Меню
Қашқадарё
ЖИЯНИ ҚАМАЛМАСЛИГИ УЧУН ТЕРГОВЧИГА 2 МИЛЛИОН СЎМ ТАКЛИФ ҚИЛДИ
Пора бериш такроран, хавфли рецидивист ёки илгари пора олиш, пора олиш-беришда воситачилик қилиш билан боғлиқ жиноятларни содир этган шахс томонидан амалга оширилса ва кўп миқдорда содир этилган бўлса - беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Пора бериш жуда кўп миқдорда, уюшган гуруҳ манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса - ўн йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилиб, порахўрлик ва тамагирлик каби салбий иллатларга қарши курашиш борасида қатор чора-тадбирлар белгиланган бўлишига қарамай айрим фуқаролар турли сабаблар билан пора беришга уринмоқда. Хусусан, биргина сентябрь ойида Чироқчи тумани ички ишлар ходимларига бир неча ҳолатда пора таклиф қилинган.
Биламизки, мавжуд қонунчиликка кўра, ресторан, кафе, бар, клуб, дискотека, кинотеатр, компьютер заллари, интернет хизматлари ва бошқа кўнгил очиш (дам олиш) жойларининг раҳбарлари ёхуд бошқа масъул шахслари томонидан вояга етмаган шахснинг тунги вақтда ота-онасидан бири ёки унинг ўрнини босувчи шахс кузатувисиз кўрсатилган муассасаларда бўлишига йўл қўйилмайди. Бироқ Чироқчи туманидаги "Жўрабек инвест" хусусий корхонаси раҳбари Ж.Тиловов ўзига тегишли "Маданият" тўйхонаси олдида жойлашган компьютер ўйинлари хонасида тунги соат 22:00 дан кейин вояга етмаганларга компьютер ўйнаш учун шароит яратиб бергани аниқланган. Профилактика инспектори Жонибек Маҳмудов мазкур ҳолатни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 1882-моддаси асосида расмийлаштирган.
Ж.Тиловов 2018 йил 12 сентябрь куни соат 16:30 лар атрофида профилактика инспекторининг хизмат хонасида бўлар экан, ўзига нисбатан тўпланган ҳужжатларнинг тегишли тартибда судга оширилмаслиги ҳамда уни жавобгарликдан олиб қолиши эвазига Ж.Маҳмудовга 450 минг сўм пулни пора тариқасида таклиф қилиб, хизмат столига қўяди. Шунга асосан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари томонидан ушланиб, унга нисбатан Жиноят кодекси 25, 211-моддаси 1-қисми билан 2 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
Яна бир ҳолатда фуқаро К.Бобожонов 2018 йил 16 сентябрь куни соат 21:30 лар атрофида, Чироқчи тумани ИИБ тергов бўлими бошлиғи Мақсуд Жовлиевнинг хизмат хонасига, жияни Н.Турсунов ва Ю.Қорабековнинг ўғрилик жиноят иши бўйича уларга нисбатан қўлланиладиган қамоқ эҳтиёт чорасини бошқа енгилроқ кўринишга ўзгартириб бериш ва ишни уларнинг фойдасига ҳал қилиб бериш учун 2 миллион сўм олиб келиб, столга қўйган пайтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари томонидан ушланган. Суд ҳукми билан К.Бобожоновга 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
Шунингдек, шу туманлик А.Каримов ҳам 2018 йил 9 сентябрь куни соат 16:30 лар атрофида, Чироқчи туман ИИБга қарашли 15-сонли ИИБ бошлиғи Н.Юсуповнинг хизмат хонасида, туман ИИБ тергов бўлими суриштирувчиси Жасурбек Пирназаровга, иш юритувидаги укаси Али Каримовнинг ўғирлик жиноят иши бўйича унга ёрдам қилиши ва ишни унинг фойдасига ҳал қилиб бериши эвазига 1 миллион 805 минг сўм пулни пора тариқасида таклиф қилган. Натижада А.Каримовга нисбатан ҳам жиноий иш қўзғатилиб, 2 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.
Шуни унутмаслик керакки, қонунчилигимизда бу борада ҳам қатор енгилликлар мавжуд. Бордию, шахсга нисбатан пора сўраб товламачилик қилинган бўлса ва ушбу шахс жиноий ҳаракатлар содир этилганидан кейин бу ҳақда ўттиз сутка мобайнида ўз ихтиёри билан арз қилса, чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, жиноятни очишда фаол ёрдам берган бўлса, у жавобгарликдан озод этилади.
Миржамол НАЗАРОВ,
Ўзбекистон Республикаси ИИВ Ўз хавфсизлиги бошқармаси вилоят
бўйича бўлими ходими