Меню

Қашқадарё

12.07.2019 2135

"ЖОНАЖОН ЎЗБЕКИСТОНИМ, МАНГУ БЎЛ ОМОН!"

Халқимиз учун энг улуғ, энг азиз айём, эркин, обод ва фаровон ҳаёт қуриш йўлидаги барча ютуқ ва муваффақиятларимизнинг асосий манбаи бўлган Ватанимиз мустақиллигининг йигирма саккиз йиллигини катта тайёргарлик билан кутиб олиш, бу қутлуғ санани унинг моҳияти ва аҳамиятига, халқимизнинг фидокорона меҳнати, эзгу орзу-интилишларига муносиб тарзда нишонлаш мақсадида байрамга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича республика комиссияси таркиби тасдиқланди.

"Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!" деган бош ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда  тарғибот-ташвиқот ишлари дастурида 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси, шунингдек, "Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили" давлат дастури, "Обод қишлоқ", "Обод маҳалла", "Ҳар бир оила - тадбиркор", "Ёшлар - келажагимиз", "Беш ижобий ташаббус" каби муҳим дастур ва режалар доирасида олиб борилаётган туб ислоҳотларнинг маъно-мазмуни ва руҳи мужассам этилишига алоҳида эътибор қаратилади.

Чунончи, қарорда қайд этилганидек, охирги йилларда сиёсий-ижтимоий, иқтисодий муносабатларнинг мазмун-моҳияти, жамиятимиз қиёфаси бутунлай ўзгаргани, бу ижобий ўзгаришлар юртдошларимиз ҳаётида ўз ифодасини топаётгани, халқимизнинг турмуш даражасини, онгу тафаккури, билим ва маданиятини ошириш бўйича қилинган ишларни конкрет далил ва мисоллар, чуқур илмий таҳлиллар ва экспертлик баҳолари орқали мамлакатимиз ва халқаро жамоатчиликка етказиш муҳим аҳамиятга эгадир.

Шу мақсадда аҳолининг кенг қатламлари ўртасида маърифий учрашувлар, очиқ мулоқот ва суҳбатлар, адабий-бадиий кечалар, долзарб мавзулар бўйича фикр алмашувлар, маданий тадбирлар ўтказилиб, уларга таниқли олимлар, ижодкор зиёлилар ва санъаткорлардан иборат  тарғибот гуруҳлари жалб этилади.

Маданият вазирлиги Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси билан биргаликда юртимиз истиқлолини тараннум этадиган энг яхши қўшиқ ва мусиқа асарлари учун "Ягонасан, муқаддас Ватан!" республика танловининг якуний босқичини, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги эса Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси,  Бадиий академия, "Тасвирий ойина" ижодий уюшмаси ва бошқа тегишли ташкилотлар билан биргаликда "Энг улуғ, энг азиз", "Ранглар жилосида - она диёр", "Ватан учун яшайлик!" каби анъанавий кўрик-танловларни ўтказади.

Байрам тадбирлари оммавий ахборот воситаларида атрофлича ёритиб борилади.

Н.ХЎЖАЕВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!