Меню
Қашқадарё
ЖИНОЯТЛАР СОНИ КАМАЙГАН, БИРОҚ...
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, депутатлар, давлат ҳокимияти ва бошқаруви, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар масъул ходимлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида ўтган тадбирда 2017 йилнинг ўтган даври мобайнида қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, жиноятчиликка қарши курашишни ташкил этиш борасидаги фаолият юзасидан вилоят прокурори Баҳодир Пўлатовнинг, шунингдек, вилоят ҳудудида жиноятчиликнинг олдини олиш ва уларнинг профилактикаси борасида амалга оширилаётган ишлар бўйича вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи Дилшод Турсунбоевнинг ахборотлари тингланди.
Қайд этилдики, Президентимиз бошчилигида соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли саъй-ҳаракатлар натижасида жорий йилнинг 11 ойида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан жиноят содир этиш ҳолатлари 841 тага ёки 17 фоизга камайишига эришилди.
Айни пайтда маҳаллаларда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича жамоатчилик институтлари билан ҳамкорликда олиб борилган кенг қамровли профилактик тадбирлар натижасида 62 та маҳаллада бирорта ҳам жиноят содир этилишига йўл қўйилмади.
Уйма-уй юриб аҳоли муаммоларини ўрганиш билан 1914 оиланинг нотинчлигига барҳам берилди, 899 ёш оила ажрашиб кетишдан сақлаб қолинди, маҳалла посбонларининг тезкор хабарлари ёрдамида 324 жиноят фош этилди. Албатта, ижобий ўзгаришлар кўп.
Бироқ, давлатимиз раҳбари томонидан ҳақли равишда эътироз билдирилганидек, катта умидлар билан бошлаган ишларимиз ҳанузгача кутилган натижаларни тўлиқ бераётгани йўқ.
- Вилоятда умумий жиноятчилик камайган бўлса-да, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан содир этилган оғир ва ўта оғир жиноятлар сони ўсган, - деди вилоят прокурори Баҳодир Пўлатов. - Таҳлиллар шуни кўрсатдики, биргина маҳалла фуқаролар йиғини қошидаги яраштирув комиссиялари фаолияти тўғри йўлга қўйилмагани ўта оғир жиноятлар, шу жумладан, қотиллик келиб чиқишига сабаб бўлган. Айрим ҳолларда бунга ички ишлар ходимларининг ўз хизмат вазифаларини лозим даражада бажармасликлари ҳам таъсир кўрсатган.
2017 йилнинг 16 ноябрь куни тунги соат 23:00 да Қарши шаҳридаги "Кеш клуб" ресторанида спиртли ичимлик таъсиридаги шахслар томонидан қотиллик жинояти содир этилганига ҳам қатъий назоратнинг йўқлиги сабаб бўлган.
Жойларда жамоат назорати етарли даражада йўлга қўйилмаганлиги, айниқса, вояга етмаганлар, ёшлар ҳамда аёллар ўртасида профилактик тадбирлар лозим даражада амалга оширилмаганлиги оқибатида улар ўртасида жиноятлар содир этилишига йўл қўйиб келинмоқда.
Хусусан, вилоятда жиноят содир этган аёллар сони 584 нафарни ташкил этиб, умумий кўрсаткичда салмоқли ўрин эгаллаган. Бу борада юқори кўрсаткич Қарши шаҳрида 164, Шаҳрисабзда 77, Яккабоғда 46, Чироқчида 45, Китобда 36 тани ташкил этган. Тан олиш керак, маҳаллада нотинч оилаларнинг муаммосини мунтазам ўрганиб бориш, уларни ҳал этиш, оила аъзоларини яраштириш чораларини кўриш, оиладаги ишсизликни бартараф этиш орқали моддий етишмовчиликка барҳам бериш аслида кимнинг вазифаси эканлиги унутиб қўйилди.
Ҳеч кимга сир эмас, ишсизлик биринчи навбатда жиноятчилик ўсишига сабаб бўлади. Жиноят содир этаётганларнинг ўртача 41 фоизи ишламасдан, ўқимасдан юрган шахслар эканлиги барчамизни ташвишга солиши керак. Бир ўйлаб кўрайлик: жиноят қачон камаяди? Қачонки одамлар ишли бўлса, даромад манбаига эга бўлса.
Бироқ маҳаллий ҳокимлик ва бошқа масъул идоралар томонидан меҳнат ярмаркалари ташкил этиш ва ишсиз фуқароларнинг бандлигини таъминлаш масаласига етарлича ёндашилмаяпти, бу борада ўтказилган бўш иш ўринлари ярмаркаларини ҳам талаб даражасида деб бўлмайди. Мисол учун, Миришкор, Қарши ва Деҳқонобод туманларида жорий йилнинг ўтган даврида атиги 2 маротаба иш ўринлари ярмаркаси расмиятчилик учун ўтказилган, холос.
Маълумки, давлатимиз раҳбари томонидан туман (шаҳар) ҳокимлари, ички ишлар идоралари ва ўзини ўзи бошқариш органларида ёшлар билан ишлаш бўйича ўринбосар штатлари ташкил этилди. Шунингдек, ёш авлодни тарбиялаш, уларнинг ҳаётда ўз ўринларини топишига кўмаклашиш мақсадида Ёшлар иттифоқи ташкил этилиб, уларга уюшмаган ёшлар билан ишлаш борасида ҳам аниқ вазифалар белгилаб берилганини эътироф этиш керак. Бироқ ёшларимиз томонидан жиноят содир этилиши салмоғи юқорилигича қолаётганини номлари келтирилган ташкилотлар мутасаддилари қандай изоҳлайди?
Ҳудудлар кесимида таҳлил этилганда, вояга етмаганлар жинояти Ғузор, Яккабоғ, Чироқчи, Китоб, Нишон туманларида кўпайган. Энг ачинарлиси, жорий йилнинг 11 ойида 23 нафар вояга етмаган шахс ўз жонига қасд қилган бўлиб, бу ҳолатлар Қамаши, Чироқчи, Шаҳрисабз туманларида ошган.
Вояга етмаганлар руҳиятида табиий ҳолатда ўзгаришлар содир бўлиши, мазкур жараёнда таълим ва тиббиёт муассасалари фаолияти самарали ташкил этилмагани ҳамда ота-она ва таълим муассасалари ҳамкорлиги етарлича йўлга қўйилмагани натижасида шу каби салбий ҳодисалар юзага келган. Мисол учун, вилоятдаги 22 та мактабда психологлар етишмайди, 536 тасида номутахассис кадрлар бу вазифани номига бажариб келмоқда. Ёки касб-ҳунар коллежларининг 11 тасида психологлар мутлақо фаолият кўрсатмаяпти.
Шу билан бирга, тиббиёт муассасаларида ўтказиладиган мажбурий тиббий кўриклар белгиланган талабларга мувофиқ ташкил этилмасдан, ҳатто мактабларда ўтказиладиган тиббий кўриклар жараёнида психиатрлар иштироки таъминланмаган.
Президентимиз жиноятни яшириш ҳолатига давлатга хиёнат даражасида эътибор қаратилишини таъкидлаган бўлса-да, ҳамон жиноятларни яшириш ҳолатларига чек қўйилмади. Шу йилнинг ўтган даврида ички ишлар тизими ходимлари томонидан 27 (2016 йилда 62) та жиноят ҳисобдан яширилган. Уларнинг 5 таси оғир турдаги жиноят эканлиги ачинарли ҳол.
Унутмаслик лозимки, халқимиз катта умид билан кутаётган ўзгаришларни амалга ошириш учун жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш керак. Аксарият ҳолларда на туман прокурори, на ички ишлар бўлими бошлиғи ҳар бир жиноят содир этилишининг туб сабабларига етмайди, уларнинг олдини олиш чораларини кўрмайди. Жиноят содир бўлганидан кейин бориб жазо қўллайди.
Шу боис, нафақат прокуратура ва ички ишлар, балки барча мутасадди идоралар, кенг жамоатчилик ҳуқуқбузарликларни барвақт аниқлаб, уларнинг олдини олиш ва профилактика қилиш фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган қатъий чоралар кўриши, бу борадаги камчилик ва нуқсонларни бартараф этишда фаол бўлиши зарур.
Тадбирда тегишли мутасаддиларнинг мазкур ахборотлар бўйича муносабати, келгусида бажарадиган чора-тадбирлари атрофлича муҳокама этилди. Шу асосда сессияда тегишли қарор қабул қилинди.
Б.ЎКТАМ