Меню
Қашқадарё
ЖОРИЙ ЙИЛ ҒАЛЛАКОР ДЕҲҚОННИНГ ДАРОМАДИ ҚАНДАЙ БЎЛАДИ?
Қарор ва шарҳ
Айни кунларда вилоятимизда ғалла ўрим-йиғими мавсуми авж паллада. Бошоқли дон экинлари парваришлаб, бугун ҳосилни сарҳисоб қилишга киришган миришкор деҳқонлар иссиқни иссиқ, совуқни совуқ демай бажарган меҳнатлари самараси ўлароқ, яхшигина даромадга кўз тикишган. Фақатгина бу борадаги хомчўтлар аниқ рақамлар билан алмашиши учун нарх масаласига аниқлик киритиш қолганди. Ҳукуматнинг жорий йил 11 июндаги "2024 йил ҳосилидан буғдой харид қилиш ва ички бозорда нархлар барқарорлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори билан бунга ҳам ойдинлик киритилди.
Ҳужжатга асосан Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларининг 2024 йил ҳосилидан суғориладиган майдонларнинг ҳар гектаридан ўртача 2,5 тоннадан жами 2 миллион 550 минг тонна буғдойнинг, жумладан: 1 миллион 513 тоннасини фермер хўжаликлари ҳамда бошқа буғдой етиштирувчилар томонидан кейинчалик биржа савдоларида сотиш учун Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси (кейинги ўринларда - жамғарма)нинг тижорат вакилида вақтинчалик сақлашга қабул қилиш; 837 минг тоннасини товар буғдой давлат ресурси сифатида; 200 минг тоннасини уруғлик учун жамғарма маблағлари ҳисобидан харид қилиш тўғрисидаги таклифлари маъқулланган.
Маълум бўлишича, бунда энг кўп - жами 351 минг 600 тонналик хирмон қашқадарёлик ғаллакорлар ҳиссасига тўғри келади. Шундан 29 минг 500 тоннаси уруғлик учун қабул қилинса, қолгани товар буғдой ҳисобланади. Товар буғдойнинг 114 минг 800 тоннаси давлат ресурси сифатида харид қилинса, 207 минг 300 тоннаси етиштирувчилар томонидан кейинчалик биржа савдоларида сотиш учун вақтинчалик сақловга қабул қилиниши кўрсатилган.
Белгиланганидек, 2024 йил ғалла ҳосилидан бошлаб буғдойни сақлаш қувватига эга бўлган хўжалик юритувчи субъектлар жамғарма номидан буғдой етиштирувчилардан товар буғдойни харид қилиш, қабул қилиш ва сақлаш, шунингдек, харидларга юклаб жўнатиш ишларини амалга ошириш бўйича тижорат вакили ҳисобланади.
Қарор билан 2024 йил ҳосилидан вақтинчалик сақлаш, давлат ресурси ва уруғлик учун буғдойни қабул қилиш омборлари дислокацияси ҳам тасдиқланган. Унга кўра, қашқадарёлик миришкорлар томонидан етиштирилган ҳосил қуйида (жадвалда) номлари келтирилган субъектлар омборларида тегишли миқдорларда қабул қилинади.
Ушбу давлат ресурси сифатида ҳамда вақтинча сақлашга қабул қилинадиган буғдойнинг сифати, сақланиши ҳамда харидорларга юклаб жўнатилишида товар буғдойнинг сифати бўйича назорат Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси томонидан амалга оширилади.
Шунингдек, инспекция томонидан буғдойни қабул қилиш, сақлаш ва харидорларга юклаб жўнатиш жараёнида юзага келадиган табиий камайиш миқдорини дон қабул қилиш шохобчаларида 2 фоиздан ҳамда бош корхона элеватори ва омборларида 1 фоиздан юқори бўлмаслиги устидан доимий назорат ўрнатилади.
Қайд этиб ўтилганидек, буғдой етиштирувчилар ўз хоҳишига кўра, етиштирилган товар буғдойни вақтинча сақлаш учун белгиланган дислокациядан ортиқча топшириши мумкин. Бунда, ортиқча топширилган ҳосилни ҳам вақтинча сақлаш учун қабул қилингани каби 2025 йил 1 январга қадар сақлаш харажатлари жамғарма маблағлари ҳисобидан қопланиши кўзда тутилган.
Энди нарх масаласига ўтсак, қарорда давлат ресурси сифатида харид қилинадиган буғдой учун тўловлар 2024 йилнинг март-май ойларида Ўзбекистон Республика товар-хомашё биржасида (кейинги ўринларда - биржа) 3-синф буғдой учун шаклланган ўртача нархдан (ўртача котировкадан) келиб чиққан ҳолда буғдой топширилган кундан эътиборан икки ҳафта муддатда буғдой етиштирувчиларнинг махсус ҳисобварақларига тўлиқ ўтказилиши қатъий кўрсатиб ўтилган. Биржа тақдим этган маълумотга кўра, март-май ойларида биржа савдоларида сотилган 3-синф маҳаллий буғдой учун шаклланган ўртача нарх қўшимча қиймат солиғи (ҚҚС) билан биргаликда тоннасига 2 миллион 988 минг 434 сўмни ташкил этган.
Қашқадарё вилояти бўйича 2024 йил март-май ойларида биржа савдоларида сотиб олинган 3-синф маҳаллий буғдой учун шаклланган ўртача нархлар эса қуйидаги жадвалда келтирилган.
Уруғлик буғдой эса давлат стандарти талабларига мос бўлганда тайёрлаш корхоналари томонидан ҳар бир тоннасига 2024 йилнинг март-май ойларида биржада 3-синф буғдой учун шаклланган ўртача нархда: оригинал бошоқли дон уруғи учун 200 фоиз, элита учун 100 фоиз ва I-авлод (R-1) учун 65 фоиз миқдорида устама ҳисобланган ҳолда харид қилиниши қайд этилган.
Шунингдек, қарор билан вақтинча сақлашга қабул қилинадиган буғдойни биржа савдоларида сотишдан тушган маблағлар, биринчи навбатда, жамғарма маблағлари ҳисобидан буғдой етиштириш харажатларини молиялаштиришга ажратилган кредит ҳамда уруғлик буғдойдан юзага келган қарздорликни сўндиришга йўналтирилиши;
вақтинча сақлашга қабул қилинадиган буғдой биржа савдоларига ойма-ой график асосида қўйилишини инобатга олиб, 2024 йил ҳосили учун буғдой етиштириш харажатларини молиялаштиришга ажратилган кредитларни қайтариш муддати, истисно тариқасида, 2025 йил 1 январга қадар узайтирилиши белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига ва Марказий банкка 2024 йил ҳосилидан буғдой харид қилиш ва сотишда шаффофликни таъминланиши, тўловлар ўз вақтида амалга оширилиши ҳамда ажратилган кредитлар сўндирилиши устидан кунлик назорат ўрнатиш тавсия этилган.
Ўз мухбиримиз