Меню
Қашқадарё
ЖИНОЯТГА САБАБ БЎЛГАН ХИЁНАТ
Қилмиш - қидирмиш
Хотини Суқсур билан қўшниси Тоҳирнинг (исмлар ўзгартирилган) ўртасида "бир гап бор" деб ўйлаётган Сардор уларни қандай бўлмасин бирга ушлаб олиш учун пайт пойларди.
Сардор Суқсурга қўл телефони олиб бергач, қалбидаги шубҳа янада аланга ола бошлади. Чунки хотинининг телефонига ўзи пул ташлагани учун унинг бир кунда қанча пул сарфлаётганини ҳисоб-китоб қилар, назарида хотини ким биландир яширинча, соатлаб гаплашаётган эди. Бунинг устига хотини телефондаги кириш-чиқиш қўнғироқларини ўчириб юборадиган одат чиқарди.
"Модомики бирорта қариндоши ёки дугонаси билан гаплашаётган экан, унда гаплашган рақамларини нима учун ўчириб юборяпти?" дея ўйлар, бу шубҳа тобора ич-этини емириб борарди. Шу боис хотинининг паспортини олиб, у мижоз бўлган уяли алоқа компаниясига келди. Лекин бу ердан гумонларига асос топмади. Уяли алоқа компанияси ходимлари унга "Бунинг учун абонентнинг ўзи келиши керак" деган гапни айтишди. Ноилож, ортига қайтган Сардор йўлда хаёлига келган фикрдан бироз жонланиб кетди. Йўл-йўлакай худди шундай қилишни миясида пишитиб олди.
Кечга яқин Қарши шаҳридан қишлоққа қайтиб, уйига кириб келар экан, хотинининг паспортини олдига отди.
- Телефонда ким билан гаплашишингни билолмайди, деб ўйлабмидинг, аҳмоқ? Номерларни ўчириб юборсам, буни билмайди, дедингми? Компаниядан аниқлаб келдим, анави Тоҳир билан гаплашар экансан. Хўш, қани энди айт-чи, у билан ўрталарингда нима гап бор?
Эрининг важоҳатидан бироз довдираб қолган, шу билан биргаликда, унинг компанияга бориб, ҳамма гапга аниқлик киритиб келганига ишонган Суқсур, қўшниси Тоҳирнинг рақамидан телефонига кириш-чиқиш қўнғироқлари бўлганини тан олмасдан бошқа иложи қолмади. Бироқ, шу билан бир қаторда, Тоҳир билан нима мақсадда қўнғироқ алмашилганини асослаб бериш учун ҳам ишонарли баҳона топди:
- Тоҳир аканинг қизи Гулноза билан телефонда гаплашиб турамиз, ўзаро гап-сўзларимиз бор эди, шунга телефон қилувдим, - деди аёл.
Шундан сўнг Сардор хотинини айблаш учун бошқа тузукроқ асос топа олмади. Лекин қалбига тикандек санчилаётган гумонлари уни тинч қўймаётган эди. Қандай бўлмасин, буларни қўлга туширишим керак, дерди ўзига-ўзи муштларини тугиб.
Халқимизда "Бир кун жанжал чиққан уйдан қирқ кун файз қочади" деган нақл бор. Сардор билан Суқсур ўртасидаги келишмовчиликлар, эрнинг хотинидан гумонсираши оилани ҳам аста-секин емириб борарди. Уларнинг ўртасидаги гап-сўзлардан хабар топган Суқсурнинг укаси Дилшод бир куни келиб, Сардорнинг ёқасидан олди. Аммо "Опанг билан Тоҳирнинг ўртасида нимадир бор, мен билмасам бундай қилмасдим" деган гапни эшитиб, опасига ёпишди. Унинг қўл телефонини тортиб олиб, кейин поччасига "Агар опамни бир марта Тоҳир билан кўриб қолсангиз, уни шу жойда ўлдириб ташланг" деб чиқиб кетди. Бу орада ўз айбининг ошкор бўлиб қолишидан чўчиган Суқсур Тоҳирнинг уйига бориб, унинг хотинига ёпишди.
