Меню

Қашқадарё

05.04.2024 6034

Жорий йилда Шаҳрисабзда “Боқий наволар – қадимий созлар” халқаро мусиқа фестивали ўтказилади

Матбуот анжумани

Қарши шаҳридаги Журналистлар уйида ОАВ вакиллари, журналист ва блогерлар учун навбатдаги матбуот анжумани ташкил этилиб, маданият бошқармасининг 2024 йилда амалга ошириладиган истиқболли режалари ҳақида батафсил маълумот берилди.

Бошқарма бошлиғи Исоҳ Тўраев таъкидлаганидек, жорий йилда Қарши шаҳридаги Наврўз ва Одина мажмуаси хиёбонларида аҳоли, айниқса ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари учун “Кўча мусиқаси” лойиҳаси рўёбга чиқарилиб, унинг доирасида маданият ва санъатга ихтисослаштирилган таълим муассасалари ўқувчиларининг расмлар кўргазмаси ташкил этилади.

- Жорий йилда давлат буюртмаси асосида 2 та спектакль саҳналаштирилади, - деди Исоҳ Тўраев. – Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими Элмурод Боймуродовнинг “Мақом” йўналиши бўйича маҳорат мактаби фаолияти йўлга қўйилади. Шаҳрисабз шаҳрида “Боқий наволар – қадимий созлар” халқаро мусиқа фестивалини ҳам ўтказиш режалаштирилмоқда. Шунингдек, ҳудудлардаги маданият ва истироҳат боғларида, очиқ майдонларда дорбозлар, полвонлар, цирк жамоалари иштирокида “Майдон томоша” санъати намойишлари уюштирилади. Вилоят бўйлаб Сирдарё, Жиззах, Навоий, Фарғона вилоятлари, Тошкент шаҳрининг маданияти кунлари,  Маданият вазирлиги томонидан “Маданият карвони” шаклида концерт-томоша тадбирлари ўтказилади. Шаҳрисабз шаҳри Амир Темур хиёбонида “Кўча санъати ва мусиқаси” лойиҳаси амалга оширилади.

Матбуот анжуманида таъкидлангандики, жорий йилда Кўкдала туманида 49-сонли маданият маркази фойдаланишга топширилади. Шунингдек, 4 та маданият маркази учун замонавий енгил конструкцияли бинолар қуриш ҳамда 20 та маданият маркази лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёрланиб, 2025-2030 йиллар давомида мазкур лойиҳалар асосида биноларни қуриш, таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари амалга оширилади.

Матбуот анжуманида ОАВ вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга тўлақонли жавоблар олишди.

Шоҳиста БОЗОРОВА

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!