Меню
Қашқадарё
ЖИНОЯТЧИЛИККА ҚАРШИ БИРГАЛИКДА КУРАШАМИЗ
Ўқув машғулотлари Ички ишлар вазирлиги малака ошириш институти профессор-ўқитувчилари томонидан олиб борилиб, ички ишлар органлари фаолиятига оид долзарб вазифаларга, уларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятига, соҳага оид янги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг талаблари билан таништиришга ва улар асосида хизмат фаолияти самарадорлигини оширишга эътибор қаратилаётир. Қайд этиш лозим, ўтган давр ичида ўқув йиғинларида 11 мингга яқин ходим қатнашиб, ўз малакасини оширди.
Машғулотлардан сўнг ҳудудий ички ишлар органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича кенгашлар билан ҳамкорликда маҳаллаларда "Жиноятчиликка қарши биргаликда курашамиз" мавзусида тарғибот тадбирлари ҳам олиб борилди. Унда тинчлик ва осойишталикнинг қадрига етиш, хавфсизликка таҳдидларни "ўзиники" ва "ўзгаларники" деб ажратишдан воз кечиш, ҳар бир маҳаллани жиноятчиликдан холи ҳудудга айлантириш каби мавзуларда сўз юритилди.
- Бугунги кунда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг фаолият мазмуни бутунлай ўзгариб, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишнинг мутлақо янги тизими яратилди, - дейди институт бошлиғи, юридик фанлар доктори, профессор Нуриддин Норматов. - Айни пайтда, ҳуқуқбузарликларнинг оқибати билан курашиш эмас, балки ноқонуний ҳаракатлар содир этилишининг барвақт олдини олиш долзарб вазифага айланди. Ёшлар, айниқса вояга етмаганлар томонидан турли жиноят ва ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олиш борасида белгилаб берилган вазифаларни бажариш институтимиз жамоасининг ҳам асосий вазифасидир.
Тадбир доирасида кам таъминланган, ёлғиз кексалар, ички ишлар органлари тизимида узоқ йиллар самарали меҳнат қилиб, бугунги кунда нафақада бўлган фахрийлар ҳолидан хабар олинди.
- Бу йил 75 ёшга тўлдим, - дейди ички ишлар фахрийси, истеъфодаги подполковник Очил Ражабов. - Соғлиғим ёмонлашиб, бир оёғимдан айрилиб ногирон бўлиб қолганман. Тизим фахрийлари, ходимлар доим йўқлаб туришганидан хурсандман.
Сайёр ўқув йиғинлари бугун ўз якунига етади.
Н.ХЎЖАЕВ