрак-қон томир касалликлари скрининги

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 26 январдаги "Юрак-қон томир касалликларининг олдини олиш ва даволаш сифатини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига асосан соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғинида аҳоли билан бевосита маҳаллада ишлайдиган тиббиёт бригадалари ва оилавий поликлиникалар ролини тубдан ошириш ҳамда юрак-қон томир касалликларини эрта аниқлаш ва уларнинг олдини олиш мақсадида 40 ёшдан ошган аҳолини бирламчи тизим ходимлари билан биргаликда йилига камида бир марта манзилли скрининг текширувларидан ўтказиш белгиланган. Ушбу қарор ижроси доирасида РИКИАТМ Қарши филиалининг туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаларига бириктирилган масъул ходимларидан иборат ишчи гуруҳлари туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмаларига бориб, 40 ёшдан ошган аҳолининг юрак-қон томир касалликлари скрининги жараёнлари қандай ташкил этилганлигини ўрганиш билан бирга, йўл қўйилаётган камчиликларни бартараф этиш, скринингни ташкил этиш билан боғлиқ жараёнларга иштирок этиб келишмоқда. Тиббиёт бирлашмаларининг бирламчи бўғин ва скрининг учун масъул ходимларига маҳорат дарслари ўтилди.

Олиб борилган хатловлар жараёнида 2024 йил ҳолатига кўра вилоятда 40 ёшдан ошган аҳоли сони 920 минг 306 нафарни, "Д" назоратда турган аҳоли сони 77 минг 167 нафарни ташкил этади. Скринингдан ўтиши лозим бўлган жами аҳоли эса 843 минг 139 нафарни ташкил этиб, жорий йилнинг олти ойи давомида 593 минг 590 нафар аҳоли скрининг текширувдан ўтказилди. Натижада 137 минг 725 нафар кишида юрак-қон томир касалликлари аниқланди.

Соғлиқни сақлаш ривожи йўлидаги улкан мақсадларни ўз вақтида рўёбга чиқариш филиалимизда меҳнат қилаётган 46 нафар шифокор ва 140 нафардан зиёд ўрта тиббиёт ходимларининг шарафли бурчидир. Бизга давлатимиз томонидан яратиб берилаётган замонавий тиббий хизматдан аҳолининг барча қатламини баҳраманд этиш ва халқимизни рози қилиш вазифаси юкланган экан, барчамиз баҳамжиҳат бўлиб, имкониятларни тўлиқ ишга солиб меҳнат қилсак, "саломатлик посбони", деган улуғ номга муносиб бўлишга, халқимизнинг ишончи ва меҳрини қозонишга албатта эришамиз.

Яшин АХМАТОВ,

Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Қарши филиали директори

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!