Меню

Қашқадарё

13.11.2020 1437

ЖИЯН БОШЛАГАН ЖАНЖАЛ ТОҒАГА ҚИММАТГА ТУШДИ

Нишон туманилик Озодбек ва Ином исмли ёш йигитлар бир қизнинг устида гап талашиб, жанжаллашиб қолишган эди.

Бу бир қарашда маҳалладош икки ўсмирнинг шунчаки тортишуви эди. Аммо йигитчалардан бири - Ином Пардаевнинг телефон орқали тоғаси Козим Диёровни чақириши натижасида кичик тортишув катта жанжалга айланиб кетди.

Аслида Козим Диёров оилали, тўрт фарзанднинг отаси, кичикларга насиҳат қилиб, уларни тўғри йўлга бошлаши мумкин бўлган ёшда эди. Аммо у жиянининг маҳалладоши Озодбек билан тортишиб қолганини эшитиб, унинг таъзирини бериб қўйишга ошиқди.

Бу пайтда Озодбек уйига жўнаб кетган эди. Шу боис тоға-жиян Озодбекнинг уйига бостириб бориб, сўнг уни гаплашиб олиш учун мактаб стадионига олиб чиқишди.

- Сен жиянимга "Зўрингни олиб кел, ўзим гаплашаман", деганмишсан. Қани мен билан гаплаш, - дея ўдағайлади Козим.

Озодбек аввалига бундай демагани, жанжал керак эмаслигини тушунтирмоқчи бўлди. Лекин Козим Диёров ва Иномнинг авзойини кўриб, таёқ ейиши мумкинлигини англагач, телефон орқали иккита ўртоғини ёнига чақирди.

 Шу куни жанжал иштиёқида ёнаётган Козим Диёров барибир ўз билганидан қолмади. Озодбекни калтаклаб уриб, унга тан жароҳати етказди. Шундан сўнггина кўнгли хотиржам тортиб, жияни билан бирга уйга қайтди.

Энди у суд томонидан тайинланган, иш ҳақининг йигирма фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 1 йилу 6 ой ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ўташга мажбур.

Ш.ҲАСАНОВ,

жиноят ишлари бўйича Нишон тумани суди раиси

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!