Меню

Қашқадарё

28.03.2022 1381

Жорий йилда Қашқадарёда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида қандай ишлар бажарилади?

Долзарб рақамлар

Вилоятимизда 2022 йилда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида 30 та қишлоқ ва маҳаллада қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларини молиялаштиришга барча манбалар ҳисобидан қарийб 460 миллиард сўм йўналтирилади.

Давлат раҳбарининг шу йил 18 мартдаги қарори билан тасдиқланган мақсадли параметрларга кўра, ушбу маблағнинг асосий қисми республика бюджети (302,3 миллиард сўм ёки 65,7 фоиз) ҳамда маҳаллий бюджет ва унинг қўшимча манбаларидан (87,7 миллиард сўм ёки 19,1 фоиз) ажратилади. Қолганини тармоқ корхоналари (53,5 миллиард сўм ёки 11,7 фоиз), уй-жой коммунал хўжалигини ривожлантириш жамғармаси (6,2 миллиард сўм ёки 1,3 фоиз) ҳамда ташаббускор тадбиркорлар ва аҳоли маблағлари (қарийб 10 миллиард сўм ёки 2,2 фоиз) ташкил этади.

Хусусан, жорий йилда Қашқадарёда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларини амалга оширишга “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти 49,7 миллиард сўм, “Ҳудудгаз таъминот” акциядорлик жамияти 220 миллион сўм, “Ўзбектелеком” акциядорлик компанияси 2,9 миллиард сўм, “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхонаси эса 744 миллион сўм сарфлайди.

Икки дастур бўйича вилоят миқёсида умумий узунлиги 582,7 километрга тенг ички кўчалар таъмирланиб, йўлларга шағал, асфальт-бетон ва цемент-бетон қопламалари ётқизилади. Ичимлик суви тизимини яхшилаш мақсадида 13 та янги сув иншооти барпо этилиб, яна 13 таси таъмирланади, 460 километр узунликда янги сув қувурлари тортилади, 5 километрда сув таъминоти тизими таъмирдан чиқарилади.

55 дона трансформатор ҳамда 398 километр масофада электр тармоқлари ва таянч устунлари янгиланади, реконструкция қилинади ва мукаммал таъмирланади. Аҳолига 551 дона суюлтирилган газ баллони тарқатилади. 147,8 километр оптик толали алоқа тармоқлари қурилади.

Маҳалла ва қишлоқларда 2 мингга яқин якка тартибдаги ва кўп қаватли уй-жойлар таъмирланади. 24 километр узунликдаги пиёдалар йўлаклари барпо қилинади ва тикланади, 636 дона кўча чироғи ўрнатилади. 50 та чиқиндихона қурилади ва таъмирланади, жойларда янги модуллар ва урналар қўйилади. 10 та суғориш қудуғи қазилиб, 30,6 мингта дарахт кўчати экилади. 

23 та маҳалла биноси таъмирланиб, 4 та савдо мажмуаси ва 4 та маиший хизмат шохобчаси қад ростлайди. Ижтимоий соҳа объектларидан 5 та мактабгача таълим ташкилоти, 24 та мактаб ва 12 та соғлиқни сақлаш муассасаси қурилади, таъмирланади ва реконструкция қилинади.

Умумий ҳисобда эса жорий йилда вилоятимизда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари билан жами 130 минг 640 нафар киши истиқомат қиладиган 24 минг 148 та хонадондан иборат 26 та қишлоқ ва 4 та маҳалла қамраб олинади.

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!