Меню
Қашқадарё
Жорий йилда Қамаши ва Нишонда тадбиркорлар хиёбонлари барпо этилади
Бизнес-инфратузилма
Жорий йилнинг охиригача республикамизнинг 23 та ҳудудида, шу жумладан, вилоятимиздаги Қамаши ва Нишон туманларида тадбиркорлар хиёбонлари ташкил этилади.
Мамлакатимиз Президентининг шу йил 23 январдаги “Савдо-саноат палатаси фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгиланганидек, бундай хиёбонлар тадбиркорлик субъектлари томонидан Савдо-саноат палатасига тўланган аъзолик бадаллари, жисмоний ва юридик шахсларнинг хайрия маблағлари ҳамда маҳаллий бюджетлар маблағлари ҳисобидан барпо этилади. У ерда тадбиркорлар, банк вакиллари, инвесторларнинг бизнес лойиҳаларини муҳокама қилиш ҳамда “B2B” тадбирлари ва “коворкинг” фаолияти учун қулай шарт-шароитлар яратилади, Wi-Fi зоналар бўлади. Айни пайтда фаол тадбиркорларнинг эришган натижаларини намойиш этиш мақсадида йил давомида кўргазмалар ўтказиб борилади. Хиёбонлардаги бино-иншоотлар Савдо-саноат палатасининг ҳудудий бошқармалари балансига ўтказиб берилади.
Қарор талаби бўйича республика ҳудудларидаги тадбиркорлар хиёбонлари бўш турган, самарасиз ишлатилаётган давлат кўчмас мулк объектлари негизида ташкил қилинади ва бу борадаги таклифлар мамлакат ҳукуматига икки ой ичида киритилиши лозим.
Ҳужжат иловасида келтирилган маълумотларга кўра, Қамаши ва Нишон туманларидаги тадбиркорлар хиёбонлари шу йил июль ойи якунига қадар ишга туширилади.
Умуман олганда эса, қарорда аҳолини тадбиркорликка жалб қилишни янада жадаллаштириш, тадбиркорлик ташаббусини амалга ошириш учун қулай ҳуқуқий, иқтисодий ва ижтимоий шарт-шароитларни таъминлаш, республикамиз тадбиркорлик субъектларининг халқаро ишбилармонлик ҳамжамиятига интеграциялашувини кенгайтириш борасидаги Савдо-саноат палатаси фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган яна бир қатор чора-тадбирлар жамланган.
Ўз мухбиримиз