Меню
Қашқадарё
ЖИНОЯТЧИНИ ТОПМОҚЧИ БЎЛСАНГ, ҚИЛИНАДИГАН ЖИНОЯТДАН НАФ КЎРАДИГАН КИШИНИ АХТАР...
Дунё адабиёти хазинаси
Инсон саёҳатга чиқмасдан ҳам сайр қилиши, турли ўлкаларга бориши, ғаройиб воқеаларга "гувоҳ" бўлиб, ҳар хил инсонлар билан танишиши мумкин. Бунда унга моҳирона ёзилган саргузашт асарлар ёрдам беради. Ёзилганига салкам икки аср бўлганига қарамай ҳануз дунё китобхонларининг қўлидан тушмай келаётган Александр Дюманинг "Граф Монте Кристо" романи ана шундай асарлардан бири.
Аввало асар муаллифи ҳақида тўхталиб ўтсак. Француз ёзувчиси Александр Дюма 1802 йил 24 июль куни Виллер Котре шаҳрида таваллуд топган. У ўзининг адабий фаолиятини 23 ёшида, драматург сифатида бошлайди. "Изабелла Баварская" номли илк тарихий романини эса орадан ўн йил ўтиб, 1835 йилда эълон қилади. Шундан кейин уни романнавис сифатида дунёга машҳур қилган "Уч мушкетёр", "Йигирма йилдан сўнг", "Виконт де Бражелон" каби тарихий-саргузашт услубида ёзилган бир қанча романлари кетма-кет олам юзини кўра бошлайди. Бу асарларнинг қаҳрамонлари умумий бўлиб, улар асардан асарга кўчиб юрар, руҳиятларидаги ҳушчақчақлик, топқирлик, мағрурлик ва жасурлик, айни пайтда ҳар қандай ғовга қарши кураша олиш қатъияти билан бир-бирига ўхшаб кетарди. Жумладан, ёзувчининг "Граф Монте Кристо" асари ҳам айнан ўшандай - мардликни улуғлайдиган, инсонни енгилмасликка чорлаб, эзгу мақсадлари йўлида чекинмасдан ҳар қандай вазиятда олдинга интилиш лозимлигини тушунтирувчи асарлар сирасидандир.
"Граф Монте Кристо" фақат саргузашт билангина чегараланган, маълум бир қолипгагина мослаштирилган асар эмас. Роман руҳида саргузаштдан ташқари фантастика ва романтика, фалсафа ва психология мисоли эшилган ипдай чирмашиб, уйғунлашиб кетади. Қолаверса, асар жумлалари ниҳоятда равон, сюжети жумбоқли, воқеалар ривожи шу қадар шиддатлики, ўқувчи бир дам бўлса-да, зерикишга, китобни қўлидан қўйиб тин олишга улгурмайди. Ортда қолаётган саҳифалар аро енгилгина кўчиб борар экан, ўқирман ҳаётнинг мураккаб жиҳатларидан, яшаш талаб қиладиган оғриқли ва азалий қонуниятлардан йўл-йўлакай хабардор бўла боради.
Бошқа кўпгина асарларда бўлгани каби, мазкур китобда ҳам асосий ғоя эзгулик ва ёвузлик ўртасидаги азалий баҳсга қаратилган. Муаллиф ёвузлик қанчалик ҳадсиз бўлмасин, эзгуликнинг ҳам арқони узун эканини, бир кунмас-бир кун у албатта зафар қозонишини ҳаётий мисоллар ёрдамида кўрсатиб беради. Асар давомида бир неча бор учрайдиган, қайсидир маънода асар ғоясининг ўқ илдизи бўлиб хизмат қилган "Кутмоқ ва умид қилмоқ керак" жумласи бу гапимизнинг инъикосидир. Бироқ асар биргина шу нуқтаи назар билан, яъни ёвузликнинг эзгуликдан тубан туришини исботлашга уриниш билангина чекланмасдан, шу ёвузликни келтириб чиқарадиган асосий сабабларни ўрганишга ва бундан ўқувчини огоҳ этишга ҳаракат қилади. Асардаги "Ёвуз одамларнинг жонини Худо ҳам тезгина олмайди, чунки ёвуз одамлар Худога бошқа осий бандаларини жазолаш учун керак" қабилидаги жумлалардан ҳам, биз ҳозиргина айтиб ўтган ўша маънони ва ундан анча чуқурроқ бўлган мазмунни тушунса бўлади.
