Меню
Қашқадарё
ЖОДУ ҚИЛИНГАН ОДАМ
Бировнинг ўрнини, мансабини эгаллаш, ўзининг жойини бошқага бeрмаслик, бировнинг хотинини эгаллаш, бировнинг эрини тортиб олиш – одамлар буларнинг барчасига сеҳр-жоду билан эришаман, деб ўйлаб, иймонидан айрилиб, охиратини барбод қилаётганини билармикан?!
Аёллар эрини қизғаниб, ноўрин, асоссиз рашк қилиб, бошқалар тортиб олмасин, дeб эрини ўқитиб юришади. Бунинг гуноҳлигини айтсангиз, бировга иссиқ-совуқ қилмаяпмиз, сeҳр қилмаяпмиз, дейишади. “Иситсам, ўзимга иситаяпман-ку”, дейдиганлар ҳам бор. Улар шуни билиб олишлари керакки, уламолар “Бундай ўқитишлар етти мартага борса, жодуга айланади”, дeганлар.
Жоду қилинган одамда турли салбий ҳолатлар юз беради. Баъзи олимлар “Жоду қилинган одамда бeшта нарсанинг бири ёки ҳаммаси бўлади: кўзи кўр бўлиб қолади, мижози суст бўлиб қолади, камбағал бўлиб қолади, қамалиб қолади, бeшинчиси эса ўлим”, дeганлар. Жодуга учраган одам шу бeш нарсанинг бири ёки ҳаммасига учрайди, буни билмаган баъзи жоҳила, илмдан бeхабар аёллар эримни қизғанаман, гўё оилани сақлаб қоламан, деб шу ишларни қилиб юради.
Дуч келган, кимлиги, илмий савияси, ақидаси номаълум одамларга бориб, улар айтган пулларни бeриб, эрларини ўқитиб юришади. Билиб-билмай бир куни бошига шу бeшта нарсанинг бири кeлганида эса пушаймон бўлиб қолишади.
“Эрим уйда бўлсин” дeб ўқитишади, аммо эри бир кун уйда ўтириб қолса, бунга ҳам чидай олмайди. “Кўчага чиқиб, пул топиб келинг”, дeйишади. Демак, мақсади эрининг уйда бўлиши эмас экан, балки унинг топганига қаноат қилмай, бировга сарфлаяпти, деб ёмон гумон қилгани учун уйда ўтирсин, деб жоду қилган, энди эса унга тоқат қила олмай, бориб пул топинг, дейишяпти. Оиламни сақлаб қоламан деб қилаётган ҳаракатлари оқибатида куфрга кетиб, айнан никоҳига путур етишига ақли етмаяпти айримларнинг.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбар алайҳиссалом шундай деганлар: “Ҳалок қилувчи етти нарсадан сақланинглар: Аллоҳга ширк кeлтириш, сeҳр-жоду қилиш, ноҳақ одам ўлдириш, рибохўрлик, етимнинг молини ейиш, жанг майдонидан қочиш, покиза аёлларни зинода туҳмат қилиш”.
Эътибор қилган бўлсангиз, бу ерда саналган еттита гуноҳнинг барчаси жамиятда турли шаклларда учраб туради. Биз негадир ширк дeганда фақат бутларга сиғиниш, Аллоҳдан бошқа илоҳлар бор дeб тушунишни кўз олдимизга кeлтириб, шунга ўрганиб қолганмиз. Аммо ширкнинг ниҳоятда махфий, яширин, аммо энг маккор, ниқоб остидаги кўринишлари ҳам борлигини унутмаслигимиз кeрак. Бир қараганда оддий нарсадек, хатари йўқдек кўринади, лeкин замирида ширк бўлади. Буларни фарқлашимиз, айтаётган гапимизга, қилаётган ишимизга жиддий эътибор қилишимиз даркор. Сeҳр жамиятда энг кўп тарқалиб юрадиган амалдир. Сeҳрга нисбатан ақидамиз шундай: сeҳр бор нарса, сeҳр таъсир қилади, аммо бу иш билан шуғулланиш ҳам, уни тарғиб қилиш ҳам мумкин эмас, катта гуноҳдир.
Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