Меню

Қашқадарё

21.11.2017 1814

ЖИНОЯТЧИЛИКНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ - БАРЧАНИНГ ИШИ

Бундай иш услуби давлатимиз раҳбари ва ҳукуматимиз томонидан қабул қилинаётган, аҳоли турмуши фаровонлигини оширишга қаратилган муҳим норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси, шунингдек, юқори ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга эга дастур, истиқболли лойиҳаларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлашга хизмат қилаяпти. Бир сўз билан айтганда, мазкур тизим юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар мазмун-моҳиятини ҳар бир фуқарога етказиш, уларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини рўёбга чиқаришга кенг имкон яратмоқда.

Барча жойларда бўлгани каби вилоятимизнинг Чироқчи туманида ҳам ишлар шу зайлда ташкил этилган. Ҳудуддаги маҳалла ва қишлоқлар 4 секторга бўлинган. Туман давлат солиқ инспекцияси бошлиғи раҳбарлигидаги 4-секторга жами 21 та маҳалла фуқаролар йиғини бириктирилган. Бугунги кунда ушбу ҳудудда 27 минг 451 аҳоли хонадони мавжуд.

Айтиш жоизки, сектор раҳбари бошчилигида ҳудудда аҳолининг турмуш тарзини ўрганиш, уларга кўмак бериш, жиноятчиликнинг олдини олиш, унга шароит яратаётган омилларни аниқлаб бартараф этишга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Куни кеча 4-сектор штаби жойлашган иқтисодиёт касб-ҳунар коллежида сектор аъзолари, ҳудуддаги маҳалла фуқаролар йиғинлари фаоллари иштирокида йиғилиш ўтказилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 15 ноябрь куни мамлакатимизда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида белгиланган вазифалар ижроси, бу борада мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида билдирилган фикр-мулоҳазаларга тўхталиб ўтилди. Президентимизнинг “Тартиб-интизом ва масъулиятни кучайтириш, жиноятчиликнинг олдини олиш муҳитини мустаҳкамлаш – ҳуқуқбузарлик профилактикаси самарадорлигининг асосий омилидир” мавзусидаги маърузасида кўтарилган масалалардан келиб чиқадиган вазифалар ҳақида фикр билдирилди. Бу борада ҳудудда қилиниши керак бўлган ишлар, мавжуд вазиятга баҳо берилди.

Маълумотларга кўра, ушбу секторга бириктирилган маҳалла ва қишлоқларда жорий йилнинг ўтган даври мобайнида жами 95 та турли тоифадаги жиноят содир этилган. Бу эса жойлардаги маҳалла фуқаролар йиғинларида олиб борилаётган ишлар етарли эмаслигидан далолат беради. Бу масала юзасидан профилактика инспекторлари ҳисобот бердилар. Ишлар самарадорлигини ошириш борасида барчани ҳамкорликка чақирдилар. Шунингдек,  айрим оилаларнинг нотинчлигига сабаб бўлган масалалар муҳокама қилинди.

Тадбирнинг кейинги қисмида Чироқчи тумани давлат солиқ инспекцияси бошлиғи раҳбарлигидаги 4-секторга қилинган мурожаатга кўра ҳудуддаги имконияти чекланган фуқароларнинг 5 нафарига ногиронлик аравачалари ва озиқ-овқат маҳсулотлари берилди.

Хулоса шуки, секторлар фаолияти ташкил этилгани ҳудудларни ривожлантириш жараёнига таъсир кўрсатиш, аҳолининг турмуш тарзини янада яхшилашга хизмат қилаётгани билан аҳамиятлидир.

 М.ШУҲРАТОВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!