Асар воқеаларини эслаганда, воқеалар марказида турадиган Эдмон Дантес ҳаётига алоҳида тўхтаб ўтмасдан илож йўқ. Шу ўринда савол туғилади. Оддий денгиз матроси бўлган соддадил йигит қандай қилиб қудратли шахсга айлана олди? Кўпгина ёвузлар қатори яхшиларни ҳам ямлаб юбораётган бу бешафқат ҳаёт нетиб уни бунчалик юксакка кўтарди? Фақат соддадиллиги ё яхши инсон бўлгани учунми? Йўқ, албатта! Гап шундаки, Эдмон Дантесда аввало сўнмас ирода бор эди. У иродаси шу қадар кучли бўлгани учун ҳам ўзини қуршаб келган ёвузликка мослашибгина қўя қолмади, Франц Кафка таъбири билан айтганда - ўз муҳитининг қурбонига айланмади. Аксинча, шу ёвузлик билан курашга киришди. Ўзига нисбатан ҳасад ва ғараз, адоват ва зулм қанчалик ортса, қалбида буларга бўлган зиддиятлар ҳам шунчалик орта бошлади. Ва шу зиддияту қарама-қаршиликларнинг натижаси ўлароқ, руҳи қайралиб, баркамоллаша борди.
Асар воқеаларининг давоми ва асардаги қаҳрамонларнинг қизиқарли кечмиши билан китобхон мутолаа жараёнида танишиши мумкин. Биз эса "Граф Монте Кристо" асаридан эътиборни тортадиган айрим жумлаларни келтириб ўтмоқчимиз:
* * *
- Биринчидан, мақсадга эришиш йўлида сизнинг нақадар кўп куч сарф қилганингиз ҳақида ўйлаяпман. Эркинликда қандай ажойиб ишлар қилишингиз мумкин эди!
- Ҳеч нима қилмаган бўлишим ҳам мумкин эди. Мен ақл идрокимни майда-чуйда нарсаларга сарф қилиб қўйган бўлур эдим. Фақат бахтсизлик киши ақлининг яшириниб ётган бойликларини очиб ташлайди, ҳаракатга солиб юборади. Порохни портлатиш учун сиқиш керак.
* * *
- Ҳуқуқ фанида, - деди у сукутга ботиб. - Оқилона бир аксиома бор, буни сизга айтиб берган эдим. Мудҳиш ниятлар бузуқ хулқдан келиб чиқади, бошқа вақтларда инсон жиноятдан ўзини четга тортади. Бироқ цивилизация инсонда яхшилик туйғуларини бўғиб ёмонликка олиб борувчи сунъий талаб, иллат ва истак борлигини ошкора этиб ташлади. Бундан шундай қоида келиб чиқади: жиноятчини топмоқчи бўлсанг, қилинадиган жиноятдан наф кўрадиган кишини ахтар...
* * *
- Худо ҳаққи, титроқ босаяпти мени, - деди Дантес. - Наҳотки жаҳонни инсон эмас, шер ва тимсоҳ каби ваҳший ҳайвонлар босиб кетган бўлса?!
- Худди шундай, аммо икки оёқли шер ва тимсоҳлар ҳамма ҳайвонлардан ҳам хавфли бўлади.
* * *
- Жуда чуқур бўлмаса-да, асосан ўрганиб оласиз. Ўрганиш - билим олиш дегани эмас албатта. Биладиганлар бор, олимлар бор, биринчилари - ёд олувчилар, иккинчилари - файласуфлар.
- Фалсафани ўрганиш мумкин эмасми?
- Фалсафани ўрганмайдилар, фалсафа - орттирилган билимлар билан юксак ақл мажмуаси, фалсафа - Исо пайғамбар осмонга кўтарилиб оёқ босган ёрқин булут.
* * *
Азиз дўстим, шуни билиб қўйингки, дунёда ҳамма нарса, ўз меросхўри - ўринбосарига йўл бермайдиган қиролдан тортиб, то штатдан ташқари мирзага йўл бермайдиган идора хизматчисигача - ҳаммаси нисбий. Қирол дунёдан ўтса, унинг наслдоши ўрнини эгаллайди, идора хизматчиси дунёдан ўтса, ўрнини мирза эгаллайдию, минг икки юз ливр маошини санаб олаверади. Қиролга йигирма миллион керак бўлганидек, у ана шу минг икки юзга муҳтож. Ҳар бир киши ижтимоий ҳаёт зинапоясининг бошидан тагигача ўз шахсий манфаатлари доирасида яшайди. Унинг Декарт оламидаги сингари бўронлари ва атомлари бўлади. Юқорига яқинлашган сари бу доира кенгайиб бораверади...
* * *
- Фойдаси йўқ, - деди бош чайқаб Фариа. - Бироқ майли, қабул қила қолай бу шифобахш дорини, Худойим ўзи яратган инсонга ҳаёт ва яшашга чексиз муҳаббатни ҳам ато этган экан, инсон ана шу азиз ҳаётини сақлаш учун қўлидан келган ҳамма чораларни қилмоғи керак, бу Худонинг амри.
Байрам АЛИ