Меню

Қашқадарё

03.03.2022 1713

ЖИСМИДА НУҚСОНИ БЎЛГАН ШОҲ ҒАРИБ МИРЗО ҚАЙ АМАЛЛАРИ БИЛАН МАШҲУРЛИК ҚОЗОНДИ?

Адабиёт

Бойқаронинг жами ўттиз саккиз нафар фарзандидан кўпчилиги тарихда ҳеч қандай из қолдира олмади. Ғарибийнинг ҳаёти ва ижоди эса бугун АҚШ, Италия, Англия, Эрон ва Афғонистонда ўрганилмоқда.

Ғарибий тахаллуси билан ижод қилган зуллисонайн шоир Шоҳ Ғариб Мирзо (1470-1496) Султон Ҳусайн Бойқаронинг истеъдодли ва салоҳиятли фарзандларидан бири, Алишер Навоийнинг шогирди бўлган. Буюк мутафаккир "Мажолис ун-нафоис"да бор-йўғи йигирма олти йил умр кўрган соҳибдевон темурий шоир шеъриятига юқори баҳо бериб, "Шўх табълиғ ва мутасарриф зеҳнлик ва нозук тахайюллуқ ва дақиқ тааққуллуқ йигитдур. Назм ва насрда назири маъдум ва мутахаййила ва ҳофизада адили номаълум", деб ёзган.

"Фарҳод ва Ширин" достонида эса унга шундай таъриф беради:

Ғариб ўлғай ниҳоятдин  зиёда,

Бу янглиғ гулким ўлғай шаҳзода.

Қаю шаҳзода ул кони малоҳат,

Такаллум вақти дарёйи фасоҳат.

Фасоҳат бобида шаҳға қариб ул,

Бори шаҳлар фасиҳи Шоҳғариб ул.

Зиҳи нутқунг такалум вақти жонбахш,

Масиҳо янглиғ анфосинг равонбахш.

Не маъни бўлса диққатдин ниҳонинг,

Ҳал айлаб они табъи хурдадонинг.

Кичик ёшда қилиб табъинг шумора,

Хирад пирини тифли ширхора.

Сенинг зотингғадур бу сўз фуруғи,

Кичик ёшдин улуғларнинг улуғи.

Шеърияти Жомий ва Навоий томонидан эътироф этилган, туғма ногиронлиги (букри) бўлган Шоҳ Ғариб тўғрисида Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳам ўз "Бобурнома"сида тўхталган. Яъни, "Шоҳ Ғариб Мирзо ...табъи хўб эди. Агарчи бадани нотавон эди, каломи марғуб эди. "Ғарибий" тахаллус қилур эди, девон ҳам тартиб қилиб эди, туркий ва форсий шеър айтур эди. Бу байт анингдурким:

Дар гузар дидам парирўе шудам девонааш,

Чист номи, ў, кужо бошад надонам хонааш".

(Маъноси: Гузарда бир париюзни кўриб девона бўлдим, унинг исми нима, уйи қаерда эканини билмадим).

Умуман олганда, Ғарибий Навоий ижодидан таъсирланган, унинг ғазалларидан руҳланиб, гўзал мухаммаслар яратган. Тан олиш керакки, Ғарибийгача туркий адабиётнинг ҳеч бир вакили нисбатан кам жанрлар ёрдамида турлича усул ва образлар, анъанавий тушунча ва неординар, креатив тасвирлар, илоҳий ишқ ифодаси қаторида миллий кийимлар ва кундалик турмуш ташвишлари ҳолатларини қоришиқ ҳамда бадиий баркамол тарзда қўллаб, бу даражада юксакликка эришмаган. Яъни Ғарибийнинг ўзига хос адабий услуби ва йўналиши бўлган. Унинг Навоий ғазалига боғланган ушбу мухаммасида ҳам назмдаги маҳорати яққол намоён бўлади:

Тоиб эрдим бодадин мундин бурун мен бенаво,

Ногаҳон туштум харобат ичра бир мажлис аро,

Синдуруб тавбамни тутти май менга бир дилрабо,

Тавба айлаб эрдим, эй зоҳид, нетай тутти манго,

Лолагун май, бир узорин лолазор этган йигит.

Академик Ботирхон Валихўжаев "Низомиддин Мир Алишер (даври, замондошлари, ҳаёти, фаолияти, мероси)" номли мақоласида ёзишича, "Билимдонлик, таъб ва маънавиятда баркамол Шоҳ Ғариб Мирзо бошқа шаҳзодалардан ўткир зеҳнлилиги, хотирасининг кучлилиги, чуқур мулоҳазалиги, тож-тахтга қизиқмаслиги, ўқиш ва ижод қилишга кўпроқ мойиллиги  билан ажралиб турган".

Дарҳақиқат, ана шундай истеъдод соҳиби бўлган темурий шаҳзода кўп вақтини илмий ва бадиий адабиётларни мунтазам мутолаа қилиш, шеърий ва насрий асарлар ёзишга сарф этган. Хусусан, Алишер Навоий "Мажолис ун-нафоис"да маълум қилганидек, "(Шоҳ Ғариб Мирзо) девон жамъ қилибдур. Яхши матлаълари бу мухтасарға (яъни, "Мажолис ун-нафоис"га) сиғмас. Магар яна бир китоб битилгай".

Шундай қилиб, Ғарибий шеърияти ўзининг мазмуни ва бадиияти билан XV асрнинг иккинчи ярмидаги адабий жараёнда ўзига хос мавқега эга бўлган. Унинг туркий-ўзбек тилидаги ғазалларида отаси - Султон Ҳусайн шеърияти хусусияти анъаналарини давом эттиришга мойиллик кузатилади.

Шоҳ Ғариб Мирзонинг ғазаллари эл орасида ва шоирлар анжуманларида севиб ўқилган. Замондошлари таъриф қиладики, "Шоирлик ва хуштаъбликда машҳур бўлган. Туркий ва форсий назмни яхши айтар эди. Халқ ўртасида унинг шеърий девони машҳурдир. Туркийда унинг мана бу ғазали хонандалар томонидан куйланган:

Бир қора кўз бағритошнинг хоксоримен яна,

Кирса майдон ичра рашхининг ғуборимен яна.

Йиғладим чандонки, сели ҳар сори бўлди аён,

Гулруҳим ҳажрида абри навбаҳоримен яна.

Эй Ғарибий, оқса бағрим қони кўздин не ажаб,

Бир қаро кўз бағритошнинг хоксоримен яна.

Ўз даври анъаналаридан келиб чиқиб, темурий шаҳзодалар ҳузурида шоирлар иштирокида мушоира мажлислари ўтказилган. Шоир Оҳий узоқ йиллар Шоҳ Ғариб Мирзо хизматида бўлиб, уларда қатнашган. Шафиъий тахаллуси билан ижод қилган Зиё Табризий эса темурийзодага бағишлаб, машҳур "Шатранжия" номли қасида ёзган. Уни шаҳзода ҳузуридаги шеърият кечаларида ўқиган.

Албатта, Шоҳ Ғариб Мирзо ҳузурида ташкил этилган шеърият кечаларида Хуросоннинг машҳур шоирлари қатори Ҳазрат Навоий ҳам иштирок этган. Зеро, мутафаккир шаҳзодани ниҳоятда қадрлаган, унинг ижодини кузатиб борган, ўз насиҳатларини берган. Назм билан бирга жаҳон тарихи, илми нужум, илми тиб, адабиётни ҳам пухта ўзлаштиришни тавсия этган.

Ғарибий ҳам Навоийни устоз билиб, айтган ўгитларига амал қилган, ижоддаги анъаналарини давом эттирган. Ҳазрат шогирдининг адабий базмларида шаҳзода шеърларига ўз муносабатини билдириб турган. Айниқса,

"Тарки меҳр айлаб агарчи бўлди жонон ўзгача,

То тирикмен қилмагумдур аҳду паймон ўзгача,

То вафо айлаб, мени маҳрум қилди васлидин,

Айлади мен нотавон ҳолимни ҳижрон ўзгача",

деб бошланадиган ғазалини ўқиб, унга алоҳида меҳр қўйганини очиқ билдирган.

Шаҳзода вафот этганида шоирлар султони қайғу чеккан ва унга бағишлаб марсия ёзган. Унда ўша адабий базмларни ҳам зикр этган:

Тахт холи қолибон, базм паришон аҳвол,

Шоҳсиз базм била тахтқа не бўлғай ҳол...

Шеъру девони бу мотамда қаро айлаб юз,

Ўйлаким сўз боши, шингарфи доғи қолмай, ол...

Шиша қон ёш оқизиб, даф била най нола қилиб,

Базмининг ҳасратидин чанг куюб уд мисол...

Шуаро шаҳрда барча яқолар чок айлаб,

Тош уруб кўксига, ҳар ён чекибон вовайло.

Хулоса шуки, ёзувчи Умид Бекмуҳаммаднинг таъкидлаганидек, "Тақдир экан, Шоҳ Ғариб йигирма олти ёшида ҳаётдан кўз юмди. У илмли фарзанд, шоир бўлгани боис яратган ижоди туфайли номи барҳаёт. Хадичабегимнинг Шоҳ Ғарибдан бошқа яна тўрт фарзанди, Бойқаронинг жами ўттиз саккиз нафар фарзандидан кўпчилиги тарихда ҳеч қандай из қолдира олмади. Ғарибийнинг ҳаёти ва ижоди эса бугун АҚШ, Италия,  Англия, Эрон ва Афғонистонда ўрганилмоқда. Зеро, Шоҳ Ғариб шунга лойиқ инсон ва шоир бўлган." 

Шерхон ҚОРАЕВ,

филология фанлари бўйича (PhD) фалсафа доктори

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!