- Эринг мен ҳақимда турли хил бўлмағур гапларни тарқатиб юрибди, унга айт, тилини тийиб юрсин, - деди дағдаға билан.
- Агар эрим чиндан шундай қилаётган бўлса, мен уни жиловлай олмайман, акаларингга айтиб, эсини киритиб қўй, - дейди чиндан ҳам Суқсурга ачинган аёл.
Хуллас, ана шу гаплардан кейин Сардор билан Суқсурнинг ўртасидаги миш-мишлар бутун қишлоққа ёйила бошлади. Кимдир "Аёлнинг ўзида бир гап бор, юриши бежо" деса, бошқаси "Тоҳир ўла қолсин, қирққа кирган эркак шу гапларни тарқатган бўлса" дерди. Яна биров эса тўрт болали хотинидан гумонсираётган Сардорни айблаб, қарғарди.
Бу гаплар Сардорни баттар жаҳл отига миндирар, Суқсур билан Тоҳирнинг ўртасидаги воқеаларга тезроқ ойдинлик киритишни ўйларди.
Ўша куни ҳам кеч соат 21:00 лар атрофида хотинини алдаб, уйдан чиқиб кетди:
- Мен бир жойга бориб келаман, озроқ ушланиб қолишим мумкин, кечиксам ётиб ухлайверинглар, - деб тайинлади у кетар чоғида. Суқсур тўрт боласи билан уйда қолди.
Сардор ўша куни ҳеч қаёққа бормоқчи эмасди. Шу боис бироз кўчада айланиб, кейин ҳовлисига яширинча кирди ва кўздан пана бир жойга ўтириб, атрофни кузата бошлади. Назарида хотини билан қўшниси учрашиши лозим эди.
Ҳа, адашмаган экан, орадан бироз вақт ўтиб, шу яқиндаги ариқдан томорқасига сув ҳайдаётган Тоҳирнинг уйи томонга қараб-қараб қўяётганини пайқаб қолди. Бор ғазабини ичига ютиб, уни унсиз кузата бошлади.
Тоҳир сув йўлини очиш баҳонасида аста-секин Сардорнинг ҳовлисига қараб қадам ташлади. Унинг ҳовлисига сув Сардорнинг дарвозаси ёнидан ўтиб борарди. Юраги ҳаприқиб кета бошлаган Сардор Тоҳирдан кўзини узиб, ўз уйига қаради. Хотини Суқсур ҳали ухламаган экан. Тоҳирнинг келаётганини у ҳам кўрган чамаси, тез-тез у томонга қараб олаётган эди. Шу вақт кутилмаган ҳодиса юз берди. Тоҳир тўғри келиб, Сардорнинг ҳовлиси ёнидаги ариқни тозалаш баҳонасида тўхтади. Суқсур эса, атрофга қарай-қарай, у томонга юрди.
Сардор бутун борлиқни унутганча уларга тикилар, тун қоронғилиги ҳам унинг ғазабдан қизарган кўзларига панд бера олмаётган эди. Ниҳоят, Суқсур Тоҳирнинг ёнига келди. Улар нималарнидир гаплаша бошлади. Кейин Тоҳир ҳам ўрнидан туриб, иккаласи сал нарироқдаги девор панасига ўтишди. Сардор воқеани яхшироқ кўриш учун ўтирган жойидан бироз силжиб, ўша томонга бўйин чўзди. Қулоғига эркак ва аёлнинг шивир-шивир овозлари эшитилар эди.
***
Шу лаҳзада Сардорни ҳеч қандай куч ушлаб қололмасди. Унинг кўзлари ғазабдан чақнар, хотини билан анави эркакни чавақлаб ташлашдан бошқа ҳеч нарсани ўйламасди. Шундай бўлса-да, воқеани янада ойдинлаштириб олиш учун ўша томонга яна бир бора бўйин чўзиб қаради. Шарму ҳаё чегарасидан ўтиб, шайтоний ҳирс ботқоғига ботиб бораётган икки вужуднинг бири шак-шубҳасиз хотини, иккинчиси қўшниси Тоҳир эди.
- Ўлдираман, - бўғиқ овоз билан ўзлари томонга отилиб келаётган эркак шарпаси "еттинчи осмон"да юрган Суқсур билан Тоҳирнинг ҳушини учирди. Аёл бир амаллаб ўзини йиғиштириб, уйга қараб қочди, Тоҳир эса катта ариқ томонга.
Сардор ариқ бўйига келганида Тоҳирга етиб олди. Шу ерда ётган темир бўлаги у учун айни муддао бўлди. Темирни кўтариб, ўзига ташланган Сардорга Тоҳир ҳеч қандай қаршилик кўрсата олмас эди. Бошига тушган биринчи зарбдаёқ гурсиллаб йиқилди. Иккинчи, учинчи, тўртинчи...
Сардор уришдан тўхтаганида Тоҳир аллақачон ҳаёт билан видолашган эди. Шу боис уни кўтариб, сувга отиб юборди-да, ҳеч нарса билмагандек уйига келди.
***
Бир чақирим наридаги ариқдан томорқага сув ҳайдайман, деб кетган Тоҳир эртасига тонгда ҳам уйига келмади. Эридан хавотир олган аёл ўғлини турткилаб уйғотди.
-Тур, даданг кеча томорқага сув ҳайдайман, деб кетганди. Ҳали ҳам келмабди. Сен бориб кел-чи...
Дадасидан хавотирланган Мақсуд ҳам ирғиб туриб, канал бошига келди. Бу ерда дадаси йўқ эди. Шундан сўнг, сўраб келиш учун амакисининг уйига борди.
"Сувга тушиб кетмадимикан?" дея хавотирга тушган амакиси югуриб канал бошига келди. Бу ерда ярми қонга беланиб ётган темир парчаси ва яна бир-икки жойдаги қон доғларини кўриб, хавотири ўринли эканлигига шубҳаси қолмади. Тезда шу атрофдаги кишиларни чақириб, туман ИИБга хабар беришди. Каналдаги сувни тўхтатишиб, оқим бўйлаб Тоҳирни излашга тушишди. Кўп ўтмай, канал ичидан қандайдир темир буюмга илашиб қолган эркак танасини топишди. Юз-кўзлари кўкарган, бошлари ёрилган бу тана Тоҳирники эди...
***
Тоҳирнинг шунчаки сувга тушиб кетиб, ҳалок бўлмаганлиги аниқ, унинг танасидаги жароҳатлар бу ишнинг жиноят эканлигини кўрсатиб турарди. Шу боис ҳолат юзасидан тезда жиноий иш қўзғатилди. Сўраб-суриштиришлар бошланди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, унинг Сардор билан келишмай келаётганлиги маълум бўлди. Ички ишлар ходимлари Сардорни қидириб, унинг уйига келишганида, Сардор ўрнидан сапчиб туриб, "Унга қўшиб сени ҳам ўлдиришим керак эди" деганча хотинига ташланди. Энди Тоҳирнинг қотили ким эканлигига ҳеч қандай шубҳа қолмади.
Шу ўринда бир мулоҳаза. Тўғри, Сардорнинг қилмишини оқлаб бўлмайди. У ўз ғазабини жиловлай олмай, одам ўлдиришдек жиноятга қўл урди. Умрининг узоқ йилларини темир панжара ортида ўтказадиган бўлди. Ваҳоланки, у бу ишни тинч йўл билан, қонуний ҳал этиши ҳам мумкин эди. Қолаверса, Суқсур билан Тоҳирга бу шармандаликдан ортиқ жазо бўлмасди. Сардорнинг ғазабига эрк бергани ўзига жабр бўлди, холос.
Суқсур билан Тоҳир-чи? Зинонинг энг оғир гуноҳлиги, бундай инсонларнинг икки дунёси куйиб кетиши ҳадисларимизда айтилган. Афсуски, Тоҳир билан Суқсур буни ўйлашмади. Оқибатда бири бу дунёни тарк этди, бири уят ва номусдан ундан-да баттар аҳволда қолди. Энг ачинарлиси, икки оила барбод бўлди. Бу номуссизлик уларнинг бегуноҳ фарзандларининг-да бошини эгиб қўйди.
Жиноят иши материаллари асосида Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ тайёрлади